Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Фракция аъзолари ва мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирокида ўтказилган йиғилишда «Органик маҳсулотлар тўғрисида»ги, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 378-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги, «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги каби бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин баҳс, мунозараларга сабаб бўлди.
Таъкидланишича, мазкур қонун лойиҳаси Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021 — 2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури тегишли банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Қонун билан амалдаги Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар бўйича бир қатор тушунчалар киритилмоқда. Жумладан, кодекснинг саккизинчи бўлими “Коррупцияга оид жиноятлар” деган янги атама билан тўлдириляпти.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан коррупцияга оид жиноятлар учун жазо чораларини янада кучайтириш таклиф этилмоқда. Хусусан, Жиноят кодексининг 167- ва 168-моддаларида кўрсатилган жиноятлар мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилса, ушбу моддаларнинг оғирроқ қисмига ўтказилиб, мазкур қилмишлар учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда. Шунинг билан бирга, 210-212-моддаларнинг учинчи қисми санкцияси оғирлаштирилиб, 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда. Кодекснинг 205, 206, 208, 209 ва 301-моддалардаги жиноятлар “ғаразгўйлик” ниятида содир этилса коррупциявий жиноят ҳисобланиши белгиланиб, мазкур ҳаракатлар учун оғирроқ жазолар назарда тутилмоқда.
Ўрни келганда айтиш жоиз, 2018 йилда 1907 нафар, 2019 йилда 1339 нафар ва 2020 йилда 1723 нафар, 2021 йилнинг 9 ойида эса 1872 нафар мансабдор шахслар коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликка тортилган. Уларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2018 йилда 500,1 млрд., 2019 йилда 1,858 трлн., 2020 йилда 500,1 млрд., 2021 йилнинг 9 ойида эса 658 млрд. сўм моддий зарар етказилган.
Қизғин муҳокамалардан сўнг барча қонун лойиҳалари депутатлар томонидан маъқулланди.
Йиғилишда фракция фаолиятига доир масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати