Конституция – тараққиётимиз асоси

 

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, фуқароларнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, демократияга асосланган ривожланган давлат барпо этиш, хорижий давлатлар билан дипломатик алоқаларни йўлга қўйиш ва бошқа бир қанча долзарб вазифалар кун тартибига чиқди.

Асосий мақсадлардан яна бири – давлатнинг асосий қонуни бўлган Конституцияни қабул қилиш эди.

Халқимизнинг фикр ва таклифларини инобатга олиш ҳамда Конституциянинг халқчиллигини таъминлаш мақсадида икки марта умумхалқ муҳокамасидан ўтган лойиҳа асосида 1992 йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, 8 декабрь – умумхалқ байрами сифатида нишонланиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳиятида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий ва ҳуқуқий мероси, умумбашарий демократик қоидалар акс этгани унинг нуфузи ошиши ва халқчиллигини таъминламоқда. Мустақиллигимизнинг ўтган 30 йили давомида Конституциямиз бош қонун сифатида демократик давлат, очиқ фуқаролик жамиятини барпо этишда муҳим аҳамият касб этиб келаяпти. Шунинг баробарида, Асосий қонунимиз асосида қабул қилинган бир қанча қонунлар, қонуности ҳужжатлари эса давлатимизнинг миллий қонунчилик тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Фуқароларимизнинг Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ, манфаатлари, эркинликлари, бурч ва мажбуриятларидан хабардор бўлишлари, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, сиёсий дунёқарашини ривожлантириш мақсадида тизимли чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Хусусан, таълим муассасаларида ҳуқуқий фанларни ўқитишни жорий этиш, оммавий ахборот воситаларида Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, ушбу мавзуда давра суҳбатлари, мулоқотлар ўтказиш ишлари шулар жумласидандир.  

Маълумки, демократик жамиятни барпо этишда фуқароларнинг табиий ва ажралмас ҳуқуқларини алоҳида белгилаш, улардан эркин фойдаланишини таъминлаш долзарб масала ҳисобланади. Шу мақсадда ижтимоий муносабатлар “фуқаро – жамият - давлат” кўринишида амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Халқ манфаатлари биринчи ўринга қўйилганлиги эса, жамиятдаги ижтимоий муносабатларнинг инсонийлашувига хизмат қилмоқда.

Давлат ва жамият ҳаётидаги ўзгариш ва воқеликларга халқимизнинг бефарқ эмаслиги, юртимиз бугунги ва келажагига дахлдор масалаларга ҳозиржавоблик билан муносабат билдираётгани, албатта, фуқароларимизнинг сиёсий онги, маданияти юксалиб бораётганидан далолатдир. Хусусан, халқимизнинг хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб, Асосий қонунимизга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди ва бу ўзгартишлар мамлакат тараққиётига, халқ манфаатига хизмат қилаётгани билан муҳим аҳамият касб этмоқда. Буларнинг барчаси юртимизда олиб борилаётган инсонпарвар ва халқчил сиёсат, унинг битмас-туганмас манбаи бўлган Конституциямиз туфайлидир.

 

Ўктам Сулаймонов,

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари.

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш