Ногиронлиги бўлган шахслар доимий эътиборда

 

Мамлакатимизда 3 декабрь санаси Халқаро ногиронлар куни сифатида кенг нишонланишини Ўзбекистонда амалга оширилаётган кучли манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсати ҳамда халқаро мажбуриятларга сўзсиз амал қилаётганини кўрсатувчи муҳим омиллардан бири сифатида баҳолаш мумкин.

Алоҳида қайд этиш керак, мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Айниқса, ижтимоий ҳимояга, ўзгалар кўмагига эҳтиёжи бўлган ногиронлиги бор шахсларга кенг имконият ва шароитлар яратиб бериш, уларнинг жамиятнинг тўлақонли аъзоларига айлантириш йўлида тизимли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш яхши анъанага айланди.

Бу борада Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан ҳам бир қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда. Эътиборлиси, партия томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, ўтказилаётган тадбирлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётга қарашларини, ўзларига бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан Халқаро ногиронлар кунига бағишланган тадбирлардан бири Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятида ўтказилди. Жамият раиси ўринбосари Абдураҳмон Абдуллаев, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова ва Марказий Кенгаш бошқармаси бошлиғи Боймурот Юсупов тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида тушунчалар берди.

Тадбир иштирокчиларидан бир гуруҳига Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

 

Жаҳонгир Олимов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш