Ҳар йили 3 декабрь санасида ногиронлиги бўлган шахслар кунининг нишонланишидан асосий мақсад бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.
Хайр-саҳоват, инсонпарварлик ва мурувват халқимизга хос улуғ анъана. Айниқса, кўнгли ўксик инсонларга меҳр кўрсатиш, қалбини қувончга тўлдириш савоби улкан амаллар сирасига киради.
ЎзХДПнинг сайловолди платформасида, пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар, етим-есирлар ва аҳолининг меҳнат қила олмайдиган бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини вужудга келтириш, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг кам таъминланган аҳоли қатлами, биринчи навбатда, ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам бериш имкониятлари ва ҳуқуқларини кенгайтиришга кўмаклашиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Мазкур устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи Ожизлар ва Ўзбекистон Карлар Жамиятлари ҳамда Ўзбекистон Фахрийларни қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси билан ҳамкорлик меъморандумларини имзолаган.
Партиянинг Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бундай шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга, жамиятдаги фаол позициясини шакллантиришга кўмаклашиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар ва кексаларни мамлакатимизда ўтказилаётган кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда, уларни эъзозлаш, уларнинг атрофида эҳтиромли муҳит ҳосил қилиш, зарур моддий, маънавий, тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўришда фаол қатнашиш, уларнинг ҳаёт даражасини яхшилашга ҳалақит бераётган муаммоларни аниқлаш, жумладан, пенсия тўловларида, соғломлаштириш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва дори-дармонлар билан таъминлашда вужудга келаётган муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишни ўзаро хамкорлик ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан,
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида вилоятлар, туманлар марказларида умумтаълим мактаблари негизида Брайль алифбосини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этилиши устидан назорат ўрнатилди.
- Ногиронликнинг олдини олиш, ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларни реабилитация қилиш масаласида ишлар амалга оширилиб борилмоқда.
- ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, уларни махсус касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш яхшилаш масаласида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
- ногиронлиги бўлган шахсларга шаҳар йўловчи транспортининг бекат ва йўналишларини овоз ёрдамида эълон қилиш орқали қулайликлар яратиш юзасидан автобуслар харид қилиш ишлар бошланди.
- келгусида ишлаб чиқариладиган миллий енгил автомобиллар ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланиши учун мослаштирилган ҳолда махсус ускуналар билан қайта жиҳозланиши борасида ишлар олиб борилмоқда.
Мамлакатимизда ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ҳаёт сифатини яхшилаш тизимини такомиллаштириш, уларга таълим олиш ва ишга жойлашишда ҳар томонлама кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда.
Давлат томонидан халқимизга хос бўлган меҳр-шафқат ҳамда эзгулик туйғуларини ҳисобга олган ҳолда ногиронларнинг муҳим эҳтиёж ва талабларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квоталар қўлланилиши жорий этилди. Натижада, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентлар қабулининг умумий сонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча равишда икки фоизли квоталар қўлланилиши жорий этилди. Натижада 2018-2021ўқув йилида 3 мингга яқин ногиронлиги бўлган ёшларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
2018 йилнинг 1 январидан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланувчи I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ходим сифатида ёллаган якка тартибдаги тадбиркорларга қатъий белгиланган солиқнинг имтиёзли ставкаси жорий этилди.
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ихтисослаштирилган идора ва Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
- 2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида комплекс маълумотларни (ногиронлиги бўлган шахсларга оид шахсий маълумотлар, пул тўловларининг турлари ва миқдори, ажратилган техник реабилитация воситалари, протез-ортопедия буюмлари ва бошқалар) ўз ичига олган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ягона электрон реестри жорий этилди.
Статистик маълумотларга қараганда, республика бўйича 2021 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистонда 760 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан 156 мингдан ортиқ 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилмоқда.Республика бўйича жами 85 та жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари фаолият юритиб келмоқда.
Ҳозирги кунда ушбу мактаб-интернатларда 17 минг 831 нафар ўқувчи таълим олади. Уларга жами 7 минг 383 нафар педагог ходимлар таълим тарбия бериб келмоқда. Оналар қарамоғида оилада тарбияланаётган ногирон болалар сони 66 минг 871 нафарни ташкил этади. Бугунги кунда 10 минг 854 нафар ногирон болаларга уйда якка тартибда таълим олмоқда уларга бугунги кунда 26 минг 263 нафар ўқитувчилар жалб этилган.
“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Хабарларингиз бор, мазкур қонуннинг қабул қилинишда партиямизнинг барча даражадаги фаоллари ва депутатлари иштирок этишди. Жумладан, партиямиз Фракцияси томонидан қонунга 50 дан ортиқ таклифлар билдирилди ва уларнинг аксарияти қабул қилинди.
Қонун кучга кириши билан тиббий текширув комиссиялари фаолияти такомиллашади, мурожаат қилувчи 10 календарь кунида хулосани олади. Тиббий текширувлар бепул амалга оширилади. Ногиронлиги бўлган шахслар амбулатор ва стационар режимида имтиёзли даволанади. Протез-ортопедия анжомларига бўлган эҳтиёжлари қондирилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун биноларга кириб-чиқиш учун махсус йўлакчалар, пандуслар, жамоат транспортида махсус ўриндиқлар, тушиб-чиқиш учун бекатларда уларга шароитлар яратилади. Таълим олишнинг барча босқичларида қулайликлар кўзда тутилади. Касб-ҳунарга ўргатиш, коллеж ва техникумларда таълим олишлари давлат ҳисобидан таъминланади. Олий таълимда жами контингентнинг 2 фоизи миқдорида давлат грантлари ажратилади.
Маҳаллий ҳокимликлар ногиронлиги бўлган шахслар уй-жой шароитини яхшилашга масъул. Никоҳ тузиш ва оила қуриш, болаларни фарзандликка олиш, болаларни тарбиялашга доир мажбуриятларни бажариши чоғида ёрдам олиш, шу жумладан уйида ва яшаш жойида хизматлар кўрсатилиши ҳуқуқи мавжуд.
Давлат ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилаларга моддий, маслаҳатга оид ва бошқача тарзда ёрдам беради ҳамда уларни қўллаб-қувватлайди.
Ўзбекистонда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатиш мақсадида турли тадбир ва ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Халқаро конвенцияни босқичма-босқич ратификация қилиш масаласи партиямизнинг сайловолди дастурида ҳам белгиланган. Жорий йилнинг 7 июнь куни «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида"ги қонуни кучга кирди.
Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамаси томонидан “3-декабр - Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан меҳр-мурувват ойлигини ўтказиш орқали кенг нишонлаш кўзда тутилган ҳужжат қабул қилинди.
Меҳр-мурувват ойлиги давомида партия ташкилотлари ва барча даражадаги депутатлик бирлашмалари томонидан қуйидаги тадбирлар амалга ошириш кўзда тутилган. Ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги, вилоят ва туман. шахар Кенгашларининг депутатлари билан ҳар бир туман (шаҳар)ларда камида 50 нафар ётиб қолган ногиронларнинг уйларига бориб ҳолидан ҳабар олиш ҳамда уларга уйларида хайрия ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш акциясини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, ойлик давомида ҳар бир туман ва шаҳарларда ногиронлар тўсқинликсиз ҳаракатланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида истиқомат қилаётган қариялар ва ногиронлар, ҳолидан хабар олиш, улар билан туркум мавзуларда суҳбатлар ва учрашувлар ўтказиш каби бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Энг муҳими, биз ногиронлиги бўлган шахсларнинг камситилишлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқларини амалга оширишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқишимиз керак; ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан қурилиш лойиҳаларини атроф-муҳитга қулайлик ва универсал дизайн тамойилларига жавоб беришини мувофиқлаштириш, сифатли таълим ва муносиб иш ўринлари, шунингдек, муносиб турмуш даражасини билан таъминлашимиз зарур
Б.Юсупов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.