Конституцияга хурмат – Ватанга хурмат ва садоқат демакдир

 

Яқин кунларда юртимизда Конституциямизнинг 29 йиллиги кенг нишонланади. Бу байрам ҳар бир фуқаро қалбидаги чексиз ва фахр-ифтихор рамзи саналади. Боиси бизнинг ҳуқуқ ва бурчларимиз айнан Бош Қомусимиз орқали мустаҳкамланган.

Мустақил давлатда ички ва ташқи сиёсат, демократия ва ижтимоий адолат, инсон ҳуқуқлари ва давлат кафолатини, одилликни таъминланиши, биринчи навбатда, шу давлатнинг асосий бош қонуни – Конституциясининг мавжудлиги билан боғлиқдир. Шу боис, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Ўзбекистонда ҳам Конституция яратилди ва қабул қилинди. Натижада албатта ижтимоий ва давлат қурилиши жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий механизм ташкил этилди.

Бош қомусимизда, айниқса инсон омили юксак даражага кўтарилган. Яъни унда ҳар бир шахснинг яшаш ҳуқуқи, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи белгилаб қўйилган. Ҳеч бир фуқаро қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги аниқ-тиниқ баён этилган.

Қолаверса, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, ахборот излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқи, фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги, виждон эркинлиги каби ўнлаб ҳуқуқларимиз Конституцияда шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар сифатида мустаҳкамлаб қўйилганлигини кўришимиз мумкин.

Конституциямизда фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларининг кафолатланганлиги эса фуқароларнинг ўз қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш борасида, шунингдек жамият ва давлат ишларида иштирок этишда сиёсий фаоллигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш, ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бу албатта юртимизда фуқароларга ғамхўрлик қилиш, одамлар саломатлигини мустаҳкамлаш, бир сўз билан айтганда, ҳар бир шахс учун қайғуриш ҳукумат эътиборида экани, амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида халқ манфаати намоён этилишининг асосидир.

Ўз навбатида фуқаролар ҳам юрт тақдирига бефарқ бўлмасдан вазифаларидан келиб чиққан ҳолда жамият ривожига ҳисса қўшиши Бош Қомусимизга бўлган хурматни англатади. Айнан Конституцияга ҳурмат ва садоқат Ватанга ва яқинларга садоқатни келтириб чиқаради. Бу эса жамият ҳаётининг мезони бўлган Конституцияни ҳар томонлама чуқур ўрганишни, унинг маъносини тўла англаб, ҳаётимизнинг доимий қўлланмасига айлантиришни тақозо этади.

 

Шербек БЎРОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш