Коррупция жинояти учун жазо кескин кучайтирилади

 

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида муҳокама қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳоновнинг маълум қилишича, Жиноят кодекси лойиҳасида “коррупцияга оид жиноятлар” тушунчасига аниқ таъриф берилиб, 15 турдаги жиноятлар бу тоифага киритилмоқда. Муҳим ўзгариш сифатида коррупцияга оид жиноятлар учун жазо чоралари кескин кучайтирилаётганини айтиш мумкин.

“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига кўра, эндиликда, порахўрлик жиноятларини содир этган шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинмаслиги ва жазо енгилроғи билан алмаштирилмаслиги ва бошқа қатор долзарб ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Таъкидланишича, қонун лойиҳаси билан амалдаги Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар бўйича бир қатор тушунчалар киритилмоқда. Жумладан, кодекснинг саккизинчи бўлими “Коррупцияга оид жиноятлар” деган янги атама билан тўлдириляпти. Бундан ташқари, қонун лойиҳаси билан коррупцияга оид жиноятлар учун жазо чораларини янада кучайтириш таклиф этилмоқда. Хусусан, Жиноят кодексининг 167- ва 168-моддаларида кўрсатилган жиноятлар мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилса, ушбу моддаларнинг оғирроқ қисмига ўтказилиб, мазкур қилмишлар учун 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда. Шунинг билан бирга, 210-212-моддаларнинг учинчи қисми санкцияси оғирлаштирилиб, 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда. Кодекснинг 205, 206, 208, 209 ва 301-моддалардаги жиноятлар “ғаразгўйлик” ниятида содир этилса коррупциявий жиноят ҳисобланиши белгиланиб, мазкур ҳаракатлар учун оғирроқ жазолар назарда тутилмоқда.

Ўрни келганда айтиш жоиз, 2018 йилда 1907 нафар, 2019 йилда 1339 нафар ва 2020 йилда 1723 нафар, 2021 йилнинг 9 ойида эса 1872 нафар мансабдор шахслар коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликка тортилган. Уларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2018 йилда 500,1 млрд., 2019 йилда 1,858 трлн., 2020 йилда 500,1 млрд., 2021 йилнинг 9 ойида эса 658 млрд. сўм моддий зарар етказилган.

Қонун лойиҳаси ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс, мунозараларга сабаб бўлди. Янги тартибнинг катта амалдорларга эмас, ортида “танкаси” йўқ оддий одамларга татбиқ этилиши борасида хавотирлар билдирилмоқда. Айримлар коррупция миллий менталитетнинг бир қисмига айланган, уни тугатиб бўлмайди, деган фикрда. Аммо ижтимоий тармоқда муносабат билдираётганларнинг кўпчилиги коррупциявий жиноят учун жавобгарликни кучайтириш тарафдоридир.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Олий Мажис Қонунчилик палатасидаги фракцияси қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Бизнинг партия ва парламентдаги фракция аъзолари жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, шу жумладан, давлат органларида коррупциявий фаолият учун жазони кучайтириш борасидаги ислоҳотлар давом эттирилишини муҳим, деб ҳисоблайди. Зеро, тараққиётни ортга сураётган бу иллатни қўпориб ташламас эканмиз, ривожланиш, ўсиш бўлмайди.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш