Аёллар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, Тошкент вилоят Кенгаши томонидан “Марказий Осиё тараққиёти” тадқиқот таҳлил маркази билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг чекка ҳудудларидан бири бўлган Бекобод шаҳрида “Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида” мавзусида тарғибот тадбири ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари Гулшан Асатова, Марказий Осиё тараққиёти тадқиқот таҳлил маркази директори Наргиза Мусаева, партия Тошкент вилояти Кенгаши раиси Акмал Умаралиев, Бекобод шаҳар халқ таълими бўлими тасаруфидаги умумтаълим мактаблари директор ўринбосарлари, психологлар, маҳалла фуқаролар йиғинларининг оила ва хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бўйича раис ўринбосарлари, шаҳар ички ишлар бўлими, мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда партия фаоллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этаётгани, айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланаётганини таъкидладилар.

“Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида”, “Аёллар гендир тенглиги”, “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш”, “Хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш” каби мавзулардаги маърузаларда истиқлол йилларида ўзбек аёлининг жамиятдаги обрў-эътибори янада ортгани эътироф этилди. Хусусан, хотин-қизларимизнинг турмуш шароити яхшиланди. Аёлларнинг оила ва жамиятдаги роли янада кучайтирилди, уларнинг давлат ва жамият қурилишида фаол иштирок этиши учун барча шароитлар яратилди. Болалик ва оналикни муҳофаза қилиш, шунингдек, жамиятда юксак маънавий ва ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шунинг билан бирга, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш борасида сезиларли ютуқларга эришилди.

Тадбир иштирокчилари билан бўлган очиқ мулоқотда айрим ҳолларда хотин-қизлар турли зўравонликларга дуч келаётгани, яқин йилларгача бундай ҳолларда уларнинг ҳуқуқлари умумий ҳуқуқий мезонларга мувофиқ ҳимоя қилиб келинганлиги билдирилди. 2019 йилда “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши эса хотин-қизларни ҳимоя қилиш механизмини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этди.

Қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, тазйиқлар, зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ҳам қонуннинг муҳим мақсадларидан бири ҳисобланади.

Тадбирда бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга, жамиятнинг фаол иштирокчиларига айлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси
← Рўйхатга қайтиш