Барча соҳада шаффофлик бўлиши керак

 

Коррупция мамлакат тараққиётидаги асосий тўсиқлардан бири бўлиб, бугунги кунда мазкур иллат бутун дунёда жиддий муаммога айланган. Коррупция очкўзликнинг натижаси ва уни тўхтатишнинг ягона йўли — ҳар доим ва ҳар қаерда гувоҳ бўлсак, унга қарши курашиш.

Афсуски, кўплаб коррупцион ҳолатлар қонун назаридан четда қолмоқда. Чунки коррупция кенг тарқалган жараён бўлиб, унинг барча кўринишлари ҳам жиноят сифатида малакаланмайди. Шундай экан, коррупциянинг ягона чораси барча соҳалар фаолиятида тўлиқ шаффофликни таъминлашдир.

Шаффофлик коррупцияни тўхтатишга қандай ёрдам беради, дерсиз? Режалар, қоидалар, тартиблар ва ҳаракатларни ёритиш шаффофлик деб аталади. Aгар ҳамма нарса очиқ-ойдин, ошкора бўлса ва халқ нима учун, қандай, нима қанча эканидан хабардор бўлса, мазкур иллат бош кўтариши учун ҳеч қандай имконият қолмайди. Кучли жамоатчилик назорати ўрнатилган жойда ҳукуматнинг, мансабдорларнинг масъулияти, ҳисобдорлиги ошади.

Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ 9 декабрь – Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни сифатида нишонлаб келинмоқда. Мамлакатимизда коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш мақсадида 2017 йил январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Коррупцияга қарши кураш борасидаги мазкур жиддий қадам ортидан давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши куч ва имкониятларини бирлаштириш, яхлит тизимни яратиш имкони пайдо бўлди.

Аксарият ҳолларда коррупцияга қарши кураш етарли самара бермаётгани ҳақидаги эътирозларни эшитиб қоламиз. Бир қарашда, бу фикрда жон бордек. Иккинчи томондан эса, мамлакатимизда мазкур иллатга қарши курашда кейинги йилларда сезиларли ўзгаришлар юз бермоқда ва буни эътироф этмаслик мумкин эмас. Қолаверса, коррупцияга қарши кураш фақатгина давлатнинг ва ваколатли идораларнинг эмас, ҳамманинг — бутун жамият аъзоларининг иши. Ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, бу иллатга қарши курашсагина унинг илдизига болта урилиши, катта натижаларга эришиш мумкин.

Масаланинг яна бир жиҳати, одам ўз қилмишининг нотўғрилигини англаб, ахлоқсиз ишлардан ўзини тийгандагина коррупция тўлиқ барҳам топади. Бундан кўринадики, мазкур муаммога қарши курашиш баробарида, адолатли, ҳалол, касбининг фидойиси, давлат ва халқ манфаатини ҳар нарсадан устун деб билувчи кадрларни тарбиялаш ҳам муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

 

Шохрух Ўктамов,

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари,

Ёшлар парламенти аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Ёшлар қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш