Конституциямиз ҳар бир фуқаро учун байроғимиз, гербимиз, мадҳиямиз каби муқаддасдир. Зеро, ўз тимсолида она Ватанимиз, халқимизнинг эзгу-мақсадларини ўзида акс эттиради. У Ватанимиз каби ягонадир.
Бош қомусимизнинг қабул қилиниши мақсади унинг муқаддимасида келтирилган. Яъни, мамлакатимиз фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиш, демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш эканлиги баён этилган. Яна ҳам соддароқ айтганда, инсонга муносиб ҳаёт шароитини яратиш, уни бахтли қилишдан иборат. Бу мақсадга ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Ҳаётий, халқчил, Конституция асосида қабул қилинадиган қонунларгина тараққиётга хизмат қилади. Бош Қомусимизнинг 11-моддасида Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизимида учта ҳокимиятдан бири сифатида — қонун чиқарувчи орган белгилаб қўйилган. Алоҳида бир бор, 18 боб - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳақида бўлиб, 13 та моддани (76-88) ўз ичига олади.
Шу маънода, миллий парламентимизнинг шаклланиши ва ривожланишида Конституциямизнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.
Сиёсий партияларнинг фаолиятини ҳамда унинг аҳамиятини бугунги кунда парламентаризмнинг тараққиётидан ажралган ҳолда кўриб чиқиш мумкин эмас. Ўз навбатида сиёсий хилмахиллик, кўппартиявийлик асосида Парламент қўйи палатасида фракциялар фаолият юритиб келмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатимизда амалга оширилган барча парламент сайловларда фаол қатнашиб, қуйи палатада доимий равишда фракция ташкил этиб келаётган партиядир.
Билмизки, қонун ижодкорлиги — Қонунчилик палатаси фаолиятининг энг муҳим, биринчи галдаги вазифасидир. Қабул қилинаётган қонунларнинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади.
Маълумки, масалаларни эркин муҳокама қилиш ва коллегиал ҳал этиш тамойилларига асосан ҳар бир қонун лойиҳаси ёки масала сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида дастлабки тарзда кўриб чиқилмасдан туриб Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилмаслиги амалда қатъий мустаҳкамлаб қўйилган.
Шу маънода, сайловчилар, шу жумладан, партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, депутатларимизнинг қонунлар сифатига, концепциясига нисбатан талаби кучайди. Фракциямиз томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаларини жойларда муҳокама қилиш учун партиямиз томонидан қуйи бўғиндаги ташкилотларига етказилмоқда. Ушбу амалиёт эса «Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт» деган устувор тамойилнинг амалда татбиқ этилишида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, Конституция инсониятнинг ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ва ташкил этиш борасида кашф этган энг муҳим ютуқларидан бири ҳисобланади.
Бош Қомусимизда фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқлари нафақат алоҳида бобда, балки унинг кўплаб модда ва нормаларида ўз ифодасини топган.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси негизида ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси ўтган 5 йил давомида давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичига олиб чиқди. Янги Тараққиёт стратегияси эса – янги Ўзбекистоннинг янги марраларни забт этишида асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз!
Мамлакатимиз Президенти томонидан Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида парламент вакиллари, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини кўриб чиқиш кераклиги, алоҳида таъкидланди. Демак, Конституциямизнинг мукаммаллиги йўлида барчамиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз зарур.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўрибосари.