Конституция бахтимиз қомуси, эртамиз кафолати

 

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаё­тида юз берган кенг қамровли ўзгаришларни мушоҳада қилар эканмиз, истиқлолнинг ҳаётбахш заминида юртимизда янги демократик қадриятлар илдиз отганини, инсон ҳуқуқлари ва унинг эркини таъминлашга, унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ҳуқу­қий-демократик давлат ва фуқаролик жамия­тига хос замонавий тузилмалар шаклланганини қайд қилмоқ лозим. Буларнинг барига Конституциямиз туфайли эришдик.

Демократик жамиятнинг энг муҳим белгиларидан бири ҳам жамият аъзоларининг қонун олдида тенглиги, Конституция ва қонун устуворлиги таъминланганлигидир. Шу билан бирга қонунларнинг пировард мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборат бўлмоғи лозим. Қолаверса, жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борадаги ислоҳотларнинг самараси кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти даражасига боғлиқ. Авваламбор одамларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти шакиллантиришда инсонларга ўзларининг ҳуқуқ ва бурчларини, ўзлари яшаб турган жойда ўрнатилган қонунларга асосан уларнинг шахсий ва фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари кафолатлаб қўйилган асосий қонун, яъни конституция ва унинг нормалари таништирилиши керак.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — жамият таянчи ва юртимиз тараққиётининг ҳуқуқий кафолати, давлатимиз мустақиллигининг ёрқин рамзи, кўп миллатли халқимиз хоҳиш-иродасининг қонуний ифодаси ҳисобланади. Буни мазкур ҳужжатнинг биринчи моддасидан то охирги моддасигача инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, ватан равнақи ҳамда жамият тараққиётига хизмат қилиб келаётган умумбашарий ғоялар сингдирилганида ҳам кўриш мумкин. Асосий қонунимизда буюк неъматлар орасида энг улуғи — “инсон қадри учун” деган ғоя илгари сурилиб, уни улуғлаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, унинг эркин камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ўз аксини топган. Буларнинг бари Ўзбекистон ХДПнинг дастурий ғоялари ва мақсадларига, электорати манфаатларига тўлиқ жавоб беради. Энг аввало, Конституция аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва тиббий ёрдам олиш, уй жойга эга бўлиш, ижтимоий таъминот, маданий ҳаётда иштирок этиш ва малакали юридик ёрдам олиш каби устувор ҳуқуқларнинг амалга оширилиши учун кафолат беради.

Давлатимиз сиёсатига эътибор қилсак ҳам, ижтимоий ҳимоя қилиш тизими барча муҳтож фуқароларни тўлиқ қамраб олган. Кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда пенсионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, кам таъминланган, лекин, боқимандалик кайфиятида юрган фуқароларни жамиятимизнинг фаол иштирокчисига айлантириш, ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётий эҳтиёжларига эътиборни кучайтириш, “Меҳрибонлик” уйларини битириб чиққан ёшларни уй-жой билан таъминлаш, ишга жойлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, бу борадаги тизимни тубдан яхшилаш масалаларига эътибор борган сари кучайтирилмоқда.

Бу эса Конституция бахтимиз қомуси, эртамиз ва фаровонлигимиз кафолати эканидан далолат беради. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг II боби, 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва Қонунлар билан ҳимоя қилинади” дейилган. Демак, том маънодаги демократик давлат деганда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланиши тушунилади. Кўриб турганимиздек, Асосий Қонунимизда биринчи навбатда шахс манфаатининг давлат манфаатидан устун этиб белгилангани, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрлаб қўйилган.

Сўзим якунида барчангизни Конституция куни байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, шахсий ва ижтимоий ҳаётда катта муваффақиятлар тилайман.Хонадонларимизни, гўзал юртимизни тинчлик-осойишталик, файзу барака асло тарк этмасин!

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш