Ўзбекистон мустақилликка эришгач, илк ислоҳотлар албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилиниши билан бошланди. Демократик, фуқаролик жамиятда адолатли, энг муҳими, фуқароларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қиладиган инсонпарвар қонунлар ҳукмрон бўлмоғи даркор. Шу маънода айтганда, Конституциямиз ўтган йигирма тўққиз йиллик тарихий даврида амалга оширилган демократик, либерал ва инсонпарвар ислоҳотларнинг ҳамда уларнинг қонунчилик асосларини яратишнинг маёғи ва бош ҳуқуқий асоси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг кафолати бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
Дарҳақиқат, давлат ўз ҳуқуқий ҳужжати – Конституцияси билан дунё саҳнига қадам қўяди. Ҳуқуқий давлатнинг қуроли ҳам, ҳимояси ҳам, қалқони ҳам, кўзи ҳам қонундир. Ёшларнинг ҳуқуқий онгини ўстириш, ҳуқуқий маданиятини шакллантириш ва уларни қонунга ҳурмат-эътибор руҳида камол топтириш орқали бундай юксак, эзгу мақсадларга эришиш мумкин.
Бош қомусимизда ҳозирги замон конституцияларидаги умуминсоний қадриятлар ва халқаро ҳуқуқнинг энг муҳим меъёрлари мужассамлашган. Унда, айниқса, инсонни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият сифатида эътироф этилгани эътиборга лойиқдир.
Азиз юртдошлар, Сизларга ва Сиз орқали оила-аъзоларингизга, бутун Ўзбекистон аҳлига сиҳат-саломатлик, тинчлик ва хотиржамлик фаолиятингизда муваффаққият тилайман.
Бош Қомусимизнинг 29 йиллиги муборак бўлсин!
Шерзод РАҲМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.