Оила жамиятнинг бирламчи бўғини ҳисобланади. Шунга кўра, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, оила фуқаролик жамиятининг таянч нуқтаси, барқарор ва тинч тузилмасидир. Чунки бу муқаддас даргоҳда нафақат инсон дунёга келади, балки у маънан ва аҳлоқан тарбия топади. Бинобарин, оила эр-хотин, уларнинг бола-чақалари,энг яқин туғишганларидан иборат кишилар гуруҳи, яъни хонадон ҳисобланади. Айни чоғда оила кишиларнинг табиий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий муносабатларига асосланган ижтимоий бирлиги ҳамдир.
Оила шундай маконки, унда авлодлар камол топади. Демак, оила жамиятнинг табий ҳужайраси, ижтимоий асосидир. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади ва тез ривожланади. Зеро, жамият асоси-оиланинг моддий ва ижтимоий жиҳатдан мустаҳкамланиб бориши ғоят муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси 1994 йилдан эътиборан ҳар йили 15 май кунини “Халқаро Оила куни” сифатида нишонланишга қарор қилганлиги бежиз эмас.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 65-моддасининг 2-қисми ҳамда Оила кодекси 4-моддасининг 1-қисмига биноан, оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясидадир.
Оила масаласи шу оила аъзоларининг шахсий иши деб, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш бизнинг давлат ва жамиятимизга ёт ҳолатдир. Қашқадарё вилоятида уч миллион уч юз мингдан зиёд аҳоли 771 та маҳалла фуқаролар йиғинида яшашади. Вилоятимиздаги 626 мингдан ортиқ хонадонларда, 778 мингдан ортиқ оилалар тинч ва фаровон яшаб келишмоқда. Уларга Конституциямизда, Оила Кодексида, бошқа қонун, фармойиш ва қарорлар асосида барча шарт-шароитлар ҳамди имтиёзлар яратиб берилган. Айниқса кам таъминланган оилаларга, болаларга, ёлғиз аёлларга давлат ва жамият ўз ёрдамини кўрсатиб келмоқда. Бунга мисол сифатида "Аёллар" ва "Ёшлар" дафтари асосида манзилли амалий ишлар олиб борилаётганлигини эътироф этиш лозимдир.
Музаффар Туропов,
Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раисининг ўринбосари.