Халқ билан ҳамнафас жамоа

Кучли давлат ва демократик тамойилларга асосланган фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидан бораётган Ўзбекистонни янада тараққий эттиришда бугун сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этмоқда.

Яқинда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Халқ демократик партияси кўплаб тарафдорларига эга эканлиги, жамиятда ўз ўрни борлигини намойиш этиш имконига эга бўлди. Сайлов натижалари партиямиз етакчи партиялар қаторида эканини кўрсатди, дейиш учун асослар етарли. Лекин кўзланган натижага эришиш учун ҳали кўп ишлашимиз, фаолиятимизни танқидий таҳлил қилиб, янги ва реал вазифалар белгилашимиз зарур. ЎзХДП Андижон вилоят партия кенгаши бу масалага алоҳида эътибор қаратмоқда.

Вилоятда партиямизнинг 45936 нафар аъзоси 887 та бошланғич партия ташкилоти орқали 16 та шаҳар ва туман кенгашларига бирлашган, яъни вилоятнинг барча ҳудудларида партия кенгашлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг самарали фаолияти натижаси ўлароқ, ҳар бир шаҳар, туманнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида партия гуруҳлари тузилишига эришилган. Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги 14 нафар аъзоси бўлган партия депутатлик гуруҳи вилоят кенгаши билан ҳамкорликда шаҳарлар ва туманлардаги депутатлик гуруҳларига услубий ёрдамлар кўрсатиб бормоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида 123 та масала депутатлик гуруҳларида, 93 та масала доимий комиссия мажлисларида, партия гуруҳлари томонидан киритилган 47 та масала сессияларда кўрилиб, тегишли қарорлар қабул қилинганди. Бу депутатлик гуруҳлари ўз туман, шаҳарларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда фаол иштирок этишга интилаётганини яққол кўрсатиб турибди.

Хусусан, халқ депутатлари Олтинкўл туман Кенгаши сессиясида туман электр таъминоти корхонаси раҳбарининг ҳисоботини эшитиш давомида партия гуруҳи аъзоларининг талабчанлиги билан аҳолининг эътирозларига сабаб бўлаётган камчиликлар айтилиб, очиқ муҳокама қилинди ва уларни бартараф этишга икки ой муддат берилди. Декабрь ойи охирида ушбу масъул шахснинг ҳисоботи яна сессияда тингланиши белгиланди. Аксарият туманларда Халқ демократик партияси депутатлари шундай талабчанлик билан фаолият кўрсатмоқдалар.

Партия вилоят, шаҳар, туманлар ходимлари депутатлар билан бирга хонадонма-хонадон юриб ижтимоий оғир вазиятдаги хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш ва уларнинг ечимига кўмаклашиш ишларида фаол иштирок этишмоқда.

Андижон вилоятида ижтимоий масалаларни ҳал қилиш бўйича қатор натижаларга эришилмоқда.

33 минг нафардан ортиқ хотин-қизга моддий, 16 минг нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди. 2200 нафардан ортиқ оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган ҳотин-қизлар реабилитация техник воситалари билан таъминланди. 3819 нафари тиббиёт муассасалари ва санаторийларда саломатлигини мустаҳкамлади. 2955 нафарига жарроҳлик амалиётини ўтказиши учун ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди.

Уй-жойга муҳтож ногиронлиги бўлган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида 2018-2020 йил ва 2021 йилнинг шу даврига қадар 1 минг 427 нафарга яқин хотин-қиз уй-жой билан таъминланди. Асака туманида 121 та оила учун ижтимоий турар жой барпо этилди.

Вилоятдаги 556 мингтадан ортиқ хонадонларда истиқомат қилаётган 669 мингдан зиёд 30 ёшдан юқори аёллар билан ўтказилган суҳбат натижаларига асосан 9 та йўналишда ёрдамга муҳтож 75 309 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилди. Уларнинг 83 фоизига ёрдам кўрсатилди. Ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун 5 млрд. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Тадбиркорлигини бошлаш учун 142 млрд. сўмдан ортиқ кредит маблағи ажратилди. Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Партиянинг шаҳар ва туман кенгашлари қошида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналари партия фаоллари ва депутатларнинг фуқаролар билан очиқ, жонли мулоқот марказига айланган. Маҳалласи, меҳнат жамоаси, оиласидаги муносабатлар, муаммолар билан мурожаат қилган фуқаролар бу ерда албатта, керакли кўмак, ёрдам ёки маслаҳат олишади. Шунинг учун баъзан мамлакат, вилоят ёки туманни янада ривожлантириш бўйича ўз таклифлари билан ҳам партия фаолларига мурожаат қилишади. Жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида Жамоатчилик қабулхоналарига 2100 дан ортиқ мурожаат бўлган ва уларнинг 1711 таси ижобий ҳал этилди. Мурожаатларда билдирилган масалалар юзасидан тегишли ташкилотларга 510 та депутатлик сўрови юборилган ва уларнинг 492 таси ижобий ҳал этилишига эришилган.

Ўтган ўн ой давомида “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлаш тизими орқали “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳоли муаммоларини ҳал қилиш бўйича партия фаоллари ва депутатлар томонидан 4670 та муаммо аниқланиб, уларнинг 4177 тасини ижобий ҳал қилишга кўмаклашилди. Ўтказилган 1470 та учрашув ва сайёр қабулларда 18375 нафар аҳоли вакиллари қабул қилиниб, аниқланган 3602 та муаммонинг 3066 таси ҳал этилди.

Биз мана шу жараёнларнинг барчасида жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтиришга эътибор қаратяпмиз.

Вилоят партия кенгаши жорий йил сарҳисоби, амалий ишлар таҳлили билан бирга келаси йил учун ҳам вазифаларни режалаштирмоқда. Вилоят миқёсида ишсизликни камайтириш мақсадида 160 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши белгиланган. Аҳоли сони кўп бўлган вилоятда ушбу режанинг бажарилиши муҳим аҳамиятга эгалиги сабабидан партиямиздан сайланган депутатлар яратилаётган иш ўринларининг ҳаққонийлигини назорат қилиб боради.

Мамлакатимизда таълим соҳасига устувор йўналиш сифатида эътибор берилмоқда. Келаси йили вилоятда 3 та янги мактаб қурилиши, 18 та мактаб реконструкция қилиниши, 1 та мактаб мукаммал таъмирланиши, 18 минг нафардан зиён тарбияланувчига мўлжалланган 21 та давлат мактабгача таълим ташкилоти (2 та янги, 19 та реконструкция), 321 та нодавлат МТТ қурилиши, 4 та оилавий поликлиника ва 9 та маҳаллада оилавий шифокорлик пункти ташкил этилиши кўзда тутилган. Ушбу объектларнинг барчасида қурилиш-таъмирлаш ишларининг талаб даражасида бажарилиши депутатларимиз назоратида бўлади.

2022 йилда вилоятда амалга ошириладиган ишлар бўйича “Йўл харитаси”да ҳоким ўринбосарлари, шунингдек, тегишли ташкилот раҳбарлари ҳар ойда ўзларига бириктирилган тадбирлар ижроси юзасидан халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида ҳисобот бериб бориши белгиланган. Бу, албатта, депутатларимиз зиммасига катта масъулиятни юклаш билан бирга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг тўлақонли бажарилишига ёрдам беради.

Албатта, биз ҳам айни кунларда электорат манфаатларига хизмат қиладиган қатор лойиҳаларни муҳокама қиляпмиз. Келгуси йил учун режалар белгилаяпмиз.

Вилоят ривожига ҳисса қўшишни ният қилган Ўзбекистон Халқ демократик партияси Андижон вилоят ташкилотининг аҳил жамоаси Сайловолди дастуримизда белгилаб берилган устувор вазифаларни бажаришда ҳамжиҳат бўлиб самарали фаолият кўрсатади.

 

Абдулҳамид НУРМАТОВ,

Ўзбекистон ХДП Андижон вилоят кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.

“Ўзбекистон овози”, 8.12.2021, №49

 

 

 

Теглар

Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш