Автомототранспорт воситалари ижарага шартномасини нотариал тартибда тасдиқлаш талаби бекор қилинмоқда

 

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш аввалида партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллига муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригининг мазмун-моҳияти хусусида тўхталиб ўтди.

Жумладан, табрикда Конституциямиз мустақиллик йилларида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётгани, бундан беш йил олдин қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқишда ҳам Асосий қонунимизга таянилгани, шу асосда эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айлангани таъкидланган. “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий қоидадан келиб чиқиб, халқ билан доимий мулоқот қилиш фаолиятимиз мезони этиб белгиланди, давлат идоралари раҳбарлари фуқаролар олдида ҳисобот берадиган самарали тизим йўлга қўйилгани ҳам алоҳида тўхталиб, сенатор ва депутатлар, вазир ва ҳокимлар, барча мансабдор шахслар қуйи бўғинга, маҳалла даражасига тушиб, аҳоли билан бевосита учрашиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этаётгани эътироф этилди.

Табрикда мамлакатимизда ижтимоий муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий этилган “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизимлари дастлабки ижобий натижасини бераётгани таъкидлаб ўтилди. Айниқса, муҳтарам фахрийларимиз, хотин-қизлар, ёшлар, аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, давлат раҳбарининг табригида ўтган беш йилда амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришлар билан билан, олдимизда турган муҳим вазифалар ҳам белгилаб берилган. Уларнинг ижроси ҳар биримиздан, жумладан, халқ вакиллари бўлган депутатлардан ҳам фидойилик ва садоқат билан ишлашни талаб этади, – деди пировардида Мақсуда Ворисова.

Шундан сўнг кун тартибидаги масалалар муҳокамаси бошланди. Унда «Ўзбекистон Республикаси бюджет тизимини кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 565-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги, «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ва «Халқаро меҳнат ташкилотининг Қурилишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси тўғрисидаги 167-сонли конвенциясини (Женева, 1988 йил 20 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Фракция аъзолари томонидан «Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 565-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, лойиҳа қонунчилик ҳужжатларига автомототранспорт воситалари электрон савдо платформаси орқали ижарага берилганда, шартномани нотариал тартибда тасдиқлаш талабини бекор қилиш учун Фуқаролик кодексига тегишли қўшимчалар киритиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Маълумки, миллий қонунчиликка мувофиқ автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномалари нотариал тасдиқлашни талаб этади. Бироқ, аксарият мамлакатларда автомототранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаларини нотариал тасдиқлаш талаби мавжуд эмас. Хусусан, лойиҳани ишлаб чиқишда Германия, Нидерландия, Франция, Буюк Британия, АҚШ ва Канада, Корея, Япония, Озарбайжон, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси ва Грузия қонунчилиги таҳлил қилинганда ушбу ҳолат маълум бўлди. Яъни, мазкур давлатларнинг фуқаролик кодексларида транспорт воситасини ижарага бериш шартномаси алоҳида шартнома тури сифатида мавжуд эмас, шу билан бирга, ушбу шартнома тури шартнома ҳуқуқининг умумий нормалари билан тартибга солинади ва уни тузишда ҳеч қандай нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан автомототранспорт воситалари электрон савдо платформаси орқали ижарага берилганда, шартномани нотариал тартибда тасдиқлаш талаби бекор қилинмоқда ва бу каби шартномалар оддий ёзма шаклда тузилиши мумкинлиги белгиланиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Қонунчиликка киритилаётган мазкур ўзгартиш билан автомототранспорт воситаларини ижарага бериш билан боғлиқ муносабатларни енгиллаштирилади ва ижара бозори ривожланишига янги шароитлар пайдо бўлади. Энг муҳими, автомототранспорт воситаларини ижарага бериш соҳасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ортиқча оворагарчилигини ҳамда бюрократияни олди олинади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси фракция томонидан маъқулланди.

Депутатлар кун тартибидаги бошқа қонун лойиҳалари бўйича ва электорат ҳам электорат манфаатидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдирдилар.

Йиғилишда фракция фаолиятига доир масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш