Кейинги беш йил давомида мамлакатимизда кенг миқёсдаги демократик ўзгаришлар амалга оширилмоқда. “Янги Ўзбекистон” деган тушунча реал воқеликка айланмоқда.
Аввало, шуни таъкидлаш керакки, биз мамлакатимиз янгиланиш даврига қадам қўйган биринчи кунлардан бошлаб очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсат юритиш, дунёдаги барча тараққийпарвар мамлакатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан яқин дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратмоқдамиз.
Ўзбекистон бугун ўзининг узоқни кўзлаган сиёсати билан минтақамиз ва жаҳондаги сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, сўз ва диний эътиқод эркинлиги, гендер тенглик бўйича эришаётган ютуқларимиз нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзбекистон ХДПнинг ижтимоий адолат ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлагани унинг мамлакат сиёсий кучлари сўл қаноти бўлишлигини белгилайди. Ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича комплекс тадбирлар, биринчи навбатда, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиғини сақлашни кучайтириш, аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш, фуқароларнинг бандлиги ва реал даромадларини ошириш, арзон ижтимоий уй-жойлар қурилишини кенгайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ўзбекистоннинг мустақиллигини асраш ва мустаҳкамлаш, Ватанимизнинг гуллаб-яшнашини таъминлаш, мамлакатда фуқаролик ва миллатлараро тотувлик, ижтимоий барқарорлик, ҳар бир оила ва бутун халқ фаровонлигига эришиш каби умуммиллий манфаатларни ўз мафкураси ва сиёсий фаолиятининг пойдевори, деб билади.
Ижтимоий сиёсат мамлакатимизда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг аниқ манзилли хусусиятга эга экани ҳар бир муҳтож инсонга унинг реал эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ёрдам кўрсатиш имконини бермоқда. Бунда ушбу тоифага мансуб ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаслигига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шу асосда жамиятимизнинг ижтимоий манзараси бутунлай ўзгармоқда, самарали бошқарувнинг натижадорлиги ошмоқда, энг муҳими, одамларнинг ҳаётга, меҳнатга, ўзининг тақдири ва эртанги кунга ишончи ортмоқда. Юртимизда ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги ва ўзига хос тизими яратилди. Кейинги пайтда “темир дафтар”, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усуллари айнан шу мақсадда жорий этилмоқда. Шу асосда муаммога оид мавҳум кўрсаткичлар эмас, балки ёрдам ва кўмакка муҳтож ҳар бир оила ва фуқаронинг, хотин-қизлар, ёшларнинг муаммолари ўз жойида аниқ ўрганилмоқда, улар вақтида ва самарали ҳал этилмоқда. Бугунги кунда халқ фаровонлигини, одамларнинг ҳаёт даражасини ҳар томонлама ошириш, бунинг учун янги иш ўринлари, даромад манбаларини яратиш, камбағалликни қисқартириш, қишлоқ ва шаҳарларимизни обод қилиш иқтисодий стратегиямизнинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Кексалар, ногиронлар, оғир аҳволга тушиб қолган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларга меҳр ва мурувват кўрсатиш каби эзгу анъаналар бугунги кунда янгича маъно-мазмун, амалий ҳаракатлар билан бойиб, такомиллашиб бормоқда. Бу борада, айниқса, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Беш муҳим ташаббус”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз” каби дастурлар ўз ижобий натижасини бермоқда. Биргина “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 2021 йилда барча шаҳар ва туманлардаги жами 8 мингга яқин қишлоқ ва маҳаллада қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш керакки, миллий тарихимизда қишлоқ ва маҳаллаларимизни ободонлаштиришга ҳеч қачон бунчалик катта маблағ ажратилмаган, энг муҳими, уларнинг ривожига бу қадар жиддий эътибор берилмаган. Муҳтож фуқароларни тўғридан-тўғри, аниқ мақсад билан моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли чора-тадбирларни амалга оширишда асосий эътибор аҳолининг кам таъминланган қатламларига дотация бериш эмас, балки уларга даромад топиш учун зарур шароит ва имкониятлар туғдиришга қаратилмоқда. Кейинги беш йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 минг нафар ёшлар учун талаба бўлиш имконияти яратилди. Бу – умумий қамров 28 фоизга етди. Бизга маълумки, бундан 4 йил аввал бу рақам атиги 9 фоизни ташкил этарди. Бу борада давлат грантлари 21 мингтадан 47 мингтага кўпайтирилди эҳтиёжманд оилаларга мансуб 2 минг нафар қизларга ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳам 2 минг нафарига бу йил олийгоҳларга кириш учун алоҳида грантлар ажратилди. 2030 йилга қадар битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 50 фоизга етказишни режа қилинмоқда. Мамлакатимизда узлуксиз миллий таълим-тарбия тизимининг барча босқичларини уйғун ва мутаносиб ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Охирги 5 йилда болаларимизни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси илгариги 27,7 фоиздан 2 баробар ортиб, 60 фоизга етгани, боғчалар сони эса 3 марта кўпайиб, 14 мингдан ошди. Қишлоқларда ишсиз ёшларни бандлигини таъминлаш мақсадида уларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратиш бошланди. Ёшлар ўртасида камбағалликни камайтириш, уларни ўзини ўзи банд қилишга рағбатлантиришда “Ёшлар дафтари”, ёшлар дастурлари доирасида амалга оширилмоқда. Жумладан, “Темир дафтар”даги оилалар фарзандлари бўлган 2 мингдан зиёд талабанинг контракт пуллари тўлаб берилди. Юртимизда ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим-тарбия олиши, иш жойи ва уйига эга бўлиши, жамиятда муносиб ўрин топиши, “Меҳрибонлик уйлари”, махсус мактаб-интернатлар ва “Болалар шаҳарчаси”нинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга жиддий эътибор берилмоқда.
“Меҳрибонлик уйлари” ва махсус мактаб-интернатларда таълим-тарбия самарадорлигини ошириш бўйича янги тизим жорий этилди. Ана шундай ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш бўйича янги тизим – “Меҳр дафтари” жорий этилди. Шунингдек, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби белгиланди. Унга кўра, ўзига бириктирилган уй-жойга эга бўлмаган ва тураржойга муҳтож сифатида ҳисобда турган ана шундай болаларга улар 18 ёшга тўлган йили умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолатларда эса 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади.
Мамлакатимизда эҳтиёжмандларга ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг кенг қамровли механизми йўлга қўйилмоқда. Президент фармонига мувофиқ, ижтимоий ёрдамнинг барча турларини бир хил мезон ва бир хил ҳужжатга мувофиқ тақдим этиш имконини берадиган “Ягона ижтимоий реестр” яратилмоқда. Йил охирига қадар тизим барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилади. Бу тизим орқали маълумотларни тизимлаштириш ҳар бир ижтимоий ёрдам олувчининг эҳтиёж даражасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. У оила аъзоларининг даромадлари, мол-мулки, банк ҳисоблари, олинган кредитлар ва автомобиллар тўғрисидаги турли идораларнинг тегишли базаларида мавжуд бўлган маълумотлар асосида аниқланади.
Истиқболда “Ягона ижтимоий реестр” дастурининг тўлиқ ишга туширилиши инсон омилини сезиларли даражада минималлаштиради ва натижада ижтимоий ёрдамни тақсимлашдаги коррупция ҳолатларини имкон қадар бартараф этади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, аҳолининг энг камбағал қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш сиёсати эҳтиёжманд оилаларга бериладиган ёрдам пуллари билан чекланиб қолмасдан мақсад — аҳолининг иқтисодий фаровонлиги даражасини ошириш учун шароит яратишдир. Одатда камбағалликка тушиб қолишдан кўра, ундан чиқиш анчайин мушкул ҳисобланади. Шу боис давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш одамларни босқичма босқич камбағалликдан чиқариш ҳисобланади — бошқача айтганда, одамларни ана шу ҳолатда тутиб туришдан кўра, камбағаллар тоифасидан чиқариш воситаси сифатида кўпроқ ўзини кўрсатиши учун тегишли шароитларни яратиш давлат ижтимоий сиёсатининг устувор вазифаси этиб белгиланган.
Боймурат Юсупов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.