“Дунёга юз тутган Янги Ўзбекистон”

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 7 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайнни қабул қилди. Учрашувда инсон ҳуқуқлари соҳасида, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши кураш борасидаги долзарб кун тартиби юзасидан очиқ ва конструктив мулоқотни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимиз том маънода дунёга юз тутди. Тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат ва манфаатли ҳамкорликка асосланган ташқи сиёсат соҳасидаги саъй-ҳаракатларнинг ижобий самаралари бутун дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг (ИҲК) тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди, унинг ишида фаол иштирок этмоқда. Келгуси йилда Ўзбекистон томони ушбу ихтисослаштирилган институтнинг раҳбарлик органларида вакиллик қилади. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия доирасида юртимизда гендер тенглик, сўз ва дин эркинлигини таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган тадбирлар фаол амалга оширилмоқда.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилинди. Ўзбекистон ташаббуси билан ИҲКнинг пандемия даврида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинди, тегишли конвенция ишлаб чиқилмоқда.

Хавфсизлик соҳасида қатор асосий қонунлар қабул қилинган, яқинда беш йилга мўлжалланган Экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича стратегия тасдиқланди.

Ўзбекистон томонидан амалга оширилган «Меҳр - 1, 2, 3, 4, 5» операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 438 нафар аёллар ва болалар Ўзбекистонга олиб келинди.

Ҳамкор давлатлар кўмаги билан амалга оширилган «Меҳр-5» операцияси натижасида Сурия ҳудудидаги уруш кетаётган «қайноқ нуқталарга» бориб қолиб, «Ал-Ҳол» лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар болалар Ўзбекистонга қайтарилди.

Шунингдек, Ўзбекистонга олиб келинган болалар орасида ҳам отасини, ҳам онасини йўқотган 7 нафар чин етим бола бор.

Бу хайрли ишларни амалга оширишда давлатимиз раҳбарининг қатъийлиги, сиёсий иродаси яна бир бор намоён бўлди.

Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Энг муҳими, нуфузли халқаро ташкилотлар, дунё аҳли Янги Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган ва сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилган ислоҳотлар самарасини мамнуният билан эътироф этишмоқда. Бу эса, Янги Ўзбекистонимизнинг олам аро обрўси ошиб, мавқеи янада мустаҳкамланиб боришига замин яратмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайннинг ташрифи ва бўлиб ўтган конструктив мулоқот фикримизнинг яққол исботидир.

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш