Ижроқўмда муҳим масалалар муҳокамаси

 

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилишида олтита масала кўриб чиқилди.

Ижроия қўмита йиғилишини вилоят партия кенгаши раиси, Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутати Илҳомжон Атабаев олиб борди.

Йиғилиш кун тартибида белгиланган “Партия ташкилотлари ва партия гуруҳларининг ўтган даврдаги фаолиятининг танқидий таҳлили ҳамда келгусидаги вазифалар” юзасидан И.Атабаев, “Партия мафкуравий фаолиятини кучайтириш, депутатлик бирлашмалари фаолиятида натижадорликни ошириш масалалари” юзасидан раис ўринбосари М.Қозиева, “партия сафига янги аъзоларни қабул қилиш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда келиб тушаётган аъзолик бадалларининг ҳозирги ҳолати тўғрисида” бўлим мудири К.Қаҳаров, “Партия ташкилотларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш тўғрисида” Б.Икрамов ҳамда бухгалтерия ҳисобини тўғри ташкил этиш ҳолати бўйича бош ҳисобчи Хайринса Тўхтабоевалар маълумотларни тақдим этиш билан бирга келгусида бажарилиши лозим бўлган амалий фаолият бўйича тегишли тавсиялар ҳам бериб ўтдилар.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят партия кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан кенгаш раисининг ўринбосари Мўътабар Қозиеванинг ахборотига кўра, партия асосий Ҳаракат дастури бўйича маҳаллий Кенгаш сессияларига масала киритишда Наманган шаҳар, Косонсой ва Янгиқўрғон, Поп, Наманган, Учқўрғон, Уйчи, Мингбулоқ, Норин туман партия кенгашлари фаоллик кўрсатганлар. Тўрақўрғон туман партия кенгаши томонидан сессияга атиги битта масала киритилган холос.

Бугунги кунда ҳам бизни бошқа сиёсий партияларга нисбатан аҳоли ўртасидаги нуфузимизни “Жамоатчилик қабулхоналари” ташкил этганимиз ва шу орқали фуқароларга амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсата олаётганимиз белгилайди. Хўш бошқа жиҳатларни қўйиб турайлик биргина “Жамоатчилик қабулхонаси” бўйича аҳвол қандай?

Вилоят, туман ва шаҳар кенгаши қошида ташкил этилган “Жамоатчилик қабулхоналари”га ўтган даврда 797 нафар фуқаро мурожаат қилган. Шулардан коммунал соҳа бўйича 53 та, уй-жой ва ер олиш масаласида 72 та, иш билан таъминланиши юзасидан 116 та, иш ҳақи, нафақа ва пенсияларни ўз вақтида ололмаётганлардан 21 та, моддий ёрдам сўраб 207 та, ижтимоий масалалар ва соғлиқни сақлаш соҳасига оид 32 та, кредит олиш масаласида 62 та, бошқа масалаларда 234 та мурожаатлар қабул қилинган. Мурожаатларнинг 530 таси яъни 70% фоизи ижобий ҳал қилинган. Қолган 267 та мурожаатлар ўрганиб чиқилмоқда.

Жамоатчилик қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар ҳамда ҳудудлардаги ечимини кутаётган муаммолар бўйича халқ депутатлари Наманган вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари томонидан ижро ҳокимияти органлари ва мутасадди ташкилотларга жами 434 та депутатлик сўровлари юборилди. Шундан 241 та сўровлар ижобий хал этилди.

Ижро қўмита йиғилишида партия аъзолари сафида Ёшлар ва Хотин-қизлар сафини янада кенгайтириш мақсадида вилоятдаги учта олий таълим муассасаларида маҳаллий Кенгашлар депутатлари, сафимиздаги тарғиботчи ёшлар иштирокида алоҳида режа асосида “ХДП кунлари”ни ўтказиш бўйича таклифлар олинди. Шунингдек ҳали зиммамизда бажарилиши лозим бўлган вазифалар кўплиги яна бир бор ҳар бир партия ходимининг кўнглидан ўтди. Шу боис масъулиятни янада чуқур ҳис этган ҳолда, келгусида бирдамликда фаол саъй-ҳаракат олиб бориш муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Муҳокамалар асосида ўтган йиғилиш давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, қарор лойиҳаси асос учун қабул қилинди.

 

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши

 

 

Теглар

Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш