Давлат рамзи ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсолдир. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди. Озод Ўзбекистон фуқаролари учун мустақилликнинг муқаддас рамзлари — Давлат герби, Давлат байроғи, Давлат мадҳияси азиздир. Улар маънавиятнинг энг муҳим тимсолларидир. Шу боис, байроғимиз ёки гербимизга назар солганимизда ёки мадҳиямиз янграганда биз рухан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда гурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз.
Жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллиги ва суверенитетининг асоси сифатида 1991 йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги, 1992 йил 2 июлда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги, 1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди, давлат ва миллат рамзларининг конституционал асоси яратилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “Ўзбекистон Республикаси қонунбилан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга”, деган норма мустаҳкамлаб қўйилди.
Мустақил Ўзбекистон аҳли учун 10 декабрь куни Давлат гимни қабул қилинган кун сифатида тарихга муҳрланган. Конституция шодиёналарига гимн қувончлари қўшилиб кетиши тасодиф эмас. Юртга баланд шуҳрату шукуҳ тилаб уюштирилган гўзал, эъзозли анъанадир. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашнинг ХI сессиясида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган эди. Худди шу сессияда 10 декабрь куни Мустақил республиканинг Давлат гимни ҳақидаги Қонун ҳам тасдиқланди.
Мутал Бурхонов мусиқаси, Абдулла Орипов шеъридан иборат гимн. халқимизнинг фахрига, ғурурига айланди. Зеро, Миллий тимсоллар ва рамзларнинг ҳар бири миллий ғуруримизни, юксалтиришга хизмат қилади. Уларнинг ҳар бири-катта бир дарслик, кучли тарбия воситасидир. Бу айни ҳақиқат! Мустақил Ўзбекистон гимнининг мақсад-муддаоси мурғак жондаги шахсни уйғотиш, юксак ижтимоий мурод-мақсадлар мезонларига мувофиқ равишда камол топтиришдан иборатдир.
Буюк Ватан тимсоллари, рамзлари ҳар бир давлат, унинг келажак авлодлари учун озодлик ва миллий ғурур тимсоли, бой маънавий обидадир. Мадҳия – миллатни ҳамиша ўз озодлик йўли, аҳдида собит тутиб турувчи руҳий қувват манбаи ҳамдир. Шунинг учун ҳам тараққий топган дунё халқлари ўз давлатининг мадҳиясини нафақат шодон ва мунаввар кунларида, хатто энг заҳматли ва синовли онларида ҳам тик туриб мардона куйлайдилар. У миллатни, халқни бирлаштирадиган, юксалтирадиган енгилмас кучга, юксак ирода ва қатъият, жасорат тимсолига айлантира оладиган қўшиқдир.
Ойбарчин Абдуллаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.