Парламент эшитувида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ахбороти эшитилди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановнинг “Ёшларни иш билан бандлигига кўмаклашиш, янги иш ўринларини ташкил этиш, шунингдек, камбағал, ишсиз фуқароларни доимий даромад манбаига ўргатиш ҳамда меҳнат фаоллигини ошириш мақсадида касб-ҳунарга ўқитиш бўйича қилинган ишлар юзасидан” ахбороти эшитилди.

Ахборотда таъкидланишича, мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, касбга ўқитиш ва қайта тайёрлаш, янги иш ўринлари яратиш, шунингдек фуқароларни доимий даромад манбаига эга бўлишлари учун изчил ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, меҳнат бозоридаги тенденциялардан келиб чиқиб, янги иш ўринлари яратиш билан биргаликда иш билан банд бўлмаган аҳолини иш билан таъминлашнинг ноанъанавий усулларидан фойдаланиб, уларни касбга ўқитиш, қайта тайёрлаш, субсидия ва грантлар ажратиш, тадбиркорликка ўргатишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 2021 йилнинг 9 ойи давомида 338,2 мингта янги иш ўрни ташкил этилди ёки прогнозга нисбатан 124 фоизга бажарилди.

Бандлик органлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 727,7 минг иш билан банд бўлмаган шахсларга бандлик хизматлари кўрсатилди. Ушбу мақсад учун Бандликка кўмаклашиш ва Жамоат ишлари жамғармаларидан 400 млрд. сўм маблағ ажратилди. Хусусан, 31,5 минг ишсиз, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган шахсларга 66,5 млрд. сўм субсидиялар ажратилди. Бунинг ортидан тикувчилик, мева-сабзавотчилик, паррандачилик, қуёнчилик, балиқчилик ва ҳунармандчилик каби йўналишларида 190 та кооператив ташкил этилиб, уларга 8768 нафар ишсиз фуқаро бириктирилди.

Ишсиз фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 93,5 минг нафар ишсизга Жаҳон банки лойиҳаси асосида ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан 81,9 млрд.сўм ишсизлик нафақаси тайинланди. “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз 91,6 минг нафар ёшларнинг бандлигига кўмаклашилди.

Шунинг билан бирга, қайд этилдики, олиб борилган ишларга қарамасдан республикамизда ишсизлик даражаси хамон юқори бўлиб, иқтисодий фаол аҳоли орасида 9,8 фоизни,16-30 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси -15,2 фоиз, аёллар орасида ишсизлик даражаси-13,1 фоизни ташкил этди. Норасмий секторда банд бўлганлар сони расмий секторда банд аҳолидан кўпчиликни ташкил этмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановнинг ахбороти юзасидан депутатлар бир қатор саволлар билан мурожаат қилдилар. Хусусан, жорий йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар бўйича маълумот бериш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни бандлигини таъминлашга қаратилган тадбирлар бажарилишининг боришини тизимли мониторинг қилиб бориш хусусида фикр-мулоҳзалар билдирилди.

Шунингдек, фуқароларимизнинг хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш ва бу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича, шу жумладан хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини йўлга қўйиш мақсадида ташқи меҳнат бозорини ўрганиш ва хорижда салоҳиятли иш берувчиларни қидириб топиш ва ваколатли органлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш тавсия этилди.

Парламент эшитувидаги масала бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш