Аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил этадиган мамлакатимизда, келажагимиз эгаларига ҳар томонлама эътибор қаратилиб, уларнинг иқтидор, интилишлари доимий равишда қўллаб-қувватланиб келинмоқда. Жумладан, ёшларга етарли шарт шароитлар яратиш, уларнинг ижодий ва илмий салоҳиятини рўёбга чиқариш, ғоявий иммунитет ва фаол фуқаролик позициясини шакллантириш мақсадида бир қанча амалий лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши ташаббуси билан вилояти ҳокимлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жорий йилнинг 11-12 декабрь кунлари республика миқёсида навбатдаги форум бўлиб ўтди.
“Бир мақсадда бирлашайлик” шиори остида “Ипак йўли” халқаро туризм университетида ташкил этилган форумда бир қанча йўналишлар бўйича ёшлар ўртасида семинар-тренинглар, маданий дастурлар, Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳат ташкил этилди.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси Бадриддин Насриев сўзга чиқиб, бу каби оммавий тарзда республика ёшларини қамраб олган тадбирлар ўз самарасини беришини, ёшларнинг дунёқараши ва фикрлаш доирасини янада кенгайтириш, баркамол шахс бўлиб, жамиятда ўз ўринларини топишлари ҳамда ўзлари қизиққан соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишишларига, шунингдек, уларнинг жамият ижтимоий ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Малакали спикерлар жалб этилган ҳолда ўтказилган семинар-тренинглар иштирокчи ёшлар ўртасида катта қизиқиш билан қабул қилинди. Бундан кўзланган асосий мақсад ёшларни инновацияга қизиқтириш, янги лойиҳалар яратиш ва бир мақсад йўлида бирлаштириш, уларнинг ўз лойиҳалари ва ғояларини юртимизда, нафақат юртимизда балки халқаро миқёсда тарғиб қилишдан иборатдир.
Ижодкор ёшлар ўз ижод намуналари билан форум доирасида “Уйғониш” лойиҳасида беллашдилар. Тадбир доирасида ташкил этилган давра суҳбатида таниқли ижодкор Жумагул Сувонова ёш ижодкорлар билан маҳорат сирлари ҳақида суҳбатлашди.
“Самарқанд ёшлар форуми - 2021” иккинчи кунида иштирокчилар кўҳна Самарқанднинг тарихий қадамжолари ва музейларга саёҳат ташкил этилди. Форум доирасида ўз ташаббускорлиги, ўзининг инновацион ғоя ва таклифлари билан фаол иштирок этган ёшлар ташкилотчиларнинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши