“Ишончли ижтимоий ҳимоя” биз учун принципиал аҳамиятга эга

Шарбат АБДУЛЛАЕВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши Фахрийлар кенгаши раиси:

— Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан сиё­сий партияларнинг нуқтаи назари, позициялари тобора мустаҳкамланмоқда. Уларнинг дастурларида жамият ҳаётининг муҳим масалалари акс этяпти. Сиёсий партиялар вакиллик органларида кўпроқ ўринларни қўлга киритиш орқали ўз ғояларини амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг стратегик вазифаларини ҳал этишда сезиларли таъсир кучига эга бўлиб бормоқда. Шунинг учун ҳам сайловда ҳар бир сиёсий партия сайловчилар, аввало, халқ олдида ўта муҳим масъулиятли имтиҳондан ўтади. Айниқса, бу йилги сайловлардан халқимизнинг умиди катта. Парламент депутатлигига интилаётган номзодларга ҳам талаб жуда юқори.

Қурултойда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов учун ташкил этилган 150 та округда 150 нафар номзодимиз илгари сурилди. Делегатлар барча номзоднинг партия номидан сайловда депутатликка номзод бўлишини қўллаб-қувватлади. Эндиги муҳим вазифа партиямиз Сайловолди дастурини, депутатликка номзодлар илгари сураётган дастурлар тарғиботини кучайтиришдан иборат, албатта.

Бунда энг аввало аҳоли бандлиги, турмуш фаровонлиги, кучли ижтимоий сиёсатга асосланган иқтисодий ислоҳотларни давом эттириш масалаларига эътибор қаратиш зарур, деб ўйлайман. Чунки бу масала партиямиз Сайловолди дастурида асосий ўринни эгаллайди.

Жумладан,          партия Сайловолди дастурида Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги, Халқ таълими вазирликлари билан биргаликда ногиронлар жамиятларига давлат субсидияларини ажратиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар меҳнати учун марказлашган давлат инвестициялари ҳисобидан ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этиш белгиланган. Ушбу корхоналарга ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бошқаруви органлари томонидан давлат ижтимоий буюртмаси бериш  тартиби бўйича  аниқ таклифлар ишлаб чиқиш бўйича муҳим масалалар ўрин олган. Бу ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда катта аҳамиятга эга, албатта.

Теглар

Қурултой Сайлов-2019 Сўз – Қурултой делегатларига!
← Рўйхатга қайтиш