Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қизғин муҳокамалар бўлиб ўтмоқда.
Хўш, қонунга қандай ўзгариш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда?
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, боқувчисини йўқотганлик пенсияси қарамоғидаги шахсларга улар 16 ёшга тўлгунга қадар, ўқувчи бўлса 18 ёшга тўлгунга қадар тўланади. Фуқаро 18 ёшга тўлганда, кўпинча олийгоҳга ўқишга киради. Табиийки, у ўқиш билан банд бўлган даврда таъминотсиз қолиб кетади.
Эндиги таҳрирга кўра, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўловларини марҳумнинг қарамоғидаги фарзандларига, улар 18 ёшгача тўлгунча, яъни яна 2 йилга узайтирилмоқда. Агар умумий ўрта таълим муассасаси, академик лицей ва олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса 23 ёшга тўлгунга қадар, яъни 5 йилга узайтирилган ҳолда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўлаш таклиф этилмоқда. Бу эса, етим болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш ҳисобланади. Шунингдек, ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга амалда 16 ёшгача қараган даврини иш стажига қўшиб ҳисобланаётган бўлса, бу муддат ҳам 2 йилга узайтирилиб, 18 ёшгача қилиб ўзгартирилмоқда.
Яна бир масала. Ҳозирда қонунчиликка асосан, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланган ҳолда бу таътиллар меҳнат стажига, лекин ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йил иш стажига ҳам қўшилади. Бу эса, кўп ҳолларда аёлларни бола парваришлаш даврида боласини ҳар тарафлама соғлом қилиб вояга етказиш ўрнига ишга чиқишга ҳам мажбур бўлмоқда. Қолаверса, мазкур тартиб бўйича бошқа давлатлар тажрибаси ўрганилганида, Арманистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия каби давлатларида 6 йиллик давр аёлларга пенсия ҳисоблашда бола парвариши таътилида бўлиш вақти иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Юқоридагиларга асосан, аёлларга пенсия ҳисоблашда уларни ижтимоий ҳимоясини янада мустаҳкамлаш ва уларнинг бола парвариши даврида бўлиш таътил вақтини муносиб рағбатлантириш долзарб эканлигидан келиб чиқиб бола парваришлаш таътилларини меҳнат стажига қўшимча яна 3 йил қўшилиши таклиф этилмоқда. Яъни, ушбу қонун лойиҳаси тасдиқланиши билан ҳаммасини жамлаганда болани парваришлаш таътиллари даврида бўлиш вақтининг 6 йили иш стажига қўшиб ҳисобланади.
Бу албатта, давлат томонидан бола парвариши билан банд бўлган аёлларга, шунингдек болаларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг навбатдаги ифодаси ҳисобланади.
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.