Конституциямизда белгиланган юксак умуминсоний ва демократик қадриятлар халқимиз қалбидан тобора мустаҳкам жой олмоқда. Бу “Инсон қадри учун”, деган устувор тамойилни рўёбга чиқаришда пойдевор вазифасини бажармоқда. Ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими яратиб бериш ҳаётий мақсадга айланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Конституция куни билан халқимизга йўллаган табригида ҳам Асосий қонунимиз эришилган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётгани, ҳалқимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, кенг кўламли ислоҳотлар, ўзгаришларнинг таянчи бўлиб келаётгани ёдга олинди.
Ўтган даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланди. Одамларнинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданият ошди.
Шунинг баробарида Ўзбекистон Конституциясини таҳрир қилиш зарурати ҳақида кенг қамровли ташаббуслар илгари сурилди. Улардан бири “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлаш ғоясидир. Айни ғоя партиямизнинг сиёсий мақсадлари ҳаётимизда ўз аксини топаётганлигини кўрсатади. Чунончи, охирги сайловларда биз мамлакатимизда ижтимоий тенглик, ижтимоий адолат ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этиш ғоясини ўз дастуримизда илгари сурганмиз.
Ижтимоий давлат деганда, ижтимоий соҳага устуворлик қаратиладиган, фуқароларнинг тенглиги, уларнинг турли табақаларга ажралишига йўл қўймайдиган, умумфаровонлик таъминланган жамият тушунилади. Айрим ривожланган Европа мамлакатларида давлатнинг ижтимоий мақоми Конституция даражасида мустаҳкамланган. Масалан, Германия Конституциясида унинг ижтимоий давлат эканлиги белгиланган.
Бизда мамлакатимизнинг ижтимоий давлат сифатидаги мақоми Асосий қонунда кўрсатилмаган эди. Аммо ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий муҳофазасига қаратилган сиёсат ижтимоий давлатнинг туб замини яратилганидан далолат беради. Давлат бюджети маблағларининг эллик фоиздан ортиғи ижтимоий соҳаларга йўналтирилаётганининг ўзи ҳам буни яққол исботлайди.
Фикримизча, бундан кейин ҳам ижтимоий соҳа, айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни барқарор иш ўринлари билан таъминлаш соҳасига эътиборни янада кучайтиради. Конституциямизга “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” тамойилининг муҳрланиши Ўзбекистонимизни эркинлик, имкониятлар тенглиги, ижтимоий адолат, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият принциплари ҳукмронлик қиладиган, Конституция ва қонунларнинг устуворлиги сўзсиз таъминланган, инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган ва барча аҳоли қатлами учун муносиб ҳаёт шароити яратилган ижтимоий давлат сифатида ривожланган давлатлар қаторига қўшилиши йўлида хизмат қилади.
Конституциямизда ўз ифодасини топган ижтимоий тенглик ва ижтимоий адолат принципини амалда таъминлаш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда.
Биринчидан, камбағалликни икки баробар қисқартириш мақсад қилиб олинди. Камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий ёрдамнинг янги ва самарали механизмлари жорий этилди. Бу ҳақда гап кетганда, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни, уларга киритилган фуқаролар билан тизимли ишлаш йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Энг муҳими, одамларда эркин меҳнат қилиш, ишбилармонлик ва тадбиркорлик ҳисобидан камбағалликдан чиқиш тажрибаси ва кўникмаси шаклланмоқда.
Иккинчидан, Асосий қонунимизда кафолатланган кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини амалга оширишда барча имкониятлар ишга солинаётир. Хусусан, эҳтиёжманд аҳолига якка тартибдаги уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун субсидиялар ажратиш кўзда тутилмоқда.
Учинчидан, ўткир ижтимоий муаммо бўлиб келаётган аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича давлат дастури доирасида сўнгги беш йилда 140 мингдан зиёд янги квартира ва якка тартибдаги уй-жойлар барпо этилди. Бу – олдинги беш йилга нисбатан 10 баробар кўп уй-жой қурилди, деганидир.
Келгусида ҳудудларда 1 миллиондан ортиқ аҳоли учун барча қулайлик ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган “Янги Ўзбекистон” массивларининг бунёд этилиши, “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурлари изчил давом эттирилиши белгиланаяптики, бу электоратимиз асосини ташкил этадиган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларни тарбиялаётган ота-оналар, оғир ижтимоий аҳволга тушган аёлларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш ишига хизмат қилади. Бу каби савобли амаллар, албатта, халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Тўртинчидан, нуронийларимиз, хотин-қизларимиз, ёшларимизнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, хонадон ва маҳаллаларимизда, ягона ва аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли юртимизда тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш масалалари ҳам Конституциямиздаги устувор вазифалардан ҳисобланади.
Бешинчидан, ўзини ўзи банд қилган аҳоли учун солиқ имтиёзлари берилиши ҳамда кўпгина чекловларнинг бекор қилиниши туфайли 500 минг нафар фуқаро меҳнат фаолиятини қонуний тарзда йўлга қўйди. Деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларига 300 миллиард сўм имтиёзли кредит ва субсидия ажратилгани ҳам қишлоқ аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлашда янги йўналишга айланди.
Олтинчидан, ижтимоий нафақа олувчилар қамрови 2 баробарга оширилиб, 1 миллион 200 минг нафарга етказилди. Кичик ёшдаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 4 йил давомида 2 баробар ортиб, 65 фоизга етди. Боғчалар сони эса 3 баробарга кўпайиб, 14 мингдан ошди. Олий таълимга қабул параметрлари 2016 йилга нисбатан 2,5 баробарга ўсди, ёшларимизни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 25 фоизга етди. Эҳтиёжманд оилаларнинг мингга яқин қизлари олий ўқув юртларига алоҳида давлат грантлари асосида қабул қилинди. Бу ҳам Конституция халқимизнинг барча ҳуқуқларини таъминлаётганлигининг ифодаси.
Юқоридагилардан маълум бўляптики, Ўзбекистон шиддат билан ўзгармоқда, янгиланмоқда. Одамларнинг кўз ўнгида янги Ўзбекистон бўй кўрсатмоқда. Янги Ўзбекистонда фаоллик, яратувчанлик руҳида яшаш ҳар бир инсон учун ҳаёт тақозаси, ижтимоий заруратга айланмоқда.
Ишонч билан айтиш мумкинки, Асосий қонунимизга киритиладиган таҳририй ўзгартишлар юртимизда ижтимоий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этишда мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилади.
Улуғбек Иноятов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари.
“Ўзбекистон овози”, 15.12.2021, №50