Одамнинг уй-жойи бўлса, ўз бошпанасига эга бўлса, албатта, хотиржам ва бахтли яшайди. Чунки оила жамиятнинг асосий бўғини, киши хонадони эса унинг кичик ватани саналади. Шундан келиб чиқиб, юртимиз аҳолисини турар жой билан таъминлаш чоралари йўлга қўйилган. Масалан, келгуси йил мамлакатимизда ипотека дастурлари доирасида 50 мингга яқин хонадонли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган. Бунга қарийб 13 триллион сўм мақсадли кредит ва 1 триллион 300 миллиард сўм субсидия ажратилиши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу масала атрофлича кўриб чиқилди. Президентимиз томонидан аҳоли ва қурувчиларга янги қулайлик ҳамда имкониятлар белгиланди.
Айтиш керакки, бугунги кунгача ипотека кредити ва субсидия олишда уй-жой майдони ва нархи билан боғлиқ чекловлар бор эди. Энди бундай чеклов бўлмайди. Сотиб олинадиган хонадоннинг майдони ва нархидан қатъи назар, эҳтиёжманд аҳолига дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 32 миллион сўм субсидия тўланади. Шунингдек, эҳтиёжманд аҳоли учун давлат томонидан қоплаб бериладиган субсидия миқдори барча ҳудудлар учун бир хил – 10 фоиз этиб белгиланади. Субсидиялар якка тартибдаги уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун олинган кредитлар учун ҳам татбиқ этилади.
Бу янгиликлардан аҳоли мамнун. Бевосита Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати саналган эҳтиёжманд кишилар манфаати ҳимояси кучайтирилгани эса партия фаолларига қўшимча вазифалар юклайди.
Хўш, тегишли мутасаддиларнинг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг бу борадаги фикрлари қандай? Янги массивлар бунёд этилишида масъул бўлган ташкилотлар нима дейди?
Даврон ОДИЛОВ, Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари:
— Бу янгилик ҳам уй-жойга эҳтиёжманд халқимиз, ҳам уй-жой қурилиши бозорида иштирок этаётган қурувчиларнинг ичида кутаётган орзу-мақсадлари эди. Шунча имконият яратилишини ҳатто биз ҳам кутмаган эдик. Шу маънода ушбу ўзгаришларни инқилобий селектор, десак тўғри бўлади.
Республикамизнинг барча ҳудудида илк шаклланган дастурга кўра, 29 та Янги Ўзбекистон массиви бунёд этилиш режалаштирилган. Албатта, бу дастур чекланиб қолмай, келгуси йилларда ҳам давом этади. Чунки дастурга асосан жуда ҳам катта ва кенг кўламли қурилишлар олиб бориладиган ҳудудлар бор. Шу сабабли, 2023-2024 йилларда ҳам ишимизни давом эттирамиз.
Авваллари бизда ёндашув бошқача эди. Аввал қуриб, кейин инфратузилма масалалари ҳақида ўйлар эдик. Давлатимиз раҳбари белгилаб берган дастурда уйларни массив шаклида қуриш қайд этилган. Лойиҳадан бошлаб ўша жойнинг ривожланиши режалаштирилади. Янги ташкил этиладиган массивда одамларнинг қаерда ишлаши, ўқиши, қайси поликлиника ёки маҳалла гузарига бориши ва дам олишидан бошлаб, урбанизация масалаларигача қамраб олинган. Бир сўз билан айтганда, комплекс ёндашув асосида амалга оширилади. Ана шунда инсоннинг бутун ҳаёти давомида зарур бўладиган барча ижтимоий-иқтисодий объектлар, энг муҳими, иш ўринлари яратилади.
Шу сабабли бош режага кўра, уй-жойларнинг манзилини танлашда ўқиш, касб-ҳунар ўрганиш, яшаш, болалар боғчасидаги коэффициентлар ўрганилади. Ўз сиғимига 1,5-2 баробар кўп ўқувчилар билан ишлаётган мактаблар ҳам бор. Шунинг учун фақат массивнинг ўзи эмас, ён-атрофидаги инфратузилмани ҳам ўрганиш топширилди. Ортиқча коэффициентдаги мактаблардан болаларни жалб қилишга ҳам рухсат берилди.
Бундан ташқари, ёшлар саноат зоналари, кичик саноат зоналар ташкил этилади. Қишлоқ аҳолиси асосан ёз мавсумида ўз даласида банд бўлади. Шу сабабли қишда улар учун иссиқхоналар қурилиб, даромадга эга қилиш ҳам кўзда тутилмоқда. Асосийси, шу кунга қадар бўлган баъзи ноқулай тартиблар бекор қилинди. Авваллари қурувчилар маблағ сарфлаб, токи қурилган уй-жойга кимдир эгалик қилишни бошлагандан кейингина банклар гаровга оларди. Фақат ана шунда қурувчилар сарфланган пулини қайтариб олиш имконига эга бўларди.
Яна бир жиҳати, шу кунгача қурувчининг пули нечта уйга етса, шунча қура оларди. Янги қарор бўйича эса бу имкониятлар бир неча баробар ошди. Эндиликда каркас қисми битган, яъни томи ёпилган уйни банк гаровга олиб, босқичма-босқич молиялаштириб боради. Натижада эса, маблағ жиҳатдан муаммолар ечими топилди. Бу эса ўз навбатида уй таннархининг тушишига олиб келади. Сабаби қурувчига давлат томонидан дастак берилади.
Қурилиш кластерлари ҳақида гап кетганда билишимиз керакки, уларда лойиҳа институтларидан тортиб, қурилиш сифатини назорат қилиш лабораторияларигача мавжуд. Ушбу соҳа бир нечта позициялардан иборат. Яъни, битта бинонинг вужудга келиши бир нечта босқични ташкил этади. Темир-бетон, эшик-ромлари, жиҳозлар, пардозлашда ишлатиладиган хом ашёлар — буларнинг ҳаммаси кластерлар томонидан етказиб берилади. Кластерлар орасида уларни 80 фоизгача маҳаллийлаштиришга эга бўлганлари бор. Натижада сифатни назорат қилишга эришилади ва нархларнинг ошиб кетишига тўсиқ бўлади. Логистика харажатлари камайишига олиб келади. Галдаги вазифа бу каби қурилиш кластерларини кўпайтиришга қаратилади. Бунинг учун банкдан алоҳида кредит маблағлари ажратилди.
Келгуси йилда субсидия бўйича 21 минг хонадон қурилиши режалаштирилган. Умумий қуриладиганларнинг сони эса 50 мингтани ташкил қилади.
Фирдавс ШАРИПОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:
— Уй-жой билан боғлиқ муаммолар оз эмаслигини тан олиш керак. Бу борада айниқса, эҳтиёжманд кишилар кўпроқ қийналарди. Президент қарори билан ана шундай катта-катта барьерлар олиб ташланди, молиявий ёрдам ҳам берилди. Масалан, давлат томонидан бериладиган субсидия миқдори турлича эди. Қарор билан эса улар бир хил кўринишга келтирилди ва 10 фоиз қилиб белгиланди.
Яна бир масала шундаки, ипотека кредити олишда кафилликка ўтувчи шахс қариндош бўлиши кераклигини белгиланган эди. Жойларга борганимизда сайловчилардан айнан шу билан боғлиқ саволлар бўларди. Яъни, уйга эҳтиёжи бор, лекин бирор бир ташкилотда муайян иш жойига эга эмас. Банкдан кредит олиш учун эса ойлик иш ҳақи тақдим этилиши лозим. Банк эса тўлов қобилияти йўқлиги сабаби билан бундай кишиларга кредит ажратмасди. Муайян банд бўлмаса-да, фермер хўжаликлари ёки бошқа савдо-сотиқ ишлари орқали тўлов қобилиятига эга бўлади. Банк томонидан талаб қилинаётган ҳужжатлар нуқтаи назаридан ана шу шахслар бошпана ололмай қийналаётганди. Эндиликда эса, қариндош бўлмаган фуқаролар кафиллигига ҳам рухсат берилади. Демак, бу борадаги масалалар ҳам ўз-ўзидан ечим топади.
Хабарингиз бор, чин етимлар, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ёки ногиронлиги бўлган шахслар учун янги массивларда уй-жойлар барпо этилиб, туман ҳокимликлари томонидан тақдим этиб келинаётганди. Биз ҳам фракциямиз ёки қўмитамиз томонидан жойларда назорат-таҳлил тартибида ўрганаётган вақтимизда бунақа рўйхатларда навбатда турганлар кўплигининг гувоҳи бўлганмиз. Ушбу масалага ечим сифатида селекторда алоҳида чора-тадбир белгиланди. Яъни, келгуси йилдан бошлаб юқорида айтилган тоифа кишиларга иккиламчи бозордан ҳам имтиёзли равишда уй олиш имконияти яратилади. Бу эса уйга жуда ҳам эҳтиёжи юқори аҳоли вакиллари ўзига керакли ҳажмдаги уйни олиш имкониятига эга бўлди. Натижада улар янги массивлар қуриб битказилишини кутиб туришга мажбур бўлмайди.
Шу ўринда мақсадли ипотека омонати механизмининг аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. Банк, қурувчи ва харидор бор. Энди уч томонлама шартнома тузилади. Харидор банк орқали қурувчини молиялаштиради, яъни банк қурувчини маблағ билан таъминлайди ва шу аснода занжир узилиб қолмай, уй-жой масаласи ечими ҳал бўлади. Соддароқ қилиб айтганда, харидор қурувчи билан эмас, банк билан савдони амалга оширади. Аҳоли учун қулайлиги эса банк фуқарога объектнинг вақтида топширилишига кафил бўлади. Баъзан белгиланган, ваъда қилинган вақтда уйлар топширилмаслик ҳолатларини кўрамиз. Демак, янги тартибга биноан энди мижозлар хавотирга тушмаса ҳам бўлади.
Буларнинг барчасига албатта, маблағ ва хом ашё керак. Шундан келиб чиқиб, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш потенциалини оширишга ҳам урғу берилди. Ушбу йўналишда ҳам имкониятларимиз етарли бўлиб, улардан энг юқори даражада фойдаланиш талаб этилади. Маҳаллий хом ашёдан қурилиш материаллари ишлаб чиқарилса ва улардан фойдаланилса, уй-жойнинг таннархи пасайишига ҳам олиб келади.
Умуман, ҳар бир йўналиш бўйича жорий этилаётган янгиликлар Халқ демократик партияси электорати манфаатларини ҳимоя қилиши билан аҳамиятли. Шу сабабли бу борадаги ишларнинг олиб борилиши ҳамиша эътиборимиз марказида бўлади.
“Ўзбекистон овози” мухбири
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА тайёрлади.
“Ўзбекистон овози”, 15.12.2021, №50