Жаҳон банки янглишган бўлсин-да...

 

Йил якунланиб борар экан, турли сўровномалар, рейтинглар тузилади, натижалар таҳлил қилинади. Ўзимиз ёзган ҳисоботларда алланечук “меҳр” уфуриб туради, яхшисини ошириб, ёмонини яшириб дегандек. Шу боисданми, хориж компанияларида тузиладиган турли рейтинг, ҳисоботларни диққат ва ҳушёрлик билан кузатамиз. Айниқса, жаҳон банкидек нуфузли идоранинг ҳисоботи бўлса, буниси энди анча жиддий. Зотан, ҳисобот тайёрлаш усуллари, индикаторлари мураккаб бўлгани учун, энг асосийси, инвесторлар, ҳамкорлик қилиш истагида бўлганлар шу каби муҳим ҳисоботларга таяниши жиҳатидан, Жаҳон банкининг Ўзбекистон ёшларининг иш билан бандлигига доир ҳисоботи муҳим.

 

Ёшлар – муаммо(ми?)

Яқинда Жаҳон банки Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлашдаги муаммо ва имкониятлар тўғрисидаги ҳисоботини эълон қилди. Унда айтилишича, Ўзбекистонда 24 ёшгача бўлган ёшлар сони 15 миллион, 29 ёшгача бўлган ёшлар эса 18 миллион нафарни ташкил қилади. Бу шахслар гуруҳи мамлакатнинг иқтисодий ривожланиши учун ҳам имконият, ҳам муаммодир. Улар меҳнатга лаёқатли аҳолининг бошқа гуруҳларига қараганда ишга жойлашишда жиддийроқ тўсиқларга дуч келишади, шунингдек, юқори даражадаги иқтисодий нофаоллик ва меҳнат бозоридан норозиликни намоён этадилар. 16-24 ёшли ёшларнинг 24 фоизини, 16-29 ёшлиларнинг 26,4 фоизини ҳеч қаерда ўқимаётган ва ишламаётган ёшлар ташкил этади....

Албатта, ёшлар бандлигини таъминлаш умумдавлат аҳамиятига эга масаладир. Яширишнинг ҳожати йўқ, Ўзбекистонда ёшлар ишга жойлашишда қийинчиликларга учраётган ижтимоий ночор тоифалардан бири ҳисобланади.

Ҳақиқатан ҳам, бу борадаги аҳвол чатоқмикан?

 

Ёшлар бандлигини таъминловчи омил – кучли таълим тизими

Ҳозир мамлакатимиз аҳолисининг 55 фоизини йигит-қизлар ташкил этади. Тўғри, сўнгги йилларда ёшлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг миқёсидаги ишлар олиб борилди.

Меҳнат бозорига 2021 йилда жами 560 минг нафар битирувчи кириб келди. Яъни, олий таълим муассасаларини 103,1 мингдан ортиқ, умумтаълим мактабларини 440 мингга яқин, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини 18 мингдан зиёд ёш тамомлади. Олий таълим тизимини ривожлантириш концепциясида ёшларни қамраб олиш даражасини 2030 йилга қадар 50 фоизга етказиш белгиланган.

Айтиш керакки, ёшларимиз орасида ўз тенгдошларига ибрат бўлаётган, жамиятдаги янгиланишлар жараёнида фаол иштирок этаётганлари жуда кўп. Аммо ўқишни битириб, ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаша олмаётган, сарсон-саргардонликда юрган йигит-қизлар бор. Ҳаётда ўз ўрнини топишга қийналаётган, адашган, кўмакка муҳтожлари ҳам йўқ эмас.

Демак, ислоҳотларга қарамай, ёшларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш борасида муайян камчиликлар ҳам бор...

 

Хўш, гап нимада?

Аслида ёшлар – мамлакат тараққиёти учун катта иқтисодий куч ва яхши имконият дегани. Лекин бу мақсадга эришиш учун аввало, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, улар учун кредит ажратиш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масалаларига жиддий эътибор бериш керак. Бироқ, афсуски, бизда аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизлар тақдирига куюнчаклик билан муносабатда бўлиш ҳолатларига ҳамма жойда ҳам дуч келинавермайди. Бунинг ортидан бири иккинчисига издош бўлган муаммолар кўпайгандан кўпаймоқда.

  1. Қишлоқ жойларда иш ўринларининг етишмаслиги ва ишчи кучига талабнинг сустлиги, норасмий бандликнинг юқори даражаси ва иш ҳақининг пастлиги — ёшлар бандлигини таъминлашда асосий муаммолардан бири. Аксарият ёшлар расмий рўйхатдан ўтказилмасдан ва меҳнат дафтарчасини очмасдан ишга қабул қилинади. Ёшлар иш ҳақи кутилган даражасига нисбатан пастлигидан шикоят қилишади.
  2. Диплом йўқ – иш йўқ. Маълум бўлишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 29 ёшгача бўлган ёшлар 18 миллион бўлиб, мамлакат Европа ва Марказий Осиёда энг кўп ёшларга эга. Келгуси 10 йил ичида меҳнатга лаёқатли аҳоли сони яна 12 фоизга ошиши кутилмоқда. 16–24 ёшдаги барча ёшларнинг 24 фоизини (26,4 фоизи — 16 ёшдан 29 ёшгача бўлган гуруҳда) ишсиз ёки ўқимайдиган ёшлар ташкил этади. Қизлар орасида ишсизлик айниқса, юқори — ўғил болаларга нисбатан 4 баробар кўп.
  3. Билим ва кўникмаларнинг етишмаслиги асосий муаммолар сифатида кўрсатилган. Айтилишича, умумий таълим тизими ҳамда касб-ҳунар таълими орқали тақдим этилаётган техник кўникмаларнинг сифати пастлиги ҳамда иш берувчилар томонидан талаб қилинадиган билим ва кўникмаларга сезиларли даражада мос келмайди. Ўз бизнесини бошлашда бизнес режани пухта ишлаб чиқишда зарур билимлар етишмайди. Шунингдек, олий таълим муассасаларига кириш жуда қийин (эди! – таъкид бизники).
  4. Ўз бизнесини бошлашда имтиёзли кредит олиш имконияти чекланган ва аксарият ҳолларда бошланғич капитал мавжуд эмас. Бундан ташқари, кучли рақобат ва маҳаллий истеъмол бозорлари чекланганлиги ҳам асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда...

Қизиқ гаплар, ўзимизга маълум гаплар, аллақачон манзарани ўзгартиришга доир амалий ҳаракатлар бошланган. Мен бу жиҳатдан ҳисоботда янгилик кўрмадим.

 

Ахборот ва бизнес

Ҳисоботда бандлик бўйича давлат дастурларининг заиф томонлари ҳам санаб ўтилган. Жумладан, ёшлар меҳнат бозори тўғрисида етарлича маълумотга эга эмас ва мактабларда касбга йўналтириш амалиёти деярли мавжуд эмас. Ёшлар ва иш берувчилар бандлик бўйича мавжуд давлат хизматлари ва дастурларидан хабардор эмас ва бундан фойдаланилмайди. Шунингдек, ёшлар бандлигини оширишга қаратилган дастурларга давлат харажатларининг самарадорлиги ва ҳукумат аралашувининг оптимал даражасини аниқлаш борасида маълумотлар мониторинги ва баҳолаш маданияти ҳам заифлиги қайд этилган...

Жаҳон банки экспертлари телеграмдаги ўзбек сегментини ҳам кузатдимикан? Таълим, бизнесга доир қанча ресурслар бор. Назаримда, объективлик бузилган.

 

Умидсиз кайфиятда эканлигингиздан хабарингиз борми?

Жаҳон банкининг ҳисоботида айтилишича, Ўзбекистонда 16−29 ёшдагиларнинг 26,4 фоизини меҳнатда, таълимда ёки профессионал тайёрлов курсларида банд бўлмаган ёшлар (NEET) ташкил қилади. Қўшимча қилиб айтишаяптики, Ўзбекистонда 15−24 ёшлилар орасида “Умидсизликка тушган” ёшларнинг улуши 5 фоизга етади, 25−29 ёшли ёшлар орасида эса 4 фоизгача камаяди. Евроосиё минтақасидаги аксарият қўшни мамлакатларда бу кўрсаткич 2,5 фоиздан камроқ.

Қизиқ... Ҳурматли ёшлар, умидсиз эканлигингиздан ўзингизнинг хабарингиз борми? “Қозончининг ихтиёри ўзида, қаердан қулоқ чиқаришни ўзи ҳал қилади”, дейдилар.

Бу таҳлилни тайёрлаётганлар бизнинг маданият, қадриятларимизни билармиканлар, бу айблов косов кўтариб гулшанга киргандек бўлиб қолибди, деган шубҳа пайдо бўлди менда.

 

Нима қилишниям айтишади

Таҳлиллардан келиб чиқиб, ҳисобот муаллифлари ёшлар бандлиги соҳасидаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўз тавсияларини ҳам эълон қилди. Хусусан, ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган давлат дастурларини баҳолаш, ислоҳ қилиш ва кенгайтириш, мактаблар ва касб-ҳунар таълими марказларига рақамли кўникмаларни ўқитишни жорий қилган ҳолда уларни ривожлантириш, талаб катта бўлган кўникма ва касбларни яхшироқ диагностика қилишни таъминлаш, ёшларнинг таълим ва меҳнат бозори ҳақидаги маълумотлардан хабардор бўлиш имкониятини яратиш кераклиги таъкидланган.

Шунингдек, ёш аёлларнинг бандлик ва ўзини ўзи иш билан таъминлашда фаол иштирокини рағбатлантириш, болаларга ғамхўрлик қилиш бўйича хизматларни яхшилаш ва янада мослашувчан меҳнат қоидаларини жорий этиш, секторлар ва ҳудудлар бўйлаб касбий ва меҳнат мобиллигидаги тўсиқларни бартараф этиш учун қонунчилик ислоҳотларини илгари суриш, бандлик бўйича давлат хизматлари ва дастурлари ҳақидаги хабардорликни ошириш ҳамда хавфсиз ва самарали меҳнат миграциясини осонлаштириш бўйича тавсиялар берилган.

Тавсиялар бир қадар конструктив, ҳукуматнинг амалий ҳаракатларига ҳам уйғун эканлиги эътиборимни тортди.

 

 

НАТИЖАЛАР БОР, АММО КУТИЛГАНИДЕК ЭМАС...

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Парламент қуйи палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари мунтазам равишда бандлик бўйича белгиланган вазифалар ижросини назорат қилмоқда. Лекин, очиғини айтиш керак, натижалар кутилганидек эмас.

Халқ демократик партияси ҳукумат фаолиятига ишсизлик масаласи қандай ҳал этилаётганига қараб, баҳо берилиши зарур, деб ҳисоблайди. Шунинг учун биз республикадаги иш ўринлари яратилиши билан боғлиқ реал вазиятни танқидий таҳлил қилмоқдамиз.

Очиғини айтиш керак, жойларда аҳоли, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлашда тўсиқ бўлаётган муаммолар талайгина. Айтайлик, ҳудудида қанча ишсиз борлиги, улар ниманинг орқасидан тирикчилик қилаётгани ва нима билан бандлигидан бехабар раҳбарлар йўқ эмас.

Ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий вазият бири-биридан фарқ қилади. Бандлик ва янги иш ўринларини яратиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда шу нуқтаи назардан ёндашиш керак. Акс ҳолда, иш ўринлари қоғозда яратилади, сохта статистика шаклланади. Иш ўрни ҳақидаги ёлғон рақамлар кўпайиши ишсизлик муаммосини янада оғирлаштиради. Боиси, иш ўринлари учун йўналтирилган ресурслар беҳуда кетади. Яна бир муҳим йўналиш борки, узоқ йиллардан буён гапириб келинаётгани билан салмоқли натижаларга эришилмади. Гап ҳудудларда саноатни ривожлантириш, муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳақида бормоқда.

Янги иш ўринлари яратилиши мамлакат иқтисодиёти ўсаётганининг энг муҳим белгиларидан биридир. Ҳукумат бу масалага ижтимоий барқарорликнинг муҳим шарти сифатида ёндашиши зарур бўлмоқда. Афсуски, республикамизда ишсизлик ҳамон юқори даражада сақланиб қолмоқда. Бугунги куннинг ўткир, оғриқли муаммоси хусусида жиддий бош қотириб, аниқ, самарали чора-тадбирлар кўриш тақозо этилаяпти.

 

ХУЛОСА ЎРНИДА

Аслида, бандлик, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш масаласини бир кун ҳам кечиктириб бўлмайди. Юқоридаги хулосалар, ҳисоботлар, шу юрт фарзанди сифатида, ғуруримга тегса ҳам, мулоҳаза қилиб кўриб, бугунимизни эмас, келажакни – фарзандларимизни ўйлаб, ҳар қандай фикрни вазминлик билан қабул қилиш, керагини олишдан уялмаслигимизни ўйладим.

Муаммолардан кўз юмиб бўлмайди. Уларни қоғозлар остига яшириш, “бизда ҳаммаси зўр”, деган ҳисоботлар билан узоққа бориб бўлмайди. Ўзбекистонда аҳоли, айниқса, ёшлар бандлиги масаласида муаммолар кўплиги ўзимизга ҳам маълум. Уни бартараф этиш бўйича иш олиб борилаётганини ҳам биламиз.

Аммо, унутмаслигимиз керакки, ҳамма гап самарадорликда. Ёшлик тез ўтиб кетади. Бир марта келади. Уни бахтиёр яшаб ўтиш керак.

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 15.12.2021, №50

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш