Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиши тўғрисида

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Жиззах вилоят Кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ижроия қўмита аъзолари, туман ва шаҳар партия кенгашлари раислари ҳамда партия масъул ходимлари иштирок этди.

Йиғилишни вилоят партия Кенгаши раиси, халқ депутатлари Шароф Рашидов тумани кенгаши депутати Нуриддин Холматов олиб борди.

Йиғилишда “Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят Кенгашининг 2021 йилдаги фаолияти ҳамда 2022 йилдаги устувор вазифалари тўғрисида”ги масала юзасидан Депутатлик бирлашмалари ишини мувофиқлаштириш ва жамоатчилик қабулхоналари билан ишлаш бўлими бошлиғи Сирож Қодиров ахборот берди. Ахборотда ёшлар ва хотин-қизларни партия томонидан ўтказилаётган тадбирлар ва амалий лойиҳаларга жалб қилиш, шу орқали партия ғояларини кенг тарғиб қилиш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётгани, бу борада “Депутат ва ёшлар” лойиҳаси доирасидаги учрашувлар, давра суҳбатлари, оммавий ва маданий тадбирлар туфайли муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Хусусан, жорий йилнинг ўн бир ойи давомида Ёшлар сектори томонидан 170 дан ортиқ тадбирлар ўтказилган. “Ёшларга кўмак” лойиҳаси доирасида 1500 нафардан ортиқ ёшлар қамраб олиниб, улардан 600 нафари партия аъзолигига қабул қилинди, ёшлардан 30 нафарининг партия ёрдами билан бандлиги таъминланди.

Шунингдек, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни жамият ҳаётидаги иштирокни кучайтириш мақсадида “Аёлларга кўмак”, “Аёллар соғлиги – жамият бойлиги” каби лойиҳалар ташкил этилмоқда. Ижтимоий оғир аҳволдаги хотин-қизларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга ёрдам кўрсатиш, муаммоларини ҳал этиш бўйича депутатлар томонидан доимий ишлар олиб борилмоқда. “Аёллар соғлиги – жамият бойлиги” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тиббий кўрикларда 1715 нафар хотин-қиз, 615 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғлигида муаммолар аниқланган 331 нафар хотин-қиз ва 233 нафар болага тиббий муолажа олишлари учун йўлланмалар тақдим этилди.

Партиянинг сайловолди дастурида белгиланган мақсадларини амалга ошириш бўйича жорий йилга мўлжалланган амалий ҳаракат дастурининг ижроси юзасидан ўтган 11 ой давомида депутатлик гуруҳларида жами 60 та, доимий комиссияларда 60 та масала ўрганилиб чиқилиб, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сессияларида 44 та масала бўйича тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди. Бу борада Жиззах шаҳри, Ғаллаорол, Мирзачўл, Зафарабод ва Янгиобод туманлари кенгашлари фаоллик кўрсатишган бўлса, Бахмал, Зарбдор, Арнасой туманларининг эса бирмунча оқсаётгани қайд этилди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда Ўзбекистон ХДП вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан ўрганилган масалаларни халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига фаол олиб чиқиш, депутатлик гуруҳлари орқали ташаббусларни илгари суриш ва муаммоларни депутатлик назоратига олиб, ҳал этишда етакчилик қилишга келишиб олинди. Шунингдек, партия аъзолари сафини кенгайтириш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини янада жонлантириш масалалари юзасидан таклиф ва фикрлар билдирилди.

Йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан қарор қабул қилинди.

 

Сарвиноз МАМАНОВА,

Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят Кенгаши масъул ходими.

 

 

← Рўйхатга қайтиш