Масъуллар жазога тортилиши керак

 

Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳри, “Бестобе” ҚФЙда яшовчи фуқаронинг газ ва сув таъминоти йўқлигидан ҳали дунёга келмаган фарзанди она қорнида нобуд бўлгани борасида қилган арз-доди ижтимоий тармоқларда катта акс-садо берди. Натижада тармоқ фойдаланувчилари аҳолини куз-қиш мавсумида энергия ресурслари билан самарали таъминлай олмаётгани учун ҳокимият идораларини аёвсиз танқид, ҳақорат қилишган. Яна кимдир тасвирдаги эркакларга ҳамдардлик билдиради. Афсус, бирор текширув ўтказмасдан, масалага ойдинлик киритмасдан туриб, ҳукумат идораларига бор заҳримизни сочишга одатланиб қолдик.

Ваҳоланки, аҳолини сув, газ, электр қуввати билан таъминлашда беш йил олдингига қараганда вазият яхши томонга ўзгарган. Давлат аҳолини узлуксиз электр қуввати, сув ва газ билан таъминлаш учун соҳада катта ислоҳотлар ўтказаяпти. Маҳаллий ва хорижий сармоялар жалб этилаяпти. Мавжуд катта ва кичик ГЭСлар таъмирланмоқда, муқобил энергия қувватлари, шамол, қуёш энергия станциялари қуришга катта эътибор қаратилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айтмоқчимизки, барча муаммоларда ҳукумат ёки ҳокимият идораларини айблаб бўлмайди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва фракция аъзолари фикрича, агар ҳақиқатда сув ва газ таъминотидаги узилиш сабабли дунёга келмаган чақалоқ нобуд бўлгани исботланса, мазкур соҳага масъул шахслар жавобгарликка тортилиши керак. Бошқа томондан, куз-қиш мавсумида жойлардаги аҳолини коммунал хизматлар билан таъминлаш борасида самарали чоралар кўрилмас, масълият ва жавобгарлик ҳис қилинмас экан, нохуш ҳолатлар такрорланаверади.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш