Ўзбекистон – Корея: ўзаро шериклик ва дўстлик алоқалари мустаҳкамланмоқда

 

Ўзбекистон — Корея муносабатлари ҳақида гап кетганда, кейинги йилларда ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяётган, стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб бораётган икки давлат кўз олдимизда гавдаланади. Ўзаро муносабатлар пандемияга қарамасдан, изчил ривожланишда давом этмоқда.

Мураккаб шароитларда йирик инвестиция ва савдо лойиҳаларининг амалга оширилиши таъминланмоқда, янги кооперация объектлари ишга туширилмоқда. Жанубий кореялик шерикларнинг кўмаги ва иштирокида Тошкент шаҳрида минтақамиз учун ноёб бўлган замонавий болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил этилгани фикримиз тасдиғидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига қилган давлат ташрифи икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларида янги саҳифа очди, десак муболаға бўлмайди.

Ташриф доирасида давлат раҳбарлари иштирокида Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳукуматлараро битим, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги билан 2022-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022-2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, энергетика соҳасида ўзаро мулоқот ўрнатиш, “ақлли шаҳар”ларни ривожлантириш, Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш жамғармаси орқали молиялаштириш, нодир металлар, мис ва уларнинг қотишмаларига оид меморандумлар имзоланди. Бу ўз навбатида, соҳалар ривожига, аҳоли фаровонлигига, мамлакат юксалишига хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари ташриф чоғида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сок билан учрашди.

Суҳбатда Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб бораётгани, Президентимизнинг ушбу давлат ташрифи уларга янги кучли суръат бағишлагани мамнуният билан тилга олинди.

Ҳақиқатдан, кейинги йилларда Ўзбекистон-Корея муносабатларини мустаҳкамлашда парламентлараро “дўстлик гуруҳлари” фаол ишламоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида давлат бошқарувини ислоҳ қилиш, фуқаролик жамияти, гендер масалалари, таълим ва ҳудудларни ривожлантиришга доир қонун ижодкорлиги масалаларида тажриба алмашилиб келинмоқда. Бу каби омиллар ишлаб чиқилаётган қонунларнинг пухта-пишиқ, мукаммал бўлишиша хизмат қилмоқда.

Учрашувда шунингдек, Корея парламенти вакиллари келгуси йилда Тошкент шаҳрида ўтказиладиган Жаҳон мамлакатлари парламентларининг аёл спикерлари саммитида иштирок этишини тасдиқлади. Қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суришнинг янги институционал механизмларини жорий қилиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сок 2022 йилда тарихий саналар – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва корейс диаспораси Ўзбекистонда истиқомат қилишининг 85 йиллигини кенг нишонлаш бўйича тадбирлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан самарали парламент назоратини таъминлаш муҳим экани қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, биз депутатлар ушбу келишувларнинг ижроси, ҳамкорлик алоқаларининг янада ривожланишида ўзимизнинг бор кучимизни сафарбар қилиб, иш-фаолиятимизни олиб борамиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Кореяга амалга оширган давлат ташрифи доирасида имзоланган ҳужжатлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, иқтисодиёти юқори технологиялар ва қулай инфратизимга асосланган ширкатларига эга ривожланган, илмий салоҳияти ва математик саводи бўйича жаҳонда энг юқори ўринларда турадиган Корея билан ўзаро шериклик ва дўстлик алоқалари юртимизнинг янада ривожланишига хизмат қилади.

 

 

Ўрол ЎРАЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш