Мамлакатимизда ташқи сиёсат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар минтақамизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги салоҳиятини кенгайтиришга ва хорижий давлатлар билан кенг қамровли ҳамда ўзаро манфаатли алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилиб келмоқда. Ташқи сиёсий фаолиятдаги очиқ, прагматик ва амалий ёндашув асосидаги икки ҳамда кўп томонлама муносабатлар халқаро майдонда Ўзбекистонга бўлган қизиқиш ва интилишни янада кучайтирди.
Корея Республикаси билан икки томонлама муносабатлар масалаларининг бутун мажмуи бўйича стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашда худди шундай ютуқлар кузатилмоқда. Бевосита Корея инвестициялари ва илғор технологияларини, имтиёзли кредитларини фаол жалб қилиш ҳамда саноат, энергетика, инфратузилма, автомобилсозлик, фан ва инновациялар, соғлиқни сақлаш ва туризмни ривожлантириш соҳаларида юқори технологик лойиҳаларни амалга ошириш учун молия-техник ёрдам кўрсатилиши мамлакатимиз манфаатларига жавоб беради.
Шу нуқтаи назардан Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёнотни қабул қилганликлари муносабатларни чуқурлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Мазкур ҳужжатда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш, икки халқ ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадлари ўрин олган. Рақамлаштириш, “яшил” иқтисодиёт ва кучли ижтимоий сиёсат соҳалари алоҳида стратегик шерикликнинг уч муҳим йўналиши сифатида белгиланди.
Ўзбекистон ва Корея Республикаси халқларини асрлар давомида қарор топган қадимий дўстлик ришталари боғлаб туради. Бунинг тарихий илдизлари бор. Чунончи, бугунги замонавий Самарқанд ҳудудида жойлашган кўҳна Афросиёб шаҳри деворларида VII асрда Кореянинг Когурё сулоласи элчилари ташрифи акс этган суратлар сақланиб қолган.
Бугунги кунда Ўзбекистон ҳамда Корея муносабатлари турли соҳаларга оид 180 дан ортиқ шартнома ва битимлар негизида изчил тараққий топиб бормоқда. Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация (2006 йил), Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация (2014 йил), Алоҳида стратегик шериклик тўғрисида қўшма декларация (2019 йил) сингари муҳим ҳужжатлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш имконини берди. Стратегик шерикликнинг бугунги натижаларига олий даражада икки томонлама мулоқотлар жадал олиб борилгани сабабли эришилди, десак, янглишмаймиз. Дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери мамлакатларимиз ўртасида давлат раҳбарлари даражасида 20 дан зиёд учрашув бўлиб ўтди. Сўнгги йилларда ушбу мулоқот янада фаоллашгани кўзга яққол ташланмоқда.
Умуман олганда, Ўзбекистон ва Кореянинг ишончли шериклик муносабатлари тенг ҳуқуқлилик ҳамда кўп қиррали ҳамкорлик асосида узоқ истиқболли хусусият касб этган. Хусусан, мамлакатларимиз иқтисодий ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораяпти. Корея Республикаси Осиё — Тинч океани минтақасида Ўзбекистоннинг етакчи савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериги ҳисобланади. Ушбу мамлакат товар айирбошлаш ҳажми бўйича Хитой, Россия ҳамда Қозоғистондан сўнг тўртинчи ўринда туради. Кореянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо айланмасида Ўзбекистон улуши қарийб 50 фоизни ташкил қилади.
Мутахассислар фикрича, айни пайтда ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мавжуд имконият ва салоҳият тўлиқ ишга солинмаган. Яқин йилларда ушбу кўрсаткичларни ошириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўрилаяпти. Бугунги кунда Тошкент расмий Сеулнинг инвестиция ҳамкорлари рўйхатида етакчи ўринлардан бирини эгаллаган. Корея Республикасининг Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган инвестициялари ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ошди. Кореялик сармоядорлар иштирокидаги корхоналар нефть-газ, нефть-кимё ва кимё, қазиш, машинасозлик, электротехника ҳамда тўқимачилик соҳаларида, ахборот-коммуникация технологиялари, транспорт ва логистика ҳамда туризм йўналишларида муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Юртимизда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ҳамда Корея экспорт-импорт банки билан шерикликда йирик лойиҳалар амалга оширилаяпти. Кореялик тадбиркорларнинг мамлакатимизда муваффақиятли бизнес юритаётгани мазкур давлатнинг дунёга машҳур компанияларини жалб этишга ундамоқда. “Samsung”, “LG” сингари йирик корпорациялар республикамизга фақатгина ўз маҳсулотларини етказиб бермасдан, қўшма корхоналар ташкил қилмоқда.
Яна бир жиҳати, Корея дунёда ривожланган ва жозибали эркин иқтисодий зоналарга эга мамлакат ҳисобланади. Уларнинг сони ўттизтадан ошиқроқдир. Корея ушбу соҳада катта тажрибага эга давлат сифатида Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналар ташкил қилиниши ҳамда ривожлантирилишига яқиндан кўмаклашаётир. Ана шундай ҳамкорликдаги лойиҳалардан бири “Навоий” эркин иқтисодий зонасидир. Унинг ҳудудида Жанубий Корея, ХХР, Италия, Сингапур, Ҳиндистон, БАА ва бошқа мамлакатлар иштирокида 20 та корхона фаолият юритаяпти. Бундан ташқари, 2008 йилдан бери “Korean Air” компанияси “Навоий” аэропорти орқали юк ташишларни амалга ошираяпти, шунингдек, аэропортда илғор технологиялар ҳамда самарали тизимли назоратни жорий этиб келмоқда. Аэропорт бир кунда 1 минг тоннагача юк ўтказиш қувватига эга. Юк терминалида 300 тоннагача юкни сақлаш, 20 та самолётга хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Ушбу авиахабдан Сеул, Милан, Брюссель, Париж, Нью-Деҳли, Истанбул, Ханой ва бошқа шаҳарларга ҳаво қатнови амалга оширилмоқда.
Энг муҳими, халқларимиз ўртасида ўзаро англашувни чуқурлаштиришга хизмат қиладиган маданий-гуманитар алоқалар изчил кенгайиб бормоқда. 2016 йил октябрда Корея Республикасида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди. Юртимизда Корейс маданияти ва санъати уйи қурилди. МДҲда ягона бўлган ушбу лойиҳа мамлакатимиздаги корейс диаспорасига қаратилаётган юксак эътиборнинг яққол ифодасидир.
Давлатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқларимизни янада яқинлаштиришда кўп сонли корейс диаспораси муҳим роль ўйнайди. Ушбу миллат вакиллари МДҲда энг катта диаспора бўлиб (180 мингдан зиёд), сони жиҳатидан Хитой, Япония ҳамда Кореядан сўнг тўртинчи ўринда туради. Республикамизда амалга оширилаётган миллатлараро сиёсат юртимиз кўп миллатли халқлари ўртасида тотувлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини кучайтирмоқда.
Сеул музокаралари чоғида ҳам Президентимиз томонидан муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Улар 2022 йилни “Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро алмашинувлар йили” деб эълон қилиш, Тошкентда Корейслар тарихи музейи ҳамда Корейс маданият ва санъат уйи қошида кутубхона ташкил этиш таклифларидир.
Замонавий технологияларни кенг қўллаш асосида шаҳарни бошқариш, транспорт тизими ҳамда уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш бўйича самарали тизимни ташкил этиш соҳасида Кореянинг илғор тажрибасидан фойдаланиш масалалари ҳам алоҳида эътибордаги мавзулардан. Хуллас, Ўзбекистон Президентининг давлат ташрифи, унинг доирасида қабул қилинган қарорлар ва эришилган келишувларнинг аҳамиятига кўра, алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада юқори даражага олиб чиқиш учун мустаҳкам пойдевор яратувчи тарихий воқеа бўлди.
Хулоса ўрнида айтганда, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳамда Корея Республикаси ўртасидаги самарали ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига чиқди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Кореяга амалга оширган ташрифи икки томонлама муносабатларда муҳим босқич бўлади ва икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштириш ҳамда кенгайтиришга катта туртки беради.
Муқаддас Уразалиева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.