Ижтимоий тармоқларда автомобиль ювиш шаҳобчасида йўл патрул хизмати ходими ўз мансабини суистеъмол қилишга уринган ҳолат акс этган видео тарқалди. Бу шахс Қорақалпоғистоннинг Чимбой тумани ЙПХ ходими экани айтилаётган видеода у автомобилини навбатсиз ювдиришга уринган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимининг бу ҳатти-ҳаракати жамиятда ўзини устун олиш, оддий инсонларни менсимаслик сингари иллатлар ҳамон сақланиб қолаётганини англатади.
Демократик, ҳуқуқий давлат қуришнинг бош шарти асосий ҳуқуқ ва эркинликларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини кафолатлашнинг ҳақиқий тизимини яратишдир.
Халқ демократик партияси касбига доғ туширган, мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ЙПХ ходимга нисбатан тегишли тартибда жазо кўриш зарурлигини билдиради. Чунки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ўзи биринчи навбатда ахлоқий меъёрларга ҳамда қонун-қоидаларга риоя қилиши лозим.