Партиямиз фахрийлари ғолиблар сафида

 

Бу гап Наманган шаҳрида нуронийлар ўртасида ўтказилган “Ёшлар мураббийси” кўрик-танловининг вилоят босқичида кўп такрорланди.

Юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилаларни мустаҳкамлаш ҳамда ёшларни она Ватанга садоқат, ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва фидойилик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган кекса авлод вакиллари ўртасида Маҳалла ва Оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Мудофаа ишлари вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ёшлар мураббийси” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Бундай танловларни ташкил қилишдан мақсад кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарига ҳурмат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш.

Танловда вилоятнинг 14 та туман (шаҳар)идан келган отахон ва онахон учта шарт бўйича беллашди. Биринчи шартда иштирокчилар маҳаллаларида амалга оширилган ишларнинг тақдимоти билан таништирди. Иккинчи шартда ёшлар ўртасидаги муаммоли саволларга жавоб берилди ва сўнгги шартда ҳар бир нуроний ёшлар билан самарали мулоқот олиб бориш бўйича ижодий салоҳиятини намойиш қилди. Иштирокчиларнинг ҳар бир чиқиши вилоятнинг фаол жамоатчи нуронийлари ва фахрийлари томонидан баҳолаб борилди.

Якунда ғолиблар сафида туманимиздан иштирок этган нуроний, маънавият тарғиботчиси, Халқ таълими аълочиси, Ўзбекистон ХДП туман Кенгаши депутати Адашали Бекмирзаев иккинчи ўринни қўлга киритди. Қолаверса, туман “Нуроний” жамоатчилик Кенгаши қошидаги “Бувижонлар мактаби” раиси ХДП фахрийси, сиёсатшунос Саодат Ҳамдамова ҳам фаол иштирок этди.

Танлов сўнгида ғолиб нуронийларга маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг диплом, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалари топширилди.

 

Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ,

ЎзХДП тарғиботчиси.

 

 

Теглар

Фахрий Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш