Президент Парламент мажлисларини тўғридан тўғри жамоатчликка кўрсатиш бўйича тавсия берди. Жараён бошланди. Биринчи қадамлар ҳамма томон учун ҳам осон эмас, мақтовлар ҳам, танқидлар ҳам бор. Энг катта ютуқ табиийлик, дейишмоқда. Табиийлик, очиқлик ва тўғриликсиз демократия томон юролмаймиз.
Эмишки, халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг 20 декабрь кунига белгиланган сессиясида вилоят ҳокими аҳолига мурожаат йўллайди. Шу мажлисда қатнашадиган депутатлардан ҳокимга савол бермаслик талаб қилинган. Ижтимоий тармоқларда авжига чиққан хабарларга кўра, шаҳар ва туман кенгашларининг депутатлари, доимий комиссиялар раислари ҳамда котибиятлар раҳбарлари расмий кийимда, яъни оқ кўйлак, қора шим, галстук, депутатлик нишони, гувоҳномада келишлари шартлиги таъкидланган.
Шунингдек, вилоятдаги кенгашлар котибиятлари мудирларига йўлланган хатда сессияга телефон билан қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирилгани айтилмоқда. Сессияда саволлар берилмайди.
Хатда агар сессия кун тартиби бўйича интервью берадиганлар бўлса, вилоят ҳокими мурожаатидан келиб чиқиш лозим ҳамда сессия бўлиб ўтаётган жараёнда саволлар берилмаслиги қайд этилган экан.
Парламент мажлисларида ва маҳаллий Кенгашлар сессияларида депутатлар турли масалаларни кўради. Баҳс-мунозаралар, кези келганда кескин тортишувлар ҳам кузатилади. Ҳақиқий жараённи борича оммага намойиш этиш эса давлат органлари шаффофлигини таъминлашда жамоатчилик назоратини кучайтиришга, одамларда ишончни оширишга хизмат қилади. Мазкур масалада Халқ демократик партиясидан сайланган депутатларнинг ҳам ўз қарашлари, вазиятга муносабати бор.
Абдурашид УБАЙДУЛЛАЕВ, Наманган вилоят Кенгаши депутати:
— Биз ҳуқуқий демократик давлат қуриш йўлидан кетяпмиз. Бу жамиятда қонун устуворлигини таъминлашни билдиради. Нима хоҳласам, гапираман, қандай истасам, юраман, хоҳлаганимни қиламан, деган одам қонун олдидаги жавобгарликни ҳам унутмаслиги керак. Чунки қонун бу ҳамма учун бир қилиб белгиланган ҳужжат.
Депутат ўзи сайланган ҳудуддаги халқнинг вакили. Демак, ўзининг эмас, уларнинг манфаатидан келиб чиқиб, халқнинг номидан гапириш керак.
Юқорида халқ фаровонлиги учун хизмат қилувчи меъёрий ҳужжатлар қабул қилиняпти, қарор ва фармонлар амалиётга жорий этиляпти. Бироқ қуйида мана шу ҳаракат ғилдирагини айлантиришга онги, муносабати етадиганлар кам. Кўпчилик қотиб қолган. Ўзгаришлар учун эса вақт талаб этилади.
Сессияларнинг тўғридан тўғри эфирга узатилиши депутатларнинг гапираётган сўзига нисбатан масъулиятини оширади. Кун тартибидаги масалалар, жойлардаги ҳақиқий аҳвол билан боғлиқ таклифлар тайёрлашга, фикр билдиришга ундайди. Чунки халқимиз доно. Ким популист, сохта обрў учун фақатгина хўжакўрсинга иш қилади, кимда ғояга садоқат бор, аҳоли дардини ҳис қилади. Ҳаммасини ажратиб олади.
Шу ўринда яна бир гап. Демократия – оғзига келганини гапириш эмас. Сўз масъулияти, мажбуриятини англаш ҳам лозим. Ўйлайманки, бунга айрим блогерлар ҳам амал қилиши зарур. Қонун доирасида, маданият доирасида ишлаши тарафдориман. Охирги пайтлар ҳақорат ва ноўрин гаплар кўпайди.
Турли хабарларга келсак, ҳудудий телевидение ҳамда ижтимоий тармоқларда тўғридан тўғри ёритилишини инобатга олган ҳолда сессия йиғилишига халақит бермаслик мақсадида телефонни овозсиз ҳолатга келтириш тавсия этилиши мумкин. Бироқ уни олиб киришни тақиқлаш нотўғри.
Зулфия ТУЙЕВА, Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати:
— Сессиялар мажлиси нафақат халқ депутатлари Кенгашлари қарори қабул қилинадиган сиёсий йиғилиш, балки бу муҳим мунозаралар майдони ҳисобланади. Ҳудудга тегишли, халқ дардига айланган муҳим масалалар депутатлар муҳокамасига қўйилади. Сессияга киритиладиган масалалар бир неча кун олдин айтилгани боис депутатларимиз шу мавзу доирасида тегишли маълумотларга эга бўлган ҳолда келиши талаб этилади. Улар ўз фикрини билдириб, янги-янги ғоялар, таклифлар айтишади. Бу табиий ҳол, албатта. Халқ вакили ҳисобланган депутат ҳар бир масала юзасидан ўз қарашларига эга ҳолда сессияда иштирок этиши керак.
Форма масаласига келсак, буни талаб қилиш нотўғри. Лекин маданият билан, кўпчиликнинг ичига киришини ҳисобга олган ҳолда, озода, охорли кийимда бўлса, мақсадга мувофиқдир. Чунки бу ўзи ва бошқаларга нисбатан ҳурмат ҳамда эътиборни ифодалайди. Аммо депутатлик нишони албатта, бўлиши керак. Усиз мумкин эмас.
Албатта, сессияда мавзу юзасидан фикр айтиш ва саволлар билан мурожаат этишда ўзига хос маданият талаб этилади. Ҳар ҳолда, сессия мажлиси бозор эмас. Унда регламент белгиланиб, шу асосда гапириш, ҳар бир фикрга асос келтириш, маълум бир таклифларни ўрганишлардан келиб чиққан ҳолда, асослаб бериш ва албатта, нотиқлик санъати муҳим аҳамиятга эга.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари регламенти тўғрисидаги қонуннинг 61-моддасига асосан вилоят ҳокими ҳар йили вилоят Кенгашига ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этиши белгиланган. Шундай экан, тинглаш маданиятига кўра, ахборотни эшитиш, унга муносабат билдириш, электорат манфаатларидан келиб чиқиб, таклифлар айтиш лозим. Асосийси, депутат шаффофлик ва ҳаққонийлик нуқтаи назаридан ёндашиши зарур. Шундагина ишимизда самара бўлади.
Ҳамма ҳам сессияга шай ҳолда келади, десам ёлғон айтган бўламан. Гуруч курмаксиз эмас. Шунинг учун таклиф этилганлар орасида бир-иккита бепарволик билан телефон “ковлаб” ўтирганлари ёки шунчаки ҳисобот учун иштирок этиб, ҳатто қўл кўтариб тасдиқлашга-да ҳафсаласизлик билан, умуман эътиборсиз муносабатда бўладиганлар ҳам учрайди.
Бухорода халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда партиямиздан 90 нафар депутат бор. Уларнинг 70-80 фоизи фаол, 20-30 фоизи эса ижобий кўрсаткичларга эга эмас. 100 фоиз натижага эришиш учун янада кўпроқ ишлашимиз зарур.
“Ўзбекистон овози” мухбири
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА тайёрлади.
“Ўзбекистон овози”, 22.12.2021, №51