Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маданий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш, мамлакат аҳолиси, аввало, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, соҳадаги ишларни мувофиқлаштиришнинг ягона тизимини яратиш мақсадида умумтаълим мактабларида ҳам маънавий-маърифий соҳадаги ишларни мутлақ янгича ташкил этиш белгилаб берилган эди. Ушбу талабдан келиб чиқиб Қашқадарё вилоятидаги 1204 та умумтаълим ўрта мактабига ёзувчи, шоир, журналист ҳамда она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари сараланиб бириктирилди.
Қарши шаҳридаги Маънавият масканида қарор ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш ташкил қилинган семинар-тренингда энг фаол тарғиботчилар ишини оммалаштириш, бу борадаги фаолиятни янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда сўзга чиққан партиядошимиз, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ўроз Ҳайдар ва бошқалар 22-23 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган тарғиботчилар семинарида муҳокама қилинган масала ва ташаббуслар ҳақида тўхталиб ўтди. Галдаги вазифалар юзасидан семинар иштирокчиларининг таклиф, ташаббуслари ўртага ташланди.
Тадбирда тарғиботчиларга Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан китоблар тўплами топширилди.
Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.