Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналиши сифатида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда Парламент ва сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтиришга катта аҳамият қаратилмоқда. Қонун чиқарувчи органнинг назорат ваколати қонун чиқариш жараёнида муҳим, тадқиқотчи олим Руссонинг таъкидлашича “парламент миллат ва ҳалқ иродасини акс эттирувчи идора бўлганлиги учун ҳам халқ номидан назорат-текширув функциясини бажаради”.
Дарҳақиқат, қабул қилинган қонунларни ижросини назорат қилинмаса, у қонун қоғозда қолиб кетавериш эҳтимоли жуда юқори.
Парламент назорати институти қабул қилинган қонунларнинг ижро этиш даражасини ўрганиш, қонунларнинг амалиётда қўлланилишига салбий таъсир этувчи объектив ва субъектив омилларни аниқлаш, мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш, тегишли қонунларга назорат-таҳлил натижаларига асосан ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, давлат хокимяти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари ҳамда фуқароларнинг қонун талабларига сўзсиз риоя этиши бўйича масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Парламент назорати деганда парламентнинг қонун чиқарувчи орган сифатида ижро этувчи ҳокимият, биринчи ўринда ҳукумат фаолияти устидан назорат тушунилади.
Парламент назорати субъектлари қуйидагилардан иборат:
– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси;
– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати;
– Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари, комиссиялари;
– Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари;
– Қонунчилик палатаси депутатлари;
– Сенат аъзолари;
– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман).
Ўзбекистон Республикаси “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуннинг 5 – моддасида қўйидаги Парламент назорати шакллари белгиланган:
- Давлат бюджети ижросининг боришини кўриб чиқиш;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш;
- Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш;
- Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиш;
- Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузасини кўриб чиқиш
- Қонунчилик палатаси, Сенат мажлисларида ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш;
- Қонунчилик палатаси мажлисларида ҳукумат аъзоларининг Қонунчилик палатаси депутатлари саволларига жавобларини эшитиш ёки "Ҳукумат соати"ни ўтказиш жадвали Бош вазир билан келишилган ҳолда Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан белгиланади;
- Сенат мажлисларида вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш;
- Ўзбекистон Республикаси чет давлатдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолияти масалаларига доир хисоботларини эшитиш;
- Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитиш;
- Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини эшитиш;
- Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботини эшитиш;
- парламент сўрови;
- Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўрови;
- Қонунчилик палатаси, Сенат қўмиталари томонидан давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш;
- қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари томонидан ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан улар томонидан мониторингни амалга ошириш;
- парламент текшируви.
Давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига ёзма жавобни, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозим. Парламент сўровига жавоб ўз номига сўров юборилган мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланади.
Парламент назорати натижалари асосида ҳукумат аъзосини истеъфога чиқариш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти кўриб чиқиши учун таклиф киритиши, тегишли давлат органларига, хўжалик бошқаруви органларига қонун ҳужжатларининг, давлат дастурларининг ижроси, ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларнинг амалга оширилиши самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўриш юзасидан таклифлар ва тавсиялар киритиши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан киритилган маърузаларни, ҳисоботларни, ахборотни ҳамда бошқа материалларни улар юзасидан мулоҳазалар ва таклифларни кўрсатган ҳолда ушбу органларга маромига етказиш учун белгиланган тартибда қайтариб юбориши,парламент назорати материалларини ваколатли давлат органларига ўз ваколатларига мувофиқ кўриб чиқиш учун юбориши, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонун ҳужжатларини бузишнинг бошқа ҳоллари маълум бўлиб қолган тақдирда уларга дарҳол чек қўйиш чораларини кўриш талаби билан тегишли давлат органларига, хўжалик бошқаруви органларига ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат қилиши, мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш, уларни лавозимидан озод этиш тўғрисида тегишли давлат органларига, хўжалик бошқаруви органларига таклифлар ва тавсиялар киритиши, янги қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш ёки амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқиши, парламент назорати натижаларини эълон қилиши мумкин.
Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди, жумладан, Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш, халқимиз кутаётган Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга хизмат қиладиган қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга тадбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтиришга устувор аҳамият қаратиш, жойлардаги ижро идораси раҳбарларини ҳисоботини эшитиш ва унинг натижасига мувофиқ, уларга нисбатан таъсирчан чоралар кўришга аҳамият қаратилиши бўйича алоҳида вазифалар белгиланди. Бу эса албатта Парламент аъзоларининг масъулияти ҳамда депутатларнинг қонун ижросини назорат қилиш борасидаги вазифаларига кўпроқ эътибор қаратишини талаб қилади.
Шохиста Турғунова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.