Президентимиз Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Бугунги кунда Президентимизнинг ташаббуси билан республикамизда ерни асраб-авайлаш, адолатли ажратиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда қишлоқ ерларини очиқ танлов асосида ажратиш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган жойларни аукцион асосида хусусийлаштириш тўғрисида қонун қабул қилинди.
2020 йил 7 сентябрда “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони имзоланган эди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида Кадастр агентлиги ташкил этилди. Фармонда кўплаб янгиликлар қатори давлат кадастрлари объектларини хатловдан ўтказиш ва Миллий геоахборот тизимига киритиш вазифаси ҳам белгиланган эди. Ҳозирги кунга келиб, барча соҳаларда аҳоли учун қулай имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, хусусий ер-мулк, кадастр тизимида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.
Ўзбекистон тарихида илк бор қишлоқ хўжалиги ерлари ялпи хатловдан ўтқазилмоқда. Бугунги кунгача Президентимиз томонидан айтилган маълумотга асосан, 23 миллион гектар қишлоқ ерларининг электрон хариталари яратилди. Шундан, 22 миллион гектари давлат рўйхатидан ўтказилди.
Илгари ҳисобга олинмаган 412 мингта кўчмас мулк кадастр базасига киритилди, 478 мингта объектда қўшимча қурилмалар аниқланиб, кадастр баҳоси қайта кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, йўл, электр, газ таъминоти, сув хўжалиги, ободонлаштириш объектлари, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар кадастрида ҳам кўплаб муаммолар мавжуд эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Бундан маълумки, қилинадиган ишлар ҳали кўп эканлигидан далолат беради.
Шу боис Президентимиз томонидан йиғилишда галдаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Аввало, қишлоқ хўжалиги ерларини ҳисобга олиш ишларини келгуси йил 1 апрелгача якунлаш муҳимлиги ва бунинг учун қишлоқ хўжалиги ер балансидаги 2 миллион 700 минг гектар майдонининг тоифасини аниқлаш зарурлиги таъкидланди
Келгуси йилда аҳолига ижарага бериладиган 80 минг гектар ерни давлат рўйхатидан ўтқазиб, кейин танловга чиқариш вазифаси қўйилди.
Ҳудудларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳам кўплиги, улардан ҳам самарали фойдаланиш зарур эканлиги қайд этилди.
Масалан, ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тасарруфида 10 миллион гектардан зиёд, сув хўжалиги вазирлиги тизимида 820 минг гектар, автомобиль йўллари атрофида 450 минг гектар ер борлиги, шунингдек, 3 миллион 300 минг гектар ер ҳокимликлар заҳирасида турганлиги эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбари бу ерларнинг электрон харитасини тузиш ва давлат мулки сифатида рўйхатдан ўтказиш кераклигини таъкидлади.
Ички йўллар ва кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларни доимий фойдаланишга ажратиш мумкинлиги айтиб ўтилди.
Яна бир муаммо – ер балансида аҳоли яшаш майдонлари 223 минг гектар бўлса-да, амалда 1 миллион гектардан ошиб кетган. Шу боис, бундай кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтқазиб, унинг натижаси бўйича электрон харита тузиш ҳамда аҳоли учун очиқ онлайн платформага жойлаштириш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, йиғилишда кадастр идораларининг шароитларини яхшилаш, ускуналарини янгилаш бўйича ҳам топшириқлар берилди.
Албатта, Президентимиз олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотлар кўлами барча соҳада ўз натижасини кўрсатмоқда. Хусусан, фойдаланиладиган ерларнинг ҳам кўпайиши бугун мамлакатимизда аҳоли турмуш тарзининг яхшиланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Урол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўз ХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.