Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Маълумотларга кўра, дунёдаги хотин-қизларнинг учдан бир қисми умри давомида ҳеч бўлмаганда бир марта зўравонликка дуч келар экан. Бугунги кунда дунёда аёлларга турли тазйиқлар, оилавий зўравонликлар, жинсий қуллик ва бошқа таҳқирлашлар содир этилаётгани рад этиб бўлмас ҳақиқатдир. Бундай ҳолатларга қарши курашиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилиш, ушбу глобал муаммонинг кўламини чуқурроқ англаш ҳозирги кунда инсоният учун долзарб масалага айланган.
Ўрни келганда қайд этиш керак, мамлакатимизда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўровонликларнинг олдини олишнинг таъсирчан механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон президентининг 2021 йил 19 майда қабул қилинган “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан янгича тизим яратилди. Қарор ижросини таъминлаш доирасида зўравонликдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази тугатилиб, унинг ўрнига Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш каби масалалар Марказнинг асосий вазифалари сифатида белгилаб берилган. Шунингдек, бу борада доимий алоқа ўрнатиш мақсадида куну тун ишлайдиган 1146 қисқа рақамли “ишонч телефони” фаолияти йўлга қўйилди.
Бугун имзоланган меморандум аёлларимиз, оналаримиз, опа-сингилларимиз зўравонликсиз ҳаётда хавфсиз ва фаровон яшашига яратиб берилган яна бир имкондир.
Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари Гулшан Асатова тадбирда қилган чиқишида касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш афзал эканини таъкидлаб, ўзаро ҳамкорлик доирасида бир қатор таклифларни илгари сурди.
– Биринчидан, турли хил зўравонликларга қарши курашиш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўровонликлардан ҳимоя қилиш, ушбу иллатларнинг салбий оқибатларини боғча ёшидан бошлаб аввало оилада, таълим муассасаларида болалар онгига сингдириб бориш мақсадга мувофиқ. Иккинчидан, қизларимизнинг билим олишлари, жамиятда ва оилада ўз ўрнига эга бўлишларини таъминлаш муҳим ҳисобланади, чунки ўз ҳақ-ҳуқуқини билган инсон ўзини ҳимоя қила олади ва зўровонликка қарши тура олади, – деди жумладан Г. Асатова.
Ўзбекистон ХДП меморандумдаги вазифаларни бажаришда фаол иштирок этади ва хотин-қизларга қарши содир этилаётган ҳар қандай зўровонликларга қарши муросасиз курашади.
Хуршидабону Назарова,
Ўзбекистон Халқ демократик партияси
Марказий Кенгаши масъул ходими.