Ҳазорасп туманидаги 19-умумтаълим ўрта мактабида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ҳазорасп туман кенгаши томонидан “Ёшларга кўмак” лойиҳаси доирасида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда туман партия кенгаши масъул ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари, мактаб маъмурияти ҳамда иш билан банд бўлмаган ёшлар қатнашди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон ХДПнинг Сайловолди дастури ҳамда 2020-2024 йилларга мўлжалланган амалий ҳаракат Дастурида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Шу жойнинг ўзида ишсиз ёшлардан икки нафари тумандаги “Ғофур-Рухия” фермер хўжалигига ишга жойлаштирилди.
Тадбир доирасида партиядан сайланган депутатларнинг 19-умумтаълим ўрта мактаби битирувчилари билан учрашуви ташкил этилди. Унда ёшларнинг қизиқиш билдирган касблари бўйича таклиф этилган йирик хусусий тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш субъектлари вакиллари иштирок этди. Мулоқот давомида идоравий келишув асосида ёшлар қизиққан касби бўйича ушбу корхоналарга шогирд этиб бириктирилди. Шогирдликга берилган ёшлар фаолияти мунтазам равишда партия ташкилотлари томонидан мониторинг қилиб борилишига келишиб олинди. Навбатдаги босқичда эса касб эгаллаган ёшларни бандликка кўмаклашиш маркази ёрдамида ишга жойлаштиришга, бизнес қилиш ниятида бўлганларга кўмак кўрсатилиши бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинди.
Тадбир аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш борасида амалий ишларга йўл очиши билан аҳамиятли бўлди.
Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.