Чўл бағридаги янги мўъжиза

 

Ўзбекистонни суюлтирилган синтетик ёқилғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Uzbekistan GTL» заводи очилгани бутун дунёдан турли компаниялар ва пудратчилар иштирок этган энг замонавий корхона бунёд этиш бўйича амалга оширилган улкан ишларнинг ажойиб натижаси бўлди. Янги завод Ўзбекистоннинг табиий газ экспортини кескин камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир. Энди газ хом-ашёси нефть-кимё ва кимё саноатида юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун ишлатилади. «Uzbekistan GTL» заводи Ўзбекистоннинг янги саноат марказига айланади. Ўзбекистон ва, умуман, Марказий Осиё хорижий инвесторларда суюлтирилган синтетик ёқилғи (GTL) ишлаб чиқариш технологияларини ривожлантириш бўйича катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу табиий газнинг катта захиралари мавжудлиги, ушбу ресурсларни тижоратлаштиришдаги қийинчиликлар ва транспорт ёқилғисини етказиб бериш билан боғлиқ даврий муаммолар билан боғлиқ. Шу нуқтаи назардан Қашқадарё вилоятида «Uzbekistan GTL» заводини бунёд этиш лойиҳаси Ўзбекистонга кириб келаётган хорижий инвестицияларнинг жиддий кўрсаткичи ҳисобланади. Ушбу йирик лойиҳа келгусида мамлакатнинг табиий газни чуқур қайта ишлаш салоҳиятини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, амалга оширилган изчил чора-тадбирлар самарасида мазкур кенг кўламли мажмуада пандемия шароитида ҳам қурилиш ишлари бир сония бўлсада тўхташига йўл қўйилмади.

«Uzbekistan GTL» заводида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар, айниқса, Ўзбекистоннинг ёқилғи-энергетика мустақиллигини таъминлаш ва ошириш, жумладан, углеводород хом-ашёси импортини кескин камайтириш, ички бозорни юқори сифатли ҳамда экологик тоза ёқилғи билан таъминлашда стратегик аҳамиятга эга бўлади. Ушбу лойиҳа мамлакат қишлоқ хўжалиги, кон-металлургия ва транспорт саноати учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, нефть-кимё ва бошқа хом-ашёларни қайта ишлаш мамлакатда жадал ривожланаётган тўқимачилик саноати эҳтиёжларини ҳам қондиради. Авиация ёқилғисининг ишлаб чиқарилиши эса республиканинг Осиё ва Европа ўртасида ҳаво хабига айланишга қаратилган мақсадига эришишга ёрдам беради. Бундай улкан мажмуанинг қурилиши кейинги йилларда саноат ривожини янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалга оширилаётган сиёсатнинг натижасидир. Ушбу завод мамлакатимизда ва умуман минтақамизда нефть-газ-кимё саноати соҳасидаги энг йирик корхонадир. Мажмуада йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд бўлган 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади. Ушбу маҳсулотлар ҳисобига, йилига 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланади, 200 миллион долларлик экспорт ва 2 триллион сўмлик солиқ тушумлари таъминланади. Натижадорлик жиҳатидан айтганда, бу ерда табиий газ 3 баробар юқори қийматли тайёр маҳсулотларга айлантирилади. Хусусан, авиакеросин жуда тоза ва сифатли бўлиб, энг замонавий самолётларга мўлжаллангани учун унга ҳамиша талаб бор. Заводда ишлаб чиқариладиган дизель ёқилғиси ҳам камида Евро-6 стандартларига мос бўлади. Бу маҳсулотлар мамлакатимиздаги логистика марказларини ривожлантириш ва авиация хабларини ташкил қилишга мустаҳкам замин яратади.

Халқаро энергетика агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, GTL маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2030 йилга бориб 2 баробар ўсади. Шу боис янада юқори қўшилган қийматли бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилган. Жумладан, завод негизида алкил-бензол, бутен ва гексен, синтетик мойлар, малеин ангидрид, эмульсион қўшимчалар, катализаторлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 620 миллион доллар бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланган. Бу ярим тайёр маҳсулотлар кимё ва маиший кимё, текстиль, чарм ва мебель, қурилиш материаллари ва электротехника каби соҳаларда кенг қўлланилади.

Завод ишга тушганидан кейин жами 1 минг 300 та мутахассис юқори даромадли, доимий иш ўрнига эга бўлади.

Бир сўз билан айтганда, барпо этилаётган янги газ-кимё кластери мамлакатимиз саноати ривожига қудратли туртки бериб, унинг юксалишига катта ҳисса қўшади. Умуман, мамлакатимизда замонавий саноатни шакллантиришда кимё ва нефть-газ кимёси соҳалари асосий “драйвер”лардан бўлиши учун амалий режалар белгилаб олинган.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш