Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастуридан хотин-қизларни қийнаб келаётган долзарб ижтимоий масалалар жой олган бўлиб, улардан бири муниципал уйларни ташкил этиш орқали бошпанага муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашдир.
Партия томонидан илгари сурилган мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 6 декабрдаги “Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда Тошкент шаҳрида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўз ифодасини топди. Қарор билан “Нотурур жойларда истиқомат қилаётган, шунингдек, ота-онасидан ёки уларнинг биридан айрилган ҳамда ёлғиз онаси, ёлғиз отаси ёки бошқа шахслар қарамоғида бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, уй-жойга муҳтож хотин-қизлар ўзини ўзи бошқариш органи ёки туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига сўровнома-ариза билан мурожаат қилади. Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ҳар чоракда (чорак биринчи ойининг 15-кунигача) хотин-қизларнинг уй-жойга эҳтиёжмандлик даражасини ўрганиб чиқади. Комиссиянинг тегишли қарори қабул қилингач, кўпи билан 30 кундан ошмаган муддат ичида ижтимоий уй-жойларга ижара ҳуқуқи асосида уй-жойга муҳтож хотин-қизлар вақтинчалик жойлаштирилади. Бунда, уй-жойга муҳтож хотин-қизларга ипотека кредити бўйича уй-жойларнинг ҳисобланган қийматининг 15 фоизи миқдорида бошланғич бадал тўлаб берилади;
Туман (шаҳар) ҳокимлиги комиссия қарори қабул қилингандан сўнг 20 кун ичида ижтимоий уй-жойга жойлаштириладиган хотин-қизлар билан ижара шартномасини тузади (кўпи билдан 5 йил муддатга) ва ижара шартномаси тузилгандан кейин 5 кун ичида ижтимоий уй-жойни топшириш – қабул қилиш далолатномаси тузилиб, хотин-қизлар 5 кун ичида ижтимоий уй-жойга жойлаштирилади.
Ногиронлиги бўлган шахслар, кекса ёшдаги ва ўзи ҳаракатлана олмайдиган шахслар устувор равишда кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватидаги ижтимоий уй-жойларга жойлаштирилади.
Ижтимоий уй-жойдан фойдаланганлик учун ижара ҳақи уй-жой умумий майдонидан келиб чиқиб унинг 1 квадрат метри учун: Тошкент шаҳрида 1 йилга БҲМнинг 2 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 1 фоизи миқдорида белгиланади.
Қисқа қилиб айтганда, уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун доирасида аниқ ва тиниқ белгилаб берилган. Ушбу тартиб билан партиямиз электорати ҳисобланган ижтимоий ҳимояга муҳтож, яшаш шароити оғир, уй-жойсиз хотин-қизларнинг узоқ кутган муаммоларига ечим топилди. Бу борада олдимизда турган муҳим вазифа мазкур тартибнинг шаффоф, очиқ ва ошкора амалга ошишида ўз ҳиссамизни қўшиш ҳисобланади.
Шу боисдан, қарори ижросини таъминлаш ҳамда ушбу тартибни амалиётга татбиқ этишда барча даражадаги депутатларимиз фаол иштирок этишлари, шунингдек, ушбу тартибни партиямиз электорати орасида кенг тарғиб қилиш ва тушунтиришда партиямиз сафи ва тизимидаги фаоллар, тарғиботчилар гуруҳи аъзоларини жалб этилиши лозим. Қарор ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиб, депутатлик гуруҳлари, доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокама қилиш ҳамда сессиялар кун тартибига масалалар киритишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.