Моддий ёрдамлар асл эгаларига етиб бориш чоралари кўрилмоқда

 

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда аҳолининг бу тоифадаги қатламига моддий жиҳатдан ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Хусусан, жорий йилнинг март ойида Ҳукумат қарори билан «Ёшлар дафтари»га киритилган моддий аҳволи қийин ёшларга БҲМнинг 4 бараваригача (980 минг сўм) бўлган миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган, дафтарга киритилганларнинг ОТМ шартнома пулини 50 фоизини тўлаб бериш, хорижда даволаниш харажатларининг БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган қисми қоплаб берилган бўлса, Президент фармони билан август ойида «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзанди учун 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам, сентябрь охирларида Орол денгизи фожиаси оқибатларидан ҳаммадан кўп жабр кўрган Қорақалпоғистоннинг Муйнов туманида яшовчи ҳар бир оилага 5 млн сўмдан бир марталик ёрдам пули тарқатилганди.

Буларнинг барчаси албатта, юқорида айтилганидек ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларга кўрсатилаётган ғамхўрлик намунасидир. Шунинг билан бирга, моддий ёрдамларнинг асл эгаларига етиб боришини таъминлаш жамоатчилик ва мутасадди идораларнинг доимий назоратида бўлди.

Бироқ, ижтимоий тармоқларда ушбу мақсаддаги маблағларни беришда таниш-билишчилик, эҳтиёжи бўлмаган фуқароларга тарқатиш каби ҳолатларга йўл қўйилаётгани ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарлар тарқалди. Жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 22 декабрдаги "Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан декабрь ойида айрим оилаларга кўрсатиладиган 800 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам атрофида турли гап-сўзлар тарқамоқда.

Мазкур қарорда:

- 2021 йил давомида "Темир дафтар" рўйхатида бўлган оилаларга;

- 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бор боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларга;

- 18 ёшгача болалар учун ногиронлик нафақасини олувчи оилаларга

бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши аниқ-таниқ қилиб кўрсатиб ўтилган. Шу боисдан, ушбу масалани бошқача талқин қилиш аҳолини чалғитишга уринишдан бошқа нарса эмас, деб ҳисоблаш мумкин.

Ўрни келганда айтиш керак, аҳоли бандлигини, доимий даромадга эга бўлишини таъминлаш орқали камбағалликни қисқартириш борасида катта ишлар олиб борилмоқда. Бу йўналишда кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида ҳар йили юз минглаб фуқароларимиз доимий иш ва барқарор даромад манбаига эга бўлмоқда. Мазкур чора-тадбирлар аҳолининг турмуш шароити, ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилаётганини таъкидлаш жоиз.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш