Парламентнинг очиқ ҳавоси

 

Қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш, унда одамларнинг хоҳиш-иродасини ифодалаш, жамоатчилик муҳокамасига қўйиш, қабул қилиш, буларнинг барчаси бевосита демократиянинг асосий талабларидан бири. Бунинг учун албатта, парламент очиқ бўлиши, одамларга яқинлашиши керак. Йиғилишлар, фракциялар муносабати, депутатлар ва сенаторлар билдираётган таклифлар, умуман олганда, қонунни муҳокама қилиш ва қабул қилишдаги ҳар бир босқич жамоатчиликка маълум бўлса, журналистлар иштирок этса, бу парламентда демократик характер уйғонаётганини англатади. Кеча парламент қуйи палатасининг ялпи йиғилишида иштирок этиб, бунга яна бир бор амин бўлдик.

Яқинда жорий этилган тартибга асосан йиғилиш жонли эфир билан бошланди. Олдингиларидан фарқли равишда жонли эфирнинг масъулияти катта, талаблари бироз юқори. Баҳсли муҳокамаларни жонли кузатиш, депутатлар билан очиқ мулоқотга киришиш имконияти яна пайдо бўлганидан ҳамкасбларимиз жуда қувонишди. Бу уларнинг ҳаяжонли нигоҳлари, депутатлар билан тенгма-тенг жонли эфирга тайёрланишаётганидан сезилиб турарди.

– Қонунчилик палатаси йиғилишларида иштирок этиш журналист учун принципиал масала, – дейди “Ўзбекистон 24” телеканали журналисти Маъсуда Гулметова. – Боиси халқимиз парламент ҳавоси билан оммавий ахборот воситалари орқали яқинроқ танишишади, маълумот олади. Энди журналистлар йиғилишларда нафақат қатнашибгина қолмай, уни тўғридан-тўғри эфирга узатиш, ахборот бериш имкониятига эга бўлишди. Бу, албатта, парламент очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайди, жамоатчиликнинг сиёсий жараёнлар, қонунчиликдаги янгиликлардан хабардорлигини оширади.

Йиғилиш давомида қонун лойиҳалари муҳокамаларини эътибор билан кузатдик. Депутатларнинг бироз ҳаяжонли, аммо қатъият билан билдирган фикрларини таҳлил қилдик. Қўмиталар вакиллари баёнотларига бўлган ҳақли эътирозлар, тегишли ташкилот масъуллари билан қонун лойиҳалари моддаларининг тушунарсиз жиҳатлари юзасидан тортишувлар бизни ҳам бефарқ қолдирмади.

Айниқса, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисидаги, нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаш фаолияти тўғрисидаги, давлат фуқаролик хизмати тўғрисидаги ва Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига қийноққа солишдан жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари қизғин муҳокама этилди.

Шунингдек, парламент сўровларига вазирликларнинг жавоби, амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисоботлари эшитилди.

Кўча совуқ, аммо бизга парламент биноси ичидаги очиқ ва илиқ ҳаво жуда ҳам маъқул келди. Тез-тез бориб, кўп-кўп янгиликлар гувоҳи бўлишни ният қилдик.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 29.12.2021, №52

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш