МДҲ миқёсида тараққий топаётган Ўзбекистон

 

Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон МДҲ мамлакатлари билан кўп томонлама шартнома муносабатларини давом эттириб келмоқда. Тенг ҳуқуқли шерикчилик асосида ўзаро фойдали ҳамкорлик ишлари учун кенг имкониятлар мавжуд. Бундай ҳамкорлик, ҳамдўстлик мамлакатларининг ҳудудий яқинлиги ва иқтисодий жиҳатдан боғланганлигига эмас, балки чуқур тарихий илдизлар ва минтақавий алоқалар, катта тарихий давр мобайнида халқларимизнинг тақдири муштараклиги ҳам асос бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путин ташаббуси билан Санкт-Петербург шаҳрида ўтқазилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этиб қайтди.

Саммитда Беларусь Президенти Александр Лукашенко, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинянлар ҳам иштирок этдилар.

Учрашувда 2021 йилдаги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилиниб ҳамда 2022 йилга мўлжалланган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Пандемия оқибатларини енгиб ўтиш ва эпидемиологик хавфсизликни таъминлашда яқин ҳамкорликни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

МДҲни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз юритар экан, давлатимиз раҳбари асосий эътиборни учта: сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликка қаратишни таклиф этди.

МДҲ маконида тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантириш ва транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланди.

Иштирокчиларнинг эътибори глобал иқлим кун тартибини ҳисобга олган ҳолда барқарор “яшил” тараққиётга қаратилган миллий дастур ва стратегияларни амалга ошириш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигига қаратилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини мамлакатларимиз иқтисодиётларининг рақобатли устунликлари ва бир-бирини тўлдириб туришидан фойдаланган ҳолда таъминлаш масалаларини ҳал қилишга доир янги ёндашувлар ишлаб чиқиш долзарб экани қайд этилди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон Ҳамдўстлик фаолиятидаги иштирокини фаоллаштирди. Мамлакатимиз 40 дан зиёд кўп томонлама битимни имзолади ва ташкилотнинг 23 та органига қўшилди. Ўтган йилда Ўзбекистон илк бор МДҲга раислик қилган эди.

2021 йилда Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик мамлакатлари билан товар айирбошлаши ўттиз фоиздан зиёдга ошди, қарийб мингта қўшма корхона ташкил этилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари сўзининг давомида Ўзбекистон МДҲ доирасида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришнинг қатъий тарафдори эканини алоҳида қайд этиб ўтди.

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш