ОНА ТИЛИМИЗ – ҚАДРИЯТЛАРИМИЗ ТИМСОЛИ

Уни авайлаш, тўғри қўллаш, бойитиш ҳар биримизнинг бурчимиздир

Ҳаётхон ОРТИҚБОЕВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ЎзХДП фаоли:

Онанинг сеҳрли алласидек ёқимли, ҳузурбахш, ҳаётбахш қўшиқ йўқ. Ҳар бир халқнинг ўз она тилида айтилган алла унинг жисмига, руҳига жон бағишлайди, руҳиятига, шуурига, маънавиятига нур, қалбига меҳр ва ғурур олиб киради, уни улғайтиради, камолга етказади, инсон сифатида шакллантиради. Алланинг моҳиятидаги эзгулик оҳанг билан мурғак юракларга сизиб киради, шу боис онамиз алласининг мунис оҳанги сўнгги нафасимизгача дилимизда жаранглайверади.

Дунёдаги энг қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимизнинг тимсоли, бебаҳо маънавий бойлигимиз ва буюк қадриятимизга айланган. Шу тилда яратилган буюк тарихимиз, жаҳонни ҳайратга солган мумтоз адабиётимизнинг бебаҳо дурдоналари, ёрқин ва жозибадор санъатимиз, минг йиллик мақомларимиз, миллатимизнинг барҳаёт қаҳрамонларини куйлаган достонларимиз асрлар оша оламни ҳайратга солиб яшаб келмоқда. Аждодларимиз шу тилда улкан илмий кашфиётларни ёзиб бизга мерос қолдирган.

Туркий тил бизга ғазал мулкининг султони Алишер Навоийдан мерос, Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома»сини яратган тил, дунёнинг ярмини бирлаштириб, марказлашган буюк давлат барпо этган Соҳибқирон Амир Темур улуғ Қонунлар битган тил, тиб илмининг билимдони Абу Али ибн Сино «Тиб қонунлари»ни ёзган тил, Мирзо Улуғбек «Зижи Кўрагоний» асарини яратган тилдир. Ўзбек тилининг бор қудрати, салобати, жозибаси ва барҳаётлигининг илдизлари ҳам буюк тарихимиз, жаҳонни ҳайратга солган адабиётимиз билан чамбарчас боғлиқдир.

Октябрь ойининг 21 санаси мамлакатимиз, жамиятимиз ҳаётида энг мунаввар, энг хайрли, энг қувончли кун сифатида муҳрланди. Бундан буён бу қутлуғ сана мамлакатимизда ва халқаро миқёсда «Ўзбек тили байрами куни» сифатида ҳар йили катта тантана ва шодиёналар билан нишонланади. Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони халқимизнинг, миллатимизнинг кўнглидаги энг эзгу ниятларига, орзуларига ҳамоҳанг тарихий ҳужжат сифатида дунёга келди, ҳар биримизнинг қалбимизни чексиз ғурур ва ифтихорга тўлдирди. Байрам куни Президентимизнинг маърузасида ушбу хушхабар янграган лаҳзаларда кўнглимдан кечган туйғуларни, ҳаяжонни ифодалаб беришдан ожизман.

Минг йиллик тарихимизга назар ташласак, жаннатмонанд юртимизни қайта-қайта босиб олган ёвуз кучлар бизни миллат сифатида йўқ қилиб юбориш мақсадида ўз тилимиздан, тарихимиз ва маданиятимиздан, динимиздан жудо қилишга уринганлар. Лекин имони бутун, матонатли халқимиз энг оғир машаққатли даврларда ҳам ўз она тилини – миллий ғурурини омон сақлаб қола олди. Нафақат сақлаб қолди, балки бугунги авлодга етказиб бера олди. Мен бир ижодкор сифатида 1989 йилда «Давлат тили ҳақида»ги Қонун лойиҳасининг икки марта халқ муҳокамасига ташланганини, лойиҳа муҳокамаси атрофидаги тортишувлар, баҳслар, мунозараларни яхши эслайман. Чунки ана шу қизғин мунозараларда давлат тили ўзбек тили бўлиши лозимлиги ҳақидаги таклифларимни қайта-қайта билдирганман. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун юртимизда, кўнглимизда катта байрам бошланганини ҳис қилганман. Бу кун истиқлолимизга қўйилган илк қутлуғ қадам эканлигини англаганмиз ўшанда.

Бугунги кунда халқаро майдонда кун сайин обрў-эътибори юксалиб бораётган, миллий юксалиш босқичига қадам қўйган Ўзбекистонимизни дунёга танитиш, эътироф эттиришда она тилимиз муҳим аҳамият касб этмоқда. Барча соҳалар билан бир қаторда давлат тилининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани қувонарли ҳолдир. Бу билим масканидан етук тилшунослар, матншунос олимлар, туркий тилнинг билимдонлари, фольклоршунослар етишиб чиқадилар, улар она тилимизнинг ривожига шубҳасиз, катта ҳисса қўшадилар.

Бугунги кунда ўзбек тили жаҳон минбарларида баралла янграмоқда. Олимларимиз, ижодкорларимиз халқаро анжуманлар минбарларидан туриб, ўзбек тилида оламшумул маърузалар қилмоқдалар. Жаҳондаги энг ривожланган мамлакатларнинг 60 га яқин университетларида ўзбек тилимиз катта иштиёқ билан ўрганилмоқда. Ўзбек тили ва адабиётини ўрганиш бўйича изланишлар олиб бораётган чет эллик олимлар ва тадқиқотчиларнинг сони ошиб бораётгани бизни қувонтиради. Ер юзидаги миллат ва элатлар 7000 тилда сўзлашадилар. Лекин шу тиллар орасида 200 тилга давлат тили мақоми берилган, холос. Шу жумладан, ўзбек тили ҳам давлат тили сифатида тан олинган. Шу боисдан ҳам қудратли ва барҳаёт она тилимиз билан фахрланишга ҳақлимиз.

Мухтасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим. Бу олийжаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак, - деб таъкидлади Президентимиз ўз маърузасида.

Дарҳақиқат, Фармон ижросини таъминлашда она тилимиз обрўсини ошириш ва унинг аҳамиятини юксалтириш борасида ҳали кўп ишлар қилишимиз лозим. Ёшларимиз бугунги кунда ўз она тилимиз билан бир қаторда кўплаб чет тилларни ўрганмоқда. Глобаллашув жараёнларида миллий тилимизнинг софлигини сақлаш, унинг луғат бойлигини ошириш, турли соҳаларда тилимизга чет тиллардан кириб келаётган атамаларнинг ўзбекча муқобилларини яратиш ва истеъмолга киритиш вазифалари турибди. Мамлакатимизнинг таълим-тарбия муассасаларида турк, инглиз, хитой, рус, япон, корейс, немис, испан, француз, араб ва ҳинд тиллари ўрганилмоқда. Ёшларимиз чет тилларини яхши билиши уларнинг камолотида катта аҳамият касб этади. Лекин ҳар бир йигит-қиз аввало, ўз она тилисини мукаммал билиши ва уни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиши лозим.

Баъзан атрофимизда шундай оилалар учрайди. Улар ўз фарзандларини биринчи синфданоқ рус тилида таълим бериладиган мактабга жойлаштиришга ҳаракат қилади. Чет тилини боламизга ўргатишимиз яхши албатта, лекин ўз она тилини ўрганмаган, ўз тилида сўзлашмаган болада урф-одатларимизга, миллий қадриятларга, ўз тилига беписандлик билан қараш пайдо бўлади. Ўз тилини яхши билмаган ўқувчида миллатпарварлик, ватанпарварлик туйғулари ҳам суст бўлади. Бундай ҳолатга асло йўл қўйиш мумкин эмас. Фарзандимиз аввало, ўз она тилини мукаммал ўргансин, уни ҳурмат қилсин, шунда у Ватаннинг қадрига етади, эл-юртига садоқатли бўлиб улғаяди.

Ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги Қонун қабул қилингандан бери ўтган давр ичида давлат тилини ҳаётимизда тўлақонли жорий этиш борасида бир қатор ишлар қилинди, бу борада ягона давлат сиёсати амалга оширилиши чоралари кўрилди. Лекин давлат тилини ҳаётимизнинг барча соҳаларига татбиқ этиш борасида муаммолар ва камчиликлар йўқ эмас. Жой номларини аташ, ном бериш масалаларида айрим қўпол хатолар, миллий қадриятларимизга мос бўлмаган атамалар, жой номлари учрайди-ки, улар жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Масалан, турли кафелар, ошхоналар, кийим-кечак ва савдо дўконларидаги реклама роликларида, фитнес, компьютер клублари сингари аҳоли тўпланадиган жойларнинг номлари тилимизга ёт бўлган атамалар билан номланмоқда. Ҳатто санъатимизга – ёшларимиз ижро этаётган замонавий эстрада қўшиқларимизга ажнабий мусиқанинг сершовқин, талвасали оҳанглари кириб келмоқда, бу ёшларимиз орасида «оммавий маданиятни» тарғиб қилишга сабаб бўлаётир.

Тилимиз ҳақида янги қабул қилинган Фармон ҳаётимизда учраётган маънавиятимизга, қадриятларимизга ёт бўлган ана шундай нохуш ҳолатларни тартибга келтиришга ва бартараф этишга кўмаклашади, деб ўйлайман.

 
← Рўйхатга қайтиш