Инсон қадрини улуғлаш, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош ғояси сифатида белгилаб олинган. Хусусан, мазкур тамойил Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқлашни назарда тутувчи Президенти Фармони лойиҳасида ҳам ўз аксини топган.
Жумладан, Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да мамлакатимизни ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши доирасида қарийб 100 та мақсадга эришиш назарда тутилмоқда. Хусусан, дастур доирасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси томонидан илгари сурилган ғоялар, яъни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида биринчи — тўртинчи синф ўқувчиларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқат билан таъминлашни йўлга қўйилиши белгилангани болажонларимизни чуқур билим олиши ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини назарда тутган бўлса, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача ошириш кўзда тутилаётганини пенсия таъминоти соҳасидаги туб бурилиш сифатида баҳолаш мумкин.
Шу билан бирга, аёлларга пенсия ҳисоблашда уларнинг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтининг ҳаммасини жамлаганда иш стажига қўшиб ҳисобланадиган 3 йиллик даврни 6 йилга оширилиши ёки ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга 18 ёшгача қаралган даврни пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисобланиши ҳам Янги Ўзбекистондаги аёлларимизга янгича қараш, янгича эътибор десак, муболаға бўлмайди.
Бундан ташқари, фарзандларимизга берилаётган эътибор, уларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш қамровини ошириш масаласига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Хусусий нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг очилиши эса, бу соҳада туб бурилиш ясаб, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларга ижобий ечим топилди. Давлат дастури лойиҳасида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг 3 миллион сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод этилиши белгиланган.
Маълумки, коронавирус пандемияси соғлиқни сақлаш соҳасидаги айрим камчиликлар ва муаммоларимизни юзага чиқарди ва бу ҳолат фуқароларимизнинг кўплаб эътирозларига сабаб бўлди. Шундан келиб чиқиб, ҳудудларда бирламчи тиббий-санитария хизматини “бир қадам” тамойили асосида йўлга қўйиб, 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиникани ташкил этилиши фуқароларимизга янада қулайлик яратади. Давлат дастури лойиҳасида жорий йилда ўқитувчилар ва шифокорларнинг иш ҳақларининг оширилиши назарда тутилган. Бу эса юртимизда шарафли касбларнинг янада улуғланиши ва соҳа вакилларининг йилдан йилга қадр топаётганидан далолат беради.
Давлат дастури лойиҳасида жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг келгусида жамиятда ўз ўрнини топишига амалий кўмаклашиш учун “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш тизими жорий қилиниши ҳам назарда тутилган. Ушбу тизим доирасида жазони ўтаб бўлган ва ўзининг аниқ лойиҳасини тақдим этиб, мустақил фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларга бир марталик моддий ёрдам бериш амалиёти йўлга қўйилиши белгиланган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Давлат дастурининг барча бандлари партиямиз Сайловолди дастури билан ҳамоҳангдир. Мазкур масалаларнинг амалий ечими эса Янги Ўзбекистонни ўз ҳаётидан рози, бахтли инсонлар, ҳар томонлама ривожланган ижтимоий мамлакатга айлантириши шубҳасиз.
Дилбар Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.