Янги Ўзбекистонда таълим тизимига катта эътибор қаратилмоқда. Тизимдаги ўзгаришлар кўламини инобатга олиб, “Янги Ўзбекистонимизнинг ташриф қоғози – бу таълим” дея таъкидлаш мумкин.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” лойиҳасида ҳам ушбу масала устувор йўналиш сифатида ўз аксини топган. Жумладан, Мактабларни ривожлантириш Миллий дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш мақсадида, янги мактаблар қуриш билан бир қаторда нодавлат секторини ривожлантиришга ҳам катта аҳамият қаратилган. Нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи ташкилотларга шароит ва имкониятларни кенгайтириш орқали уларнинг таълим тизимидаги улушини жорий йилда 3 фоизга, 2026 йилда эса 8 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу эса, ўз навбатида давлат умумтаълим мактаблари билан хусусий мактаблар ўртасида рақобатни ривожлантириш орқали таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатишга шароит яратади.
Ўрни келганда таъкидлаш керак, таълим сифатини ошириш, рақобатбордош миллий кадрларни тарбиялаш, инсон капиталини ривожлантириш борасида юртимизда тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Сўнгги йилларда ушбу масалаларга алоҳида эътибор билан қаралмоқда. Хусусан, 2026 йилга қадар ўқув дастурлари ва дарсликларни илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта кўриб чиқиб, амалда жорий этиш, Миллий ўқув дастурига асосан 2026 йилга қадар 699 номдаги, шу жумладан 2022 йилда 296 номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китоблари ҳамда мобил иловаларни яратиш, Миллий ўқув дастури бўйича янги методикаларга ўқитувчиларни ўқитиш мақсадида Электрон малака ошириш платформаси учун 2026 йилга қадар жами 769 та видеодарс яратилиши, айниқса, дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни тажриба-синовдан ҳамда чет эллик мутахассислар иштирокида экспертизадан ўтказиш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари кўриляпти.
Таълим сифатини таъминлашнинг асосий субъекти бу, албатта, ўқитувчи ва мураббийлардир. Ўқитувчиларнинг ойлик маошларини босқичма-босқич 1000 АҚШ доллари эквивалентига етказиш, иқтидорли ўқитувчиларнинг иш ҳақларини малака тоифасига қараб табақалаштирилган ҳолда ошириб бориш, ўқитувчиларга малака тоифаларини бериш тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда малакани баҳолаш методикаси асосида адолатли ва шаффоф тизимни жорий этиш албатта ўқитувчиларнинг билими ва малакасини халқаро даражага олиб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ўйлайманки, адолатли, рақамлаштирилган ҳолда инсон омилисиз ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш тизими фидойи ўқитувчиларга қўшимча мотивация берса, ёш педагогларимизнинг эса ўз устиларида янада кўпроқ ишлашларига туртки беради.
Мухтасар қилиб айтганда, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган барча мақсад ва вазифалар, жумладан, таълим тизимида амалга оширилиши кўзда тутилган чора-тадбирлар мамлакатимиз равнақига, халқимиз бахт-саодатига хизмат қилади.
Шоҳиста Турғунова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.