Инсон қадри юксалаётган, одамийлик ва бағрикенглик ҳукм сураётган Ўзбекистонда инсон, унинг манфаатлари ҳар нарсадан устун. Аслида ҳам, қайси мамлакатда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устувор бўлса, ўша давлат ривожланади, келажакка дадил боқади, халқаро майдонда обрў-эътибор қозонади.
Давлатимиз раҳбарининг қайси маърузаларини олманг, уларнинг барчасида инсон қадри биринчи ўринга қўйилганига гувоҳ бўламиз. Президентимизнинг халқимизга йўллаган янги йил табригида ҳам 2022 йилда инсон қадрини ошириш асосий эътиборда бўлиши таъкидланди. Бундан ташқари, янги йилга “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб ном берилиши ҳам инсонларнинг қадрини оширишга қаратилган чора-тадбирлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланаётганини англатади.
Мана, бир неча кундирки Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлашни назарда тутувчи Президент Фармони лойиҳаси жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Тараққиёт стратегиясининг 7 та муҳим йўналиши бўйича 94 та мақсад қўйилган бўлиб, уларнинг барчасининг замирида “инсон қадри учун” деган улуғ ғоя турганини кўриш мумкин. Бу мақсадларнинг барчаси аввало, маҳаллаларда амалга оширилади. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, йилни номлашда фаол маҳалла деган ибора бежизга киритилмаганига амин бўламиз.
Эътиборлиси, эндиликда ислоҳотларни раҳбарлар пастга тушиб, манзилли хонадонбай, маҳаллабай ишлашдан бошлайди ва ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар агентлиги вакили лавозимларининг жорий этилишидан мақсад ҳам аҳоли билан ишлаш ва муаммоларини шу тарзда ташкил этишдир.
Ушбу масалага Тараққиёт стратегиясида ҳам алоҳида эътибор берилган. Хусусан, биринчи йўналишда инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш мақсадида маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш кўзда тутилган. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун 5 та муҳим чора-тадбир механизми аниқ кўрсатиб берилган. Жумладан, маҳалланинг нуфузини ва унинг обрўсини ошириш учун молиявий мустақиллик бериш, маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида фуқаролара ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатларини кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари,
— фуқароларнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги иштирокини ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани таъминлаш, маҳаллаларда аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнларни рақамлаштириш;
— маҳалладан туриб барча давлат идораларига мурожаат қилиш тизимини яратиш, давлат ва ижтимоий хизматларни бевосита маҳаллада кўрсатиш;
— маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари” ва уларда яшовчи аҳолининг тадбиркорлик бўйича ихтисослашувидан келиб чиқиб, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш;
— фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари учун юқори малакали мутахассисларни мақсадли тайёрлаш, барча маҳалла раисларида бошқарув асослари, бандликни таъминлаш, банк-молия, томорқа, ер, чорва ва паррандачилик бўйича кўникмаларни шакллантириш;
— тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчиси институтининг самарали фаолиятини йўлга қўйиш орқали биринчи мақсадни амалга ошириш мумкинлиги аниқ кўрсатиб берилмоқда.
Шунингдек фармонда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини жойлардаги вакиллик органлари билан доимий алоқаларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, шу жумладан, маҳалла раиси томонидан маҳаллий кенгаш мажлисида кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритишнинг самарали механизмларни йўлга қўйиш илгари сурилмоқда.
Фуқаролар томонидан маҳалла раисига нисбатан ишончсизлик билдириш институти жорий этилиши ҳам, ўйлайманки, маҳалла раислариниг масъулиятини янада оширишига хизмат қилади.
Фармонда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда манфаатдор идоралар билан биргаликда маҳалла фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури ва “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топшириғи берилган. Бундан кўриниб турибдики, қўмитамизда мазкур қонун лойиҳаси юзасидан қизғин ишлар олиб борилади.
Фармонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига ҳам бир қатор вазифалар юклатилмоқда. Хусусан, сайловчилар билан электрон почта орқали мулоқотни йўлга қўйиш белгилангани, биз депутатларга сайловчиларнинг мурожаатлари билан тезкор ишлаш ва ҳал қилиш имкониятини яратади.
Бундан икки йил олдин давлат раҳбари Конституциямизнинг 27 йиллигига бағишланган тантанали тадбирдаги маърузасида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия ишлаб чиқиш, унда инсон ҳуқуқларига оид конституциявий тамойилларни рўёга чиқариш механизмларни аниқ белгилаш ва унинг асосида инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш зурурлигини айтиб ўтганди. Бу борада муҳим қадамлар ташланди, устувор вазифалар белгилаб олинди. Буларнинг барчаси, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг асосий мақсади жамиятнинг олий қадрияти бўлган инсон манфаатларини тўла рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.