ТИЛГА ЭҲТИРОМ – ЭЛГА ЭҲТИРОМ

Бахтиёр АБДУШУКУРОВ, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори:

— Ҳар қайси халқнинг она тили ва адабиёти унинг миллий руҳи ва ўзлиги, маданий-маърифий олами, миллий ғоясининг асоси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам қачонки истилочи кучлар эл-юртимизни ўзига қарам қилмоқчи бўлса, аввало, уни ўз тили ва динидан, тарихи ва маданиятидан, миллий ғуруридан жудо этишга уринган. Ўлкамиз қарамлик чангалига тушиб қолган истибдод даврларида она тилимизнинг ривожланиш имкониятлари чеклаб қўйилгани ҳеч кимга сир эмас.

1989 йил 21 октябрда эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб ва курашиб келган давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакат мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Истиқлол йилларида она тилимизни том маънода давлат тилига айлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Хусусан. ўзбек тилида иш юритиш, ҳужжатлар тайёрлаш бўйича қўлланмалар яратилди, мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ҳамда луғатлар, дарслик, ўқув қўлланмалар нашр этилди, 2003 йилга қадар «Атамашунослик қўмитаси» фаолият юритди. Вазирлар Маҳкамаси қошида ташкил қилинган ушбу қўмитанинг самарали меҳнати эвазига мухторият, маъмурият, маъмур, муқобил, ҳакам, ташриф, инсонпарварлик, хусусийлаштириш, бошбошдоқлик, қолдиқ (сальдо), иқтисодиёт, маълумотнома, режа, дастур, уюшма, кенгаш сингари жуда кўп ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий соҳаларга доир тушунчалар қайтадан қўлланишга киритилди. Хорижий терминларни сўз ясалиш усуллари (сўз ясовчи моделлар) асосида янгидан юзага келган ясамалар билан алмаштириш жараёнида ўзбек тили луғат фондида олувчи (адресат), жўнатувчи (адресант), тавсиянома (характеристика), буюртма (заявка), нархнома (прейскурант), маълумотнома (справка), фуқаролик (подданство), дахлсизлик (иммунитет), ишбилармон (предпрениматель), таъмирчи (реставратор), кўрик-танлов сингари кўпгина терминлар мустаҳкам ўрнини топди.

Айниқса, кейинги уч йил ичида бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидлаш лозим. Ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитиш ҳамда ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш мақсадида 2016 йилда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши бунинг ёрқин исботидир. Университетда ўзбек тили ва адабиётининг халқимиз маънавий ривожи, замонавий илм-фан тараққиётида тутган ўрнига бағишланган долзарб мавзуларда муҳим илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда, луғатлар, рисола, ўқув қўлланма ва дарсликлар нашр этилмоқда. Етук мутахассислар, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш ва имло қоидаларини такомиллаштириш масалаларига катта эътибор берилмоқда. Бу ерда ўзга тилли гуруҳларда ўзбек тили, ноширлик иши, фольклоршунослик ва диалектология, адабиёттуркология, олий адабиёт курси, гид ҳамроҳлиги ва туризм каби янги таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлар фаолияти йўлга қўйилди. Университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ташаббуси билан Америка, Франция, Англия, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Швеция сингари давлатларнинг қатор олий таълим муассасаларида ўзбек тили курслари, факультет ва марказлар очилди. Бир сўз билан айтганда, тилимиз сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграй бошлади.

Айни пайтда, тилимизнинг ривожи, кенг қамровли қўлланиши, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ҳамда мавқеини янада оширишга тўсиқ бўлаётган қатор долзарб муаммолар ҳам борки, улар киши кўнглини хира қилади. Булар:

- ОАВ, интернет, хусусий кўнгилочар нашрлар, телеканал ва радиоканаллар, баъзи идора ҳамда ташкилотларда давлат тили қоидаларига амал қилмаслик;

- метро, кўчалардаги реклама, эълон, бекатлар ва автобуслардаги ёзувларда учрайдиган кўплаб имловий хатолар;

- қаҳвахона, тўйхона, дўконлар, турли фирмалар ва масъулияти чекланган жамиятлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари, гарчи, хорижий маблағлар ёрдамида ишламаса-да, уларнинг чет тилида номланиши;

- маҳсулотлар, товарлар, жиҳозлар, уй-жойлар, қурилиш материаллари олди-сотдиси, автомобилларга сервис хизмати кўрсатиш шохобчалари билан боғлиқ эълонларнинг ўзга тилда берилиши;

- телебошловчиларнинг шевага хос сўзларни ишлатиши, улар нутқидаги услубий ғализликлар, кўрсатувлар ва кундалик мулоқотларда чет сўзларни аралаштириб қўллаш, хусусий телеканаллардаги кўрсатувларнинг маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклда номланиши;

- «Давлат тили тўғрисида» ва «Реклама тўғрисида»ги қонунлардаги айрим моддаларнинг бир-бирини инкор қилиши;

- фундаментал тадқиқотлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш, тиббиёт ва бошқа тармоқларда давлат тилининг тўлақонли қўлланмаётгани билан боғлиқ масалалар;

- ўзбек тилининг шевалари, тарихий тараққиёти билан боғлиқ илмий тадқиқотлар самарасини ошириш, илмий кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш ва ҳоказо.

Қолаверса, бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада аввало, ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратишни кун тартибига қўймоқда. Шу маънода, Президентимизнинг Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори, 21 октябрь куни ҳукумат миқёсида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимнинг ташкил этилиши ва унда давлат раҳбарининг нутқ сўзлаши халқимиз, аввало, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана, қадриятларимизга муҳаббат ҳамда садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб борётганини кўрсатади.

Шунингдек, ўзбек тили байрамининг мамлакатимиз ва халқаро миқёсда кенг нишонланиши халқимизнинг миллий руҳи ва ғурурини юксалтириш билан бирга, давлат тилини ҳаётимизда тўлақонли жорий этишга хизмат қилади. Президентимизнинг куни кеча эълон қилинган давлат тилининг ахборот ва коммуникация технологиялари, хусусан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлашга қаратилган Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони қайд этилган муаммо ва камчиликларни бартараф этишда муҳим дастури амал вазифасини ўтайди. Мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни кўзда тутган, ғоят зурур пайтда имзоланган мазкур фармонга мувофиқ 21 октябрь санаси «Ўзбек тили байрами куни» сифатида эътироф этилди. Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди. Фармонда департаментнинг асосий вазифалари ҳам белгилаб берилди. Хусусан: давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш; ўзбек тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш; илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хилда қўлланишини таъминлаш, географик ва бошқа топонимик объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши борасидаги фаолиятни мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш; давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, бу соҳада халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Фармонга асосан «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан такомиллаштирган ҳолда унинг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқилиши, хорижий давлатлар тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича Атамалар комиссиясини ташкил этилиши ўзбек тилининг давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқишида, шу билан бирга, атамалар унификациясини ўтказиш, терминологик аппаратнинг мукаммаллигини таъминлашда алоҳида аҳамият касб этади.

2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастури лойиҳасини тайёрлаш масаласи эса давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида бугун мамлакатимизда яна бир муҳим қадам ташланганининг далилидир.

Зикр этилган дастурдан бошқа меъёрий ҳужжатларда кузатилмаган мамлакатимиз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларга давлат тилини ўрганиш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш; хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар ва ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун ўзбек тили дарсликлари ва электрон дастурларни ишлаб чиқиш ва уларни кенг миқёсда тарқатиш, ўзбек тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этиш сингари йўналишларнинг ўрин олиши ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаёти ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан оширишга кўмаклашади.

Дарҳақиқат, бугун «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» қадам ташлаётган мамлакатимизда давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бирига айланди. Президентимиз таъкидлаганидек, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.

Хулоса шуки, миллий маънавиятимизнинг ўзаги, халқимиз мавжудлиги ва тириклигининг белгиси ҳисобланган, қолаверса, бугун бизнинг кимлигимизни бутун жаҳонга намойиш қилаётган бой тилимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашимиз, унинг келгусидаги тақдири учун қайғуришимиз лозим. Зеро, тилимизнинг ривожи мамлакатимиз тараққиётини таминловчи омиллардан биридир.

← Рўйхатга қайтиш