Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлашни назарда тутувчи Президент Фармони лойиҳаси кенг муҳокамада
Инсон қадри учун аниқ мақсад
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлашни назарда тутувчи Президент Фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Нега ўзи дастур тайёрланади? Сабаби оддий, яъни у амалга ошириладиган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш мақсадида ишлаб чиқилади. Лойиҳани кўриб чиқишингиз билан мазкур дастур ҳақиқатан ҳам “Инсон қадри учун” тамойилига асосланганига гувоҳ бўласиз.
Алоҳида таъкидлаш керакки, унда олдинги ҳужжатларга қараганда анча аниқ, халқаро ҳужжатлардаги каби мақсадлар берилмоқда (94 та мақсад). Ҳаракатлар стратегияси билан таққослаганда мазмун жиҳатдан яна иккита йўналиш лойиҳада эълон қилинган. Буларнинг бири маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш бўлса, иккинчиси, умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш масалалари ҳисобланади.
Энди лойиҳадаги эътиборни тортган айрим жиҳатлар ҳақида. Жумладан, маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари регламенти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Тўғри, қонун ижодкорлиги маҳаллий Кенгаш депутатларининг вазифасига кирмайди. Бироқ улар ҳақиқий аҳволдан хабардор. Шу жиҳатдан уларга қўшимча имконият берилиши қабул қилинган қонунларнинг ҳаётийлиги, халқчиллиги ва энг асосийси, қоғозда қолиб кетмай, амалда ишлашини таъминлайди.
Шу билан бирга, маҳаллий Кенгашларнинг назорат функцияларини кенгайтириш, уларни тизимлаштириш мақсадида “Халқ депутатлари Кенгашлари назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам белгиланмоқда. Бу нимани билдиради? Ахир парламент назорати тўғрисидаги қонун бор, деган фикрга келишингиз мумкин. Улар эшитувга чақиради, ҳукуматга сўров юборади. Агар ушбу қонун ишлаб чиқилса, асосий назорат қилувчи тузилма, яъни маҳаллий Кенгашларнинг имкониятлари ортади. Уларда ижро органларига сўров юбориш, эшитувини ташкил қилиш, депутатлик гуруҳлари ва доимий комиссияларнинг ваколати кенгаяди. Бир сўз билан айтганда, муаммолар қуйидан ҳал бўла бошлайди.
Адолатли ижтимоий ҳимоя
Улуғбек ВАФОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва адолатли ижтимоий сиёсат юритиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилди.
Биргина 2017 – 2020 йилларда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишларига оид Президентимизнинг ижтимоий ёрдам масалалари бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган 40 дан зиёд фармон ва қарори қабул қилинди.
Таъкидлаш лозимки, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш келгусида ҳам давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Тараққиёт стратегияси лойиҳасидаги еттита устувор йўналишдан бири сифатида адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш белгилаб берилмоқда.
Мазкур йўналишда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқиш, бунда, ижтимоий ҳимоя соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш бўйича масъул давлат органини белгилаш вазифаси белгиланмоқда.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари ушбу устувор вазифаларга мос келади. Ушбу масалаларда партиянинг сиёсий позицияси мамлакат тараққиётининг янги босқичида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини изчил оширишга кўмаклашишдир.
Партиямиз ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган меъёрий-ҳуқуқий базанинг экспертизаси шуни кўрсатдики, аҳолининг эҳтиёжманд гуруҳларини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини оширишга тўсқинлик қилувчи муаммолардан бири бу – соҳани давлат томонидан тартибга солувчи тегишли мувофиқлаштириш ваколатларига эга бўлган ягона органнинг мавжуд эмаслигидир.
Масалан, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари 10дан ортиқ вазирлик ва идоралар ваколатига киритилган. Лекин айни дамда ушбу давлат органларининг ҳеч бири аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи вазифаларни бажармайди.
Шу билан бирга, хорижий тажрибани ўрганиш кўрсатдики, Америка, Европа, МДҲнинг аксарият давлатларида эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича турли давлат ва нодавлат ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ваколатларига эга бўлган ягона орган мавжуддир. Хорижнинг ижобий тажрибасини ҳисобга олганда, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида масъул давлат органини белгилаш орқали долзарб масала ижобий ҳал этилиши мумкин.
Ишончимиз комилки, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича миллий стратегия лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ва ижтимоий ҳимоя соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш бўйича масъул давлат органининг белгиланиши мамлакатимизда адолатли ижтимоий сиёсат юритилишида мустаҳкам пойдевор бўлади.
Халқимиз орзу-мақсадларига мос дастур
Малика ҚОДИРХОНОВА,
Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси:
— Устувор йўналишларни қамраб олган стратегияда халқимиз орзу қилган эзгу мақсадлар илгари сурилган. Мазкур ҳужжатни Ўзбекистон тараққиётининг пухта ишланган, ижтимоий ҳаётимизни ҳар томонлама мантиқан юксалтиришга хизмат қиладиган, ижроси йўлида ҳар биримиз фидойилик кўрсатишимиз керак бўлган дастур, деб ҳисоблайман.
Камбағалликдан чиқаришда маҳалла институти кучайтирилаётгани, бу борада янги механизмлар қўлланаётгани, айниқса, халқ депутатлари Кенгашларининг ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилишда асосий бўғинга айлантирилиши диққатга сазовор.
Халқ депутатлари Кенгашларида ҳам доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпуси шакллантирилади. Бу орқали ҳудудий ижро органлари фаолияти устидан назорат кучайтирилади. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, турмуш даражасини ошириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва назорат қилиш бўйича уларнинг масъулияти ортади.
Ушбу мақсадни амалга ошириш биз, сенаторларга кўп томонлама боғлиқдир. Биз маҳаллий Кенгашлар воситасида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга эришамиз. Шу орқали маҳалланинг нуфузи, таъсир доираси янада кенгаяди.
Таълим тизимини такомиллаштириш келажак пойдевори
Шоҳиста ТУРҒУНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Янги Ўзбекистоннинг асосий пойдеворини яратишда таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “йўл харитаси” лойиҳасида ҳам ушбу масала устувор йўналиш сифатида ўз аксини топган.
Жумладан, мактабларни ривожлантириш Миллий дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш, шу мақсадда янги мактаблар қуриш билан бир қаторда нодавлат секторни ривожлантиришга ҳам катта аҳамият қаратилган. Нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи ташкилотларга шароит ва имкониятларни кенгайтириш орқали уларнинг улушини 2026 йилга 8 фоизга, 2022 йилда 3 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу эса, ўз навбатида давлат умумтаълим мактаблари билан хусусий миллий мактабларнинг ўртасида рақобатни ривожлантириш орқали таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатади.
Миллий ўқув дастурига асосан 2026 йилга қадар 699 номдаги, шу жумладан, 2022 йилда 296 номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китоблари ҳамда мобиль иловаларни яратиш белгиланди.
Таълим сифатини таъминлашнинг асосий субъекти, бу албатта, ўқитувчи ва мураббийлардир. Ўқитувчилар ойлик маошларини босқичма-босқич 1 000 АҚШ доллари эквивалентига етказиш, иқтидорли ўқитувчиларнинг иш ҳақларини малака тоифасига қараб табақалаштирилган ҳолда ошириб бориш, ўқитувчиларга малака тоифаларини бериш тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда малакани баҳолаш методикаси асосида адолатли ва шаффоф тизимни жорий этиш албатта, ўқитувчиларнинг билими ва малакасини халқаро даражага олиб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ўйлайманки, адолатли, рақамлаштирилган ҳолда инсон омилисиз ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш тизими фидойи ўқитувчиларга қўшимча мотивация берса, ёш педагогларимизнинг ўз устида ишлашига кўпроқ туртки вазифасини бажаради.
Халқаро ҳуқуқ меъёрлари акс этган ҳужжат
Эркин ГАДОЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси:
— “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида шакллантирилган ва халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада оширишга қаратилган Стратегия лойиҳасида инсон капиталини ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳам алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Ушбу йўналишлар доирасида 2022 йилда йиллик инфляция даражасини 9 фоизгача ва 2023 йилда 5 фоизгача ҳамда фискал тақчилликни 3 фоизгача пасайтириш чоралари кўрилиши режалаштириляпти. Кейинчалик инфляция ва давлат бюджети тақчиллиги ушбу кўрсаткичдан ошмаслиги таъминланиши, шунингдек, давлат улушига эга тижорат банкларида трансформация жараёнларини якунлаб, 2026 йил якунига қадар банк секторида хусусий улуш 60 фоизгача оширилишига эришиш вазифаси қўйилмоқда.
Яна бир муҳим имконият, яъни шароити оғир бўлган Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Деҳқонобод, Касби, Миришкор ва Нишон туманлари, Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех ва Нурота туманлари ҳамда Тошкент вилоятининг Бўка, Пискент, Оққўрғон ва Бекобод туманларида тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча қулайликлар яратилмоқда.
Умуман олганда, ҳар бир йўналишда аниқлик яққол кўзга ташланади. Шу жиҳатдан ҳам ушбу ҳужжат халқаро ҳуқуқ меъёрларига мосдир. Қайд этилган имкониятлар, лойиҳада белгиланаётган барча имтиёз ва қулайликлар ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирлар аҳоли турмуш даражасининг яхшиланишига хизмат қилади.
Партиямиз сайловолди дастури билан ҳамоҳанг
Дилбар МАМАДЖОНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:
— Тараққиёт стратегияси битта муносабат ёки бир оғиз фикр билан изоҳланадиган, таъриф бериш мумкин бўлган ҳужжат эмас. Чунки унда йўналишлар кўп, вазифалар ҳамда уларга элтувчи чора-тадбирлар бисёр.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида биринчи-тўртинчи синф ўқувчиларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул овқат билан таъминлашнинг йўлга қўйилиши ўқувчиларнинг таълим олиши, ижтимоий ҳимоясини назарда тутган бўлса, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилиши одамлар ўз ҳаётида сезадиган ўзгаришлардандир.
Маълумки, пандемия ҳолати соғлиқни сақлаш соҳасидаги айрим камчиликлар ва муаммоларимизни юзага чиқарди ва фуқароларимизнинг эътирозларига ҳам сабаб бўлди. Шундан келиб чиқиб, ҳудудларда бирламчи тиббий-санитария хизматини “бир қадам” тамойили асосида йўлга қўйиб, 105 та оилавий шифокор пункти ва 31 та оилавий поликлиникаларнинг ташкил этилиши фуқароларимизга янада қулайлик яратади. Давлат дастури лойиҳасида ушбу йилда ўқитувчилар ва шифокорларнинг ойлик иш ҳақи оширилиши назарда тутилган. Бу эса юртимизда шарафли, масъулиятли касбларнинг улуғланиши ва соҳа вакилларининг йилдан-йилга қадр топаётганидан далолат беради.
Давлат дастури лойиҳасида жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг келгусида жамиятда ўз ўрнини топишига амалий кўмаклашиш учун “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш тизими жорий қилиниши назарда тутилган. Ушбу тизим доирасида жазони ўтаб бўлган ва ўзининг аниқ лойиҳасини тақдим этиб, мустақил фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқароларга бир марталик моддий ёрдам бериш амалиёти йўлга қўйилиши белгиланган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Давлат дастурининг барча бандлари партиямиз Сайловолди дастури билан ҳамоҳангдир.
Маҳалла ижтимоий ҳимоянинг таянч бўғини
Аброр ҚУРБОНОВ,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи:
— Бугун халқимиз томонидан қизғин муҳокама қилинаётган Тараққиёт стратегияси “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат”, деган муҳим ғоя негизига асосланган. Унда партиямиз томонидан бир неча йилдан буён кўтарилаётган масалаларнинг ечимига қаратилган механизмлар белгилаб берилган.
Хусусан, партиямиз томонидан маҳаллани аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги таянч бўғинга айлантириш масаласи йил номида ҳам белгиланаётган йўл харитасида ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилиниши, уларни ўйлантираётган масалалар кўлами айнан маҳаллада яққол кўринади. Эл орасида “бизнинг ҳам кўкрагимизга шамол тегсин энди, биз ҳам яйраб яшайлик”, деган гап бежизга юрмайди. Амалга оширилаётган ислоҳотлар шамоли хонадонларда эсмаса, унда мамлакат тараққиёти ҳақида ўйлаш, ривожланишдан гапириш ноўрин бўлади. Қонунлар, қарор, дастурлар ва бошқа муҳим ҳужжатларнинг ижросини оилалар, хонадонлар, умуман олганда, ҳар бир фуқаро ўз ҳаётида сезиши зарур.
Айни шу нуқтаи назардан, Тараққиёт стратегияси лойиҳасида маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари” ва уларда яшовчи аҳолининг тадбиркорлик фаолиятидаги ихтисослашувидан келиб чиқиб, аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг учун маҳаллада бир турдаги ихтисослашувда фаолият юритаётган аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, маҳаллаларда аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнларни рақамлаштириш орқали “Ижтимоий маҳалла” тизими яратилади. Бу эса фуқароларнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги иштирокини кучайтириш ҳамда давлат органлари ва маҳаллалар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни таъминлаш имконини беради.
Партиямиз инсон шаъни, қадр-қимматини улуғлаш, эркин ва фаровон турмушни таъминлашга хизмат қиладиган Тараққиёт стратегиясини такомиллаштириш ва амалга ошириш жараёнларида фаол иштирок этади.
Янги стратегия — янги имконият
Олим РАВШАНОВ,
Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси:
— Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган қатор йўналишларда салмоқли натижаларга эришилди. Бу каби ижобий ютуқлар халқимизнинг бир тану бир жон бўлиб, юксак мақсадларни кўзлаб меҳнат қилгани самарасидир. Мамлакатимиздаги ҳозирги мавжуд ижтимоий-иқтисодий муҳит, халқимизнинг фаровон ҳаётга бўлган интилиши ва саъй-ҳаракатлари Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми бўлган Тараққиёт стратегиясини қабул қилишни тақозо этди.
Албатта, Тараққиёт стратегиясида белгиланадиган вазифалар ижросини таъминлашда асосий масъулият ижро ҳокимият органлари зиммасига тушади. Айтишимиз мумкинки, кейинги йилларда ижроия ҳокимият органларининг ваколатлари ошиб, жойларда муаммоларни ҳал этишдаги имкониятлари кенгайди. Биргина маҳаллий бюджетнинг даромадлар режасидан орттириб бажарилган қисмини мустақил тасарруф этишлари бунга яққол мисол бўла олади. Бу уларга молиявий эркинлик берилганини кўрсатади. Молиявий имконият эса маҳаллий муаммоларни ечиш имкониятини беради.
Ҳозирда фуқаро мурожаатлари билан ишлашнинг “маҳаллабай”, “хонадонбай” каби тизимлари ўз ижобий натижасини бермоқда. Маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозимининг жорий этилиши эса бу борадаги ишларни янада яхшилашга хизмат қилади. Кўриниб турибдики, ижроия ҳокимият органлари масъулларига ўз вазифаларини амалга ошириш учун барча имкониятлар яратиляпти. Энди улардан талаб этиладигани ўз ишига виждонан ёндашиш, садоқат билан хизмат қилишдир.
Инновацион ғоялар керак
Шоҳрух ЎКТАМОВ,
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси ўринбосари:
— Инсон қадри юксалган эркин фуқаролик жамияти халқпарвар давлат ҳисобланади. 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси лойиҳасида маҳалланинг “фаол” моделини жорий этиш, уни аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш ҳамда ҳудудни ривожлантириш учун зарур ресурс ва имкониятлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани айни пайтда долзарб ва аҳамиятли, деб ўйлайман. Боиси маҳалла фуқаролар йиғинида иш фаолиятини бирдек ташкил этиш борасида ҳақиқатан ҳам жавобсиз саволлар етарлича.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, “Маҳаллаларни тузиш, бирлаштириш, бўлиш ва тугатиш” талабларидан келиб чиқиб, аҳоли пунктининг географик жойлашишини ҳисобга олган ҳолда, аҳоли фикрини ўрганиш якунлари ҳамда ҳудудда яшайдиган аҳоли ва оилалар сонидан келиб чиқиб маҳаллалар тузилмасини инвентаризациядан ўтказиш керак. Негаки, маҳалла фуқаролар йиғинларининг маъмурий-ҳудудий тузилишидаги тенглик масаласи бир қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда.
Шунингдек, маҳаллалардаги турли йўналиш бўйича ташкил этилган жамоат кенгашлари фақатгина қоғозларда ҳаракатланади. Қоғоз ҳамма нарсани кўтараверади, деган талқинда ишлашга маҳаллаларда чек қўйиш лозим. Ўзини ўзи бошқариш органлари ижро ҳокимлиги тузилмаси эмас, жамоат институти сифатида шаклланиши ва такомиллашиши учун кўмаклашиш керак.
Ёшлар ва таълим ҳақида гапирмасак бўлмайди. Талабаларда ижодий изланиш, кичик тадқиқотларни амалга ошириш, муайян фаразларни илгари суриш, натижаларни асослаш, маълум хулосаларга келиш каби кўникма ва малакаларни шакллантиришга хизмат қиладиган таълим тизимини яратишда инновацион ғоялар, такрорланмас андозаларга бугун барча миллатда ҳам эхтиёж етарличадир.
Олий маълумотли мутахассислар тайёрлашнинг мақсадли параметрларини шакллантириш, олий таълим муассасаларида ўқитиш йўналишлари ва мутахассисликларини истиқболда минтақалар ва иқтисодиёт тармоқларини комплекс ривожлантириш, ҳудудий ва тармоқ дастурларининг талабларини инобатга олган ҳолда оптималлаштиришда эса минтақавий ижро ҳокимликларининг роли ва ўрнини ҳамда ҳамкорлигини кучайтириш лозим.
Таълимда талабаларнинг дарсликларни ўзлаштиришига қараб эмас, балки соҳадаги муаммони кўра олиш қобилиятига, замонавий ёндашувига, инновацион ғояларига қараб баҳолаш механизмини шакллантириш ижобий самара беради, деб ўйлайман. Ўқитувчиларнинг рейтинг баҳолаш тизими талабаларни чеклаб қўймаслиги даркор.
Саҳифаларни “Ўзбекистон овози” мухбирлари
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА, Гулруҳ ОДАШБОЕВА тайёрлади.
“Ўзбекистон овози”, 7.01.2022, №1