Янги йилга янги режалар билан

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилоят кенгашидан репортаж

Хизмат сафари билан Бухоро вилоятига йўл олдик. Кўҳна ва қадим заминга боришимиз биланоқ Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши томон отландик. Йўл-йўлакай Бухоро шаҳар кўчаларини томоша қилиб кетдик. Одамлар хурсанд, шаҳар арчалар, чироқлар билан безатилган, бозорлар гавжум.

Ана шундай кайфият билан вилоят партия кенгаши биносига кириб бордик. Фойе байрамона безатилган. Ўртада арча... Дарҳол кўтаринкилик сезилди.

 

“2021 йил фаолиятимиз янги босқичга кўтарилди”

Биринчи қаватда вилоят партия кенгаши раиси Зулфия Туйеванинг хонаси жойлашган. Биз борганимизда партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари Шоҳиста Набиева билан 2021 йилда амалга оширган ишлар, ютуқ ва камчиликлар, келгуси режалар хусусида суҳбатлашаётган экан. Бу биз учун айни муддао бўлди. Мақсадимиз ҳам йил якунлари бўйича партия тизимида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот олиш эди.

– 2021 йилда вилоят партия кенгаши, депутатлик гуруҳлари қандай натижаларга эришди?

Бу саволга партия вилоят кенгаши раиси Зулфия Туйева жавоб берди:

– Амалий ишларимиз кўп бўлди. Йил бошида худди ҳозиргидек йиғилишиб, кўплаб вазифаларни белгилаб олгандик. Шу асосида партиямиз ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари Давлат дастурлари, қонунлар ижроси, аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қатор ташаббусларни амалга оширди.

Ўтган йили сафимизга 1372 нафар киши қўшилди. Уларнинг аксарияти ёшлар. “Меҳр улашайлик”, “Муҳтожларга мурувватли бўлайлик!”, “Депутат ва ёшлар”, “Хотин-қизлар масалалари партия эътиборида”, “Ёшларга кўмак” лойиҳалари доирасида 104 дан ортиқ тадбир ўтказдик. Уларда 5875 киши қатнашди.

Вилоятдаги партия етакчиси шу сўзларни айтар экан, янги йилда ҳаётий ғояларга бой бўлган лойиҳалар, амалий ишлар режалаштирилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шу пайт хонага мафкура йўналишида минтақалар бўйича амалга оширилган ишлар маълумотларини қўлида тутганча Шоҳиста Набиева кириб келди. Биз уларни ҳам суҳбатга тортдик.

– 2021 йилда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш бўйича тажрибамиз янада ошди. Ўта расмий кайфиятда, қуруқ тадбирлар ўтказишдан воз кечдик.

Улар билан суҳбатимиз қизғин тус олди. Партиямиз фаоллари бизга тарғибот-ташвиқот воситалари бўлган услубий қўлланмалар, тадбирлардан тасвирий ва видеолавҳаларни кўрсатишди. Партиямиз тизимида амалий ишлар борлигига, йил бошида белгиланган режалар шунчаки қоғозда қолиб кетмаётганига гувоҳ бўлдик.

 

Мақсад – одамлар оғирини енгил қилиш

Хонадан чиқар эканмиз, вилоят партия кенгаши раиси ўринбосари Шоҳиста Набиева бизни Депутатлик бирлашмаларини мувофиқлаштириш ва Жамоатчилик қабулхоналари билан ишлаш бўлимига олиб борди. Бу ерда ҳам иш қизғин. Бўлим ходимлари ўтган йилни сарҳисоб қилиб, янги режаларни белгилаб олишаётган экан...

– 2021 йил партиямиз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалий ишлар, ташаббусларга бой бўлди, – дейди Депутатлик бирлашмаларини мувофиқлаштириш ва Жамоатчилик қабулхоналари билан ишлаш бўлими мудири Феруза Турсунова. – Масалан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари ташаббуси билан электорат манфаати ҳимояси, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари билан боғлиқ 50 та масала доимий комиссияларда, 55 та масала шаҳар, туман, вилоят Кенгаши сессияларига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда муҳим восита бўлиб хизмат қилаётган Жамоатчилик қабулхоналарига йил давомида 780 га яқин мурожаат бўлди. Уларнинг 80 фоизи ижобий ҳал этилди, демак, партиямизга ишониб, қабулхонага келган кўплаб инсонларнинг оғири енгил бўлди.

Айтганча, биз аҳолига янада яқинлашиш, уларни ўйлантириб келаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида сайёр қабулларни кўпроқ ташкил этишга ҳаракат қилдик. Ҳар ҳафта депутатлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ва партия фаоллари жойларга чиқиб, аҳоли мурожаатларини тинглашди. Муаммоларга ечим топишда бош-қош бўлишди. Бу тажрибани жорий йилда ҳам изчил давом эттиришни режалаштирдик. Бу йил кўпроқ вилоятнинг энг чекка ҳудудларига бормоқчимиз.

– Демак, янги йилда режалар янада улкан бўлади...

– 2022 йилга яхши кайфият, янада катта куч, янги ташаббуслар билан қадам қўйдик. Зиммамизда жиддий ва масъулиятли вазифалар турибди. Бу йилда ҳам асосий эътибор халқ билан мулоқотга қаратилади. Хонадонма-хонадон юриш, партия қошидаги Жамоатчилик қабулхоналари ишини самарали ташкил қилиш, жойларда режаграфик бўйича партия раҳбарлари ва депутатларимизнинг сайёр қабулларга чиқиши биринчи вазифа қилиб белгиланди.

Шунингдек, ёшларни касб-ҳунарли қилиш, бандлигини таъминлаш, тиббий хизматлар сифатини ошириш, эҳтиёжманд оилаларнинг камбағалликдан чиқишга интилишини кучайтириш масалаларида депутатлик назорати, депутатлик сўрови, тегишли давлат идоралари раҳбарлари ахборотларини эшитиш каби ваколатлардан самарали фойдаланишни мақсад қилганмиз.

 

Ёшлар таянчимиз ва суянчимиз

Катта мақсадлар билан 2021 йилимизга Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб ном берилган эди. “Келажакда партия етакчиси бўламан, депутат бўламан, одамлар билан елкама-елка тураман”, деган орзу-истакли ёшларни бирлаштирган партиямиз “Ёшлар қаноти” ҳам йил бошида муҳим вазифа ва режаларни белгилаган эди. Хўш, улар амалга ошдими? Ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш сектори мудири Наврўз Раҳимов бизга шу ҳақида гапириб берди:

– “Депутат ва ёшлар”, “Ёшларга кўмак” лойиҳалари асосида қишлоқларда яшовчи йигит-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланди, улар ўз имконияти ва истеъдодини намоён этишига кўмаклашилди. Партиямиз сафида бўлишга қарор қилган йигит-қизлар сони ошди, хайрихоҳларимиз кўпайди. Ҳозир вилоятимизнинг 10 300 нафар ёшлари сафимизда турибди.

Жорий йилда ҳам ёшларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтларини самарали ўтказиш бўйича бир қатор амалий лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирдик.

 

* * *

Шу куни партия фаоллари билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Биз йил давомида қилинган ишларнинг учқунлари ҳақида суҳбатлашганимизни яхши билардик. Энг муҳими, ўтган йилга назар ташлаганда кўнгил тўлиб, вазифалар қоғозда қолиб кетмаслигида... Янги йилдан кутилаётган натижа ҳам, шунга яраша режалар ҳам баланд.

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 7.01.2022, №1

 

 

Теглар

Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш