Ижтимоий ҳимоялаш тизими такомиллаштирилади

 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва адолатли ижтимоий сиёсат юритиш борасида ўтган даврда жуда катта ишлар амалга оширилди. Хусусан, биргина 2017 – 2020 йилларда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишларига оид Президентимизнинг ижтимоий ёрдам масалалари бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган 40 дан зиёд фармон ва қарори қабул қилинди.

Мазкур ҳужжатлар асосида адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, жумладан ногиронлар жамоат бирлашмаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш, бандликни таъминлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларида кам таъминланган аҳоли қатламларига арзон турар жойлар қуриш орқали уларнинг яшаш шароитлари яхшиланди.

Таъкидлаш лозимки, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш келгусида ҳам давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларида бири бўлиб қолади.

Хабарингиз бор, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси қўйилди. Фармонда Тараққиёт стратегиясининг еттита устувор йўналишдан бири сифатида адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш белгилаб берилмоқда.

Мазкур йўналишда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқиш, бунда, ижтимоий ҳимоя соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш бўйича масъул давлат органини белгилаш вазифаси белгиланмоқда.

Қайд этиш керак, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари ушбу устувор вазифаларга мос келади. Ушбу масалаларда партиянинг сиёсий позицияси мамлакат тараққиётининг янги босқичида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини изчил оширишга кўмаклашишдан иборат.

Партиянинг дастурий устувор вазифаларини амалга ошириш мақсадида унинг парламент фракцияси томонидан тегишли эксперт гуруҳлари ташкил этилди. Жумладан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича миллий стратегия лойиҳасига таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган меъёрий-ҳуқуқий базани экспертизаси шуни кўрсатдики, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини оширишга тўсқинлик қилувчи муаммолардан бири – бу ушбу соҳани давлат томонидан тартибга солувчи ва бу борада тегишли мувофиқлаштириш ваколатларига эга бўлган ягона органнинг мавжуд эмаслигидир. Масалан, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари 10 дан ортиқ вазирлик ва идоралар ваколатига киритилган. Лекин, айни дамда уларнинг ҳеч бири аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи вазифаларни бажармайди.

Шу билан бирга, хорижий тажрибани ўрганишлари кўрсатдики, Америка, Европа, МДҲнинг аксарият давлатларида эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича турли давлат ва нодавлат ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ваколатларига эга бўлган ягона органнинг мавжуд. Хориж тажрибасини ҳисобга олганда, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасида масъул давлат органини белгилаш орқали долзарб масала ижобий ҳал этилиши мумкин.

Ишончимиз комилки, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича миллий стратегия лойиҳасини ишлаб чиқилиши ва ижтимоий ҳимоя соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш бўйича масъул давлат органини белгиланиши – мамлакатимизда адолатли ижтимоий сиёсат юритилишида мустаҳкам пойдевор бўлади.

 

Улуғбек ВАФОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш